Ижро ҳокимиятидаги қисқартириш ва оптималлаштириш сабаб, бир нечта вазирликлар бирлашди. Бироқ, вазифаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари алоҳидалигича қолмоқда.
— Бу икки вазирликнинг бирлашмаслигига сабаб уларнинг сиёсий фигура сифатида кимларгадир яқин эканлигини англатмайдими?
— Бошқа бирлашаётган вазирликларга нисбатан таркибан айнан бир хил бўлган ана шу икки вазирлик энг биринчилар қаторида бирлашиши керак эмасмиди?
Кеча, Ахборот ва оммавий коммуникация агентлигида ўтган матбуот анжуманида rost24.uz мухбири Адлия вазиридан айнан шу саволга жавоб олишга уринди.
Адлия вазири Акбар Тошқулов, шахслар бу ерда муҳим роль ўйнамаганини билдирар экан, ислоҳотлар қисқартиришлар давом этажагини айтди.
«Ислоҳотлар бир мартада бўладиган иш эмас, доимий давом этади. Масалан, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирлигини айтяпсиз, маълум бир босқичдан кейин бу вазирликлар қўшилиши мумкин. Ёки яна бошқа вазирликлар қўшилиб, ихчамлашиши мумкин. Ўзини ҳисоб-китобидан келиб чиқиб, масалан, қишлоқ хўжалигини бизни мамлакатимиздаги аҳамиятидан келиб чиқиб улар бирлашиши мумкин. Ветеренария, ипакчилик ҳаммаси ҳам қишлоқ хўжалигига кирмоқда, лекин ирригация тизимининг ҳам қишлоқ хўжалигидаги ўрни катта. Ҳеч ким қўшилиб кетмайди, дея олмайди. Эртага, маълум бир муддат ўтиб, дастурлар у ердаги механизмлардан келиб чиқиб қўшилиши мумкин. Шунинг учун шахсий манфаат, дейиш хато бўлади», деди вазир Тошқулов.
Шунингдек, матбуот анжумани давомида Адлия вазири Тошқулов бу ислоҳотлар бирданига вужудга келмагани, бу ишлар кўп йиллик тадқиқот ва ўрганишлар натижаси эканлигини билдирган.