Адлия вазири қисқартириш фақат Вазирлар Маҳкамасига эмас, Президент Администрациясига ҳам дахлдор бўлишини айтмоқда. Лекин у аниқ рақамлар ва кимларни ўрни қисқариши ҳақида аниқ жавоб бергани йўқ.
Rost24.uz ҳукуматда қисқартиришлар олиб бориш кераклиги, хусусан Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Администрациясининг ўхшаш функциялари ҳақида қатор материаллар берган. Янги ислоҳотлар рўйхатида, Вазирлар Маҳкамаси ва унга тегишли ташкилотлардаги қисқартиришлар акс этган, бироқ Президент аАдминистрацияси тизимидаги қисқаришлар ҳақида айтилгани йўқ.
28 декабрь куни АОКАда маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича Президент фармони ва қарори мазмун-моҳияти бўйича қатор вазирлик, идора ходимлари билан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳам қатнашиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берди. Ушбу учрашувда иштирок этган Rost24.uz мухбири «Барча вазирлик, идоралар қисқартирилаётган бир вақтда, Президент Администрацияси ҳам қисқартириладими?» деган савол билан вазирга юзланди.
Адлия вазири Акбар Тошқуловнинг айтишича, ҳукуматдаги ўзгаришлар Президент Администрациясини ҳам четлаб ўтмайди. Унинг таъкидлашича, Конституцияга ўзгартириш киритилиши билан бу масалада ҳам ўзгариш бўлади.
«Конституцияга ўзгартириш киритиляпти. Конституцияда ҳам, бутун давлатчилик тизимида ҳам маълум бир ислоҳотлар бор. 3 та ҳокимиятни оладиган бўлсак: мана, ижро ҳокимиятида аниқ ислоҳотлар бўляпти, бу парламентга ҳам, администрацияга ҳам таъсирини ўтказади. Ўз навбатида, суд ҳокимиятида ҳам мана шундай ислоҳот кетяпти. Биз фақат ижро ҳокимиятидаги ислоҳотларни кўриб, бошқа ҳокимият тизимида бундай бўлмайди, дейишимиз хато. Ҳозир муҳокама қилаётган фармонимиз ҳам айнан ижро ҳокимиятига тегишли алоҳида масала, шунинг учун бу ҳам алоҳида кўрилади.
Вазирлар Маҳкамаси ўзгарди, ҳукумат ўзгарди, ундан кейин «тепаси» ҳам ўзгариши керакку. Йўналишлар бўйича администрацияда ҳам бўлимлар бор эди, ўша механизм ўзгарганидан кейин, «тепа» ҳам ўзгариши ўз-ўзидан аён бўлади», деди адлия вазири.
Шунингдек, Тошқулов Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари қўшиб юборилиши мумкинлигини айтди: «Ислоҳотлар бир мартада бўладиган иш эмас, доимий давом этади. Масалан, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирлигини айтяпсиз, маълум бир босқичдан кейин бу вазирликлар қўшилиши мумкин. Ёки яна бошқа вазирликлар қўшилиб, ихчамлашиши мумкин».
Маълумот учун: Президент фармонига кўра 2023 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг таркибида 21 та вазирлик бўлади. Аввалроқ, молия вазири ўринбосари Одилбек Исаков қисқаришдан олдин фаолият олиб борган муассасалар сабабли ҳар йили бюджетдан 3 триллионга яқин маблағ сарфлангани ҳақида маълумот берган эди.