Эволюцион ротация: Ҳукуматда ким, қаердан, қаёққа ўтди?

31.12.2022 02:03

30 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан Вазирлар Маҳкамаси аъзолари — вазирликка кўрсатилган 13 нафар номзодлар маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан улар ушбу лавозимларига тасдиқланди.

Амалдаги қонун ҳужжатларига биноан, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди аввало Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланади. Ундан кейин Бош вазир тақдимномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Қизиқ томони шундаки, Олий Мажлис томонидан расмий каналида номзодлар кўриб чиқилгани ва маъқуллангани ҳақидаги хабарларни 18:07 дан бошлаб бера бошлади.

Бу вақтда эса Президентнинг тайинловлар ҳақидаги қарори тафсилотлари аллақачон чиқиб бўлганди. Ҳукумат ичидаги инсайдерлар эса ўз улушлари ёки манфаатлари бор ОАВга Олий Мажлис шубҳасиз тасдиқлайдиган номзодларни ошкор этиб бўлишди. «Айтишларича», деб бериладиган ўзбек блогосфрерасининг тахминлари тўлалигича тасдиғини топди.

Демак, тайинловларга ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятида 7 ўринбосардан тўрт нафари ўз лавозимини сақлаб қолди.

   Оптималлаштиришдан аввал Бош вазир Абдулла Ариповнинг етти нафар ўринбосари бор эди. Янги таркибда Очилбай Раматов, Жамшид Қўчкаров (собиқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири), Жамшид Хўжаев (собиқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазири), Зулайхо Махкамова(собиқ Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси) қолишган, лекин улар янги тартибга биноан вазирлик мақомини йўқотишган. 

Уч нафар бош вазир ўринбосарлари штати эса қисқартирилди. Яъни Шуҳрат Ғаниев, Азиз Абдуҳакимов ва Жўрабек Мирзамахмудов энди Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти таркибида йўқ. Шуҳрат Ғаниев фамилиясини ҳозирча умуман ҳукумат таркибидаги лавозимларда учратмадик. Абдуҳакимов ва Мирзамахмудов эса вазирлик мақомини қўлдан бой беришмади.

  Янги, эски вазирлар:

Қисқартиришлар тўлқинидан саккиз нафар амалдаги вазирлар ўз лавозимида қолган ҳолда, «Эсон-омон» ўтиб олишди. Кимлардир кетди, кимлардир бошқа вазирликка «кўчиб» ўтди.

Вазирлиги ҳам лавозими ҳам ўзгармаган вазирлар:

Акбар Тошқулов – Адлия вазири

Илҳом Маҳкамов — Транспорт вазири,

Пўлат Бобожонов — Ички ишлар вазири

Жўрабек Мирзамахмудов  - Энергетика вазири

Баҳодир Қурбонов — Мудофаа вазири

Шавкат Ҳамроев — Сув хўжалиги вазири

Қўлдошев Абдулла — Фавқулодда вазиятлар вазири

Азиз Воитов - Қишлоқ хўжалиги вазири

Бу рўйхатга Шерзод Шерматовни ҳам киритиш мумкин. Унинг раҳбарлигидаги вазирлик эндиликда Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирлиги деб номланади, лекин  у Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги негизида ташкил этилди. Яъни фақат ташкилотнинг номи ўзгарди.

Ваколат доираси кенгайган амалдаги вазирлар

Айрим вазирлар лавозимларини сақлаб қолиш баробарида, ўзлари раҳбарлик қилаётган тизим кенгайгани сабабли қўшимча ваколатларга эга бўлишди.

 Аввалги қурилиш вазири - Ботир Зокиров энди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири лавозимига;

-  Халқ артисти, маданият вазири Озодбек Назарбеков энди маданият ва туризм вазири лавозимига;

-  Спортни ривожлантириш вазири Адхам Икрамов Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири лавозимига;

- Инновацион ривожланиш вазири, олим Иброхим Абдураҳмонов Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимига тайинланди ва ўз соҳаларига қўшимча равишда бошқа тармоқларни мувофиқлаштириш вазифасини зиммаларига олишди.

Бир йўналишдан бошқа йўналишга ўтганлар

Собиқ туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдухакимов энди ўз учун бутунлай янги йўналиш Ўзбекистон Республикаси табиат ресурслари вазири лавозимига тайинланди.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев эса, 20 га яқин боланинг ўлими билан боғлиқ Док-1 Макс дори воситаси туфайли юзага келган вазият фонида танқидларга қолаётган тизимда фаолиятини якунлаб, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига ўтди.

Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У ҳам кўпчилик раҳбарлар қатори Тошкент Давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Саидов шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳакамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг бир қатор давлатлардаги элчиси лавозимларида фаолият юритган.

 «Янги» вазирлар

Бу вазирлар аввал ҳам вазирлик даражасига тенг бўлган лавозимларда, хусусан, қўмита ёки агентлик раҳбари, баъзилари эса вазир ўринбосари сифатида ишлаб келишган. Энди улар вазир лавозимига тайинланди.

Энг яхши лавозимлардан бири Давлат солиқ қўмитаси раҳбари сифатида ишлаб келган  Шерзод Кудбиевга насиб этди. У Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири лавозимига тасдиқланди.

Эътиборли жиҳати шундаки, бу вазирликка жуда катта тизим йўналишлари бириктирилган:

Молия вазирлиги;

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг иқтисодий тараққиёт қисми;

янги Ғазначилик хизмати қўмитаси;

Давлат захираларини бошқариш қўмитаси;

Давлат солиқ қўмитаси;

Давлат божхона қўмитаси;

Давлат кадастр агентлиги;

шунингдек, Суғурта бозорини ривожлантириш агентлиги ва Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг вазифалари ўтмоқда.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири лавозимига тайинланган Лазиз Қудратов ҳам соҳага бегона эмас. У 2017 йил июнида Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган, 2019 йил январида қўмита Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сифатида қайта ташкил этилгач, вазир ўринбосари лавозимида ишлай бошлаган. 2019 йил октябрида инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири лавозимига тасдиқланган Бобир Исламов апрель ойидан буён бош вазир маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган эди. У 2017 йилда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси сифатида иш бошлаган.

 Собиқ президент таълим муассасалари агентлиги директори Хилола Умарова энди Ўзбекистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири сифатида фаолият олиб боради. У энг ёш вазирлардан бири. Таржимаи ҳолидаги эътиборли жиҳатлардан бири унинг Германияда туғилганидир. Мутахассислиги - ташқи иқтисодий фаолият. Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети бош менежери, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб директори сифатида фаолият олиб борган.

Янги Соғлиқни сақлаш вазири Тиббиёт фанлари доктори, профессор. Яъни соҳани энг қуйи бўлимларидан юқори мансабларгача кўтарилган, тизимдан яхши хабардор амалдорлардан.  У 2020 йил июлида Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланган. 2020 йил 3 ноябрдан буён соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган эди.

 Шунингдек, қатор қўмита раҳбарлари ва вазир ўринбосарлари ҳам тайинланди.           

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
6
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар