Рост24 Вазирлик ва идоралар қисқаргани, уларга ажратилиши кўзланган маблағ энди нима бўлиши ҳақида саволни аввалроқ берган эди. Афсуски, ҳужжат тасдиқланди жамоатчилик муҳокамаси эса эътиборга ҳам олингани йўқ. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бюджет маблағлари тақсимотини яна бошқатдан, қайта кўриб чиқмади. Бу даврда эса Бюджет лойиҳасига эътироз қилмоқчи бўлган, лекин сўз берилмаган депутат Кушербоев ўз мандатини топширди. Биз жўяли жавоб бўлмагунча мавзуга қайтаверамиз.
Журналист Ҳулкар Абдуллаеванинг кузатувларига кўра бу кечикиш биринчи маротаба эмас:
«2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат Бюджети тўғрисидаги қонун» бу сафар ҳам кечикиб қабул қилинди. Бюджет ҳақидаги кодексдаги муддатлари бу сафар ҳам ўзгариб кетди.
Қизиқарли жиҳат шундаки, келгуси йил учун қабул қилинган қонун тўрт йилда фақат бир марта, ўз муддатида бажарилган. Бу 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонуни эди. Кейинги уч йилда эса қонунни қабул қилиш борасидаги муддатлар ўзгариб, ўз муддатларидан кечикиб кетган.
Қонун қабул қилинган давр учун | Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган вақт | Сенат томонидан маъқулланган | Президент томонидан тасдиқланган |
---|---|---|---|
2020 йил учун ЎРҚ-589-сон | 2019 йил 21 ноябрда қабул қилинган | 2019 йил 30 ноябрда маъқулланган | 2019 йил 9 декабрь |
2021 йил учун ЎРҚ-657-сон | 2020 йил 1 декабрда қабул қилинган | 2020 йил 18 декабрда маъқулланган | 2020 йил 30 декабрь |
2022 йил учун ЎРҚ-742-сон | 2021 йил 26 ноябрда қабул қилинган | 2021 йил 15 декабрда маъқулланган | 2021 йил 30 декабрь |
2023 йил учун ЎРҚ-813 | 2022 йил 22 декабрда қабул қилинган | 2022 йилда 27 декабрда маъқулланган | 2022 йил 31 декабрь |
Ваҳоланки, 2023 йил учун Қозоғистонда шу каби қонун ҳужжати Қозоғистон президенти томонидан 2022 йилнинг 1 декабрида, Россияда Россия Президенти томонидан 5 декабрда, Тожикистон Республикасида Тожикистон Президенти томонидан 7 декабрь куни тасдиқланган.
Меъёрий ҳужжатларга кўра, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилингунга қадар бир қанча босқичларни босиб ўтиши ва ўз муддатлари доирасида қабул қилиниши лозим. Унга кўра, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан 15 октябрдан 15 ноябргача, яъни бир ой муддатда кўриб чиқилиши ва уни 20 ноябргача тақдим этилиши керак. Сенат эса мазкур қонунни 15 декабрга қадар маъқуллаши лозим. Таассуфки, Бюджет кодексида белгилаб қўйилган параметрларнинг муддатларига ўтган йилда умуман амал қилинмади, қонун ўз муддатидан кечикиб кетди.
Яъни, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 97-моддасига кўра, яъни Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ва бюджетномани киритиш тартиби бўйича:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан киритилади.
Бюджетнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ҳам, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай киритилади.» деб ёзиб қўйилган. Аммо Молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат бюджети тақчиллигининг чекланган миқдорини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини 25 октябрь куни Қонунчилик палатасига киритганини ва «Биз олти ой якунлари бўйича бюджет тақчиллигини кўпайтириш бўйича мурожаат қилсак керак, деб айтгандик. Шу гапимизни ҳозир ҳам такрорлаймиз. Бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 4 фоизини ташкил этади, деган ҳисоб-китобимиз бор. Кеча 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига жўнатдик. Мен узр сўрайман, бу йил ҳақиқатан ҳам кечикиб кетяпмиз» деб айтиб ўтади. Унинг сўзларига кўра, 2023 йилги давлат бюджетини ишлаб чиқишда инобатга олинадиган макроиқтисодий ёндашувлар ва 2023 йилги иқтисодий прогнозлар устидаги ишлар 90 фоизга якунланган эди. Бу ҳақда у 25 октябрь куни маълумот берган. Ҳолбуки, бюджет кодексига мувофиқ, Бюджет лойиҳаси бу даврда тўлиқ якунланиб, 15 октябрдан 15 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилиши керак. Бюджет лойиҳасини кўриб чиқиш кечикиб бораётганлиги ҳақида блогерларнинг каналларида, жумладан davletov.uz, Отабек Бакировнинг телеграм каналларида бир қанча постлар ҳаттоки, «Чўзилиш халқ фойдасига бўлса, кутиш мумкин» деган мазмундаги таҳлилий материаллар ҳам берилган эди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексида “Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси, ўрта муддатли давр учун фискал стратегия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига юборилишидан олдин мажбурий равишда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри жамоатчилик муҳокамаси учун параллель равишда эълон қилинади.” деб белгилаб қўйилган. Шундай бўлсада, кейинги йилги бюджет лойиҳасида ушбу модда эътиборга олинмай, четлаб ўтилди, ҳужжат жамоатчиликка тақдим этилмади. Бу ҳақда «Газета.уз» сайти ҳам бир неча бор таъкидланди.
Кейинроқ эса, давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига жуда кеч тақдим этилгани, депутатларнинг уни тўлақонли кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш учун жуда оз муддат берилгани жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаев «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳақида: «Бу сафарги бюджет муҳокамаларида иштирок этмадим. Катта ҳажмдаги лойиҳани ўқишга ҳам етарли вақт берилмади. 1-ўқишда ялпида сўз сўрасам, зам спикер У. Иноятов очиқчасига сўз бермади. Сўнг мажлисдан чиқиб кетдим ва кирмадим. Депутатларни оғзини ёпадиган замларни боридан йўғи яхши», — деб ёзди у ўзининг Twitter саҳифасида, кейинроқ бу ҳақдаги батафсил видео ҳам эълон қилинди.
Шу йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикасидаги маъмурий ислоҳотлар амалга оширилиши маълум қилинди. 26 декабрь куни, мамлакатдаги чуқур ислоҳотлар туфайли бюджет лойиҳаси яна ўзгариши маълум қилинди. Бу бўйича Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков:
-Энди шаклланган тизим бўйича бюджет харажатлари ўзгаради, тез орада қайта киритилган ўзгаришлар бўйича лойиҳа тақдим этилади, деб изоҳ билдирди. Шунингдек у, маъмурий ислоҳотлар туфайли, дастлабки ҳисобларга кўра давлат бюджетининг 2.8 триллион сўм маблағлари тежалишини маълум қилди.
Аммо маъмурий ислоҳотлар ва ўзгаришларга қарамасдан, 27 декабрь куни «2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат Бюджети тўғрисидаги қонун» Олий мажлис сенати томонидан маъқулланди. 31 декабрда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқлаб юборилди. Ушбу қонун 1 январдан кучга кирди.
Ислоҳотлар туфайли тежалиши кўзда тутилган маблағлар масаласи эса очиқ қолди... Жумладан, қисқарган вазирликлар ва идораларга ажратилган маблағлар ўз кучини йўқотмади. Уларнинг қисқаришидан тежалиши мумкин бўлган маблағлар қаерга сарфланиши ҳозирча номаълум.
Биз бюджет билан боғлиқ жараёнларни кузатишда давом этамиз.
Ҳулкар Абдуллаева