Док-1 Макс сабабли ҳалок бўлган болалар сони 18 нафарга етди, Омбудсман ва ССВ нима демоқда?
СВВ талқинича ота оналар масъулиятсизлик қилган ва дорини нотўғри қўллаган. Масъулларга интизомий чора қўлланди, дейишмоқда. Болалар ўлимидан кейингина аниқланган заҳарли моддаси бор дори воситасини Ўзбекистонга кириб келишига йўл қўйганлар фаолияти ҳам текшириладими?
Текширув жараёнида мамлакатимизда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида Док-1 Макс сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланди.
Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) хабар бермоқда.
Аввалроқ, Док-1МАКС препарати сабаб 15 нафар бола вафот этгани хабар қилинган, ССВ ушбу хабарни тасдиқлаб, ҳозирда текширув ишлари олиб борилаётганини маълум қилган эди.
24 декабрь куни бир қатор мутасадди ташкилотлар иштирокида ҳолат бўйича ўрганиш ўтказилган.
Маълум бўлишича, бу ҳолат сентябрь ойида бошланган. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар.
Беморларнинг барчасида шамоллаш аломатлари бўлган ва даволаш мақсадида Док-1МАКС препарати қабул қилишганлигидан сўнг аҳволи оғирлашган.
Док-1МАКС препаратининг ҳар 10 млда паратсетамол — 500 мг, гвайфенезин — 200 мг, фенилефрина гидрохлорид — 10 мг мавжуд. Мутахассислар Док-1МАКС препарати қўлланилиши кўрсатмасида препаратни 2 ёшдан қўллаш мумкинлиги кўрсатилганлиги, лекин шундай таркибли бошқа компаниялар препаратлари асосан 12 ёшдан кейин қўллашга рухсат берилганлигини таъкидлашган.
Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи ўз ўрганишларини давом эттирмоқда. Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳар бир ўлим ҳолати бўйича суриштирув-тергов олиб бормоқда, дейилади Омбудсман хабарида.
ССВдагилар эса, препарат ота-оналар томонидан нотўғри қўлланганини айтмоқда.
Қайд этилишича, барча 21 нафар болаларнинг ота-оналари препаратни нотўғри қўллаган, уларга ҳеч бир врач бу препаратни ёзиб бермаган.
«Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда паратсетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган», дейилади вазирлик хабарида.
ССВ ҳар бир дори сериялари текширилиб, уларга мувофиқлик сертификати берилганини ва ушбу препарат “Quramax Medical” МЧЖ томонидан импорт қилингани маълум қила туриб, олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишларда заҳарли модда аниқланганини маълум қилган.
“ Док-1 Макс сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлигини ҳам кўрсатди. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради», дейилган унда.
Саволлар туғилади? Нима сабабдан бу каби таҳлиллар дори воситасига руҳсат берилган вақтда эмас, болалар ўлими қайд этиб бўлингандан кейин берилмоқда? Бу таҳлиллар жиддийроқ доирада, яъни дори воситаларини юртимизга киритувчилар доирасида ҳам текширувлар ўтказишга асос бўла олмайдими?
Вазирлик, ўз хабарида ота оналарни беэътиборлигини алоҳида қайд этди ва бу ҳолатга алоҳида тушунтиришлар берган:
- Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга, 2-7 кун давомида, кунига 3-4 маҳал 2,5-5 миллилитргача қабул қилган. Табиийки, бу болага меъёридан анча ортиқ миқдор ҳисобланади.
Барча болаларга препарат шифокорлар рецептисиз берилган. Дори воситаси таркибидаги асосий модда паратсетамол бўлгани учун Док-1 Макс сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.
Ваҳоланки, парацетамол фақат тана ҳарорати 38-38,5 даражадан юқори бўлгандагина кунига 1 ёки 2 марта 1 ёшгача болага 100-125 миллиграмм, 1 ёшдан 3 ёшгача 200 миллиграмм, 3 ёшдан 5 ёшгача болаларга эса 250 миллиграмм дозада берилиши керак. Тана ҳарорати меъёрида бўлганда ушбу дори воситасини истеъмол қилиш қатъиян ман этилади.
«Оммавий болалар ўлими ортидан «хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилди», дейилган хабарда.
Лекин айнан қайси мутасаддилар жазоланганига аниқлик киритилмаган.
Вазирлик ўз маълумотида шунингдек, ота-оналардан фарзандлари саломатлигига бефарқ бўлмасликларини, дорихоналардан фақат шифокор рецепти билангина дори воситаларини харид қилишларини сўраган.