Европа синовлари Ўзбекистон экспорт маҳсулотларини заҳарли эканлигини кўрсатди

07.12.2022 11:45

Ўзбекистон экспорт соҳасида нима учун асосан Қозоғистон каби яқин қўшнилар ёки Россия бозори билан чекланиб қолади. Миллий экспортчиларнинг мева ва сабзавотлари Европа стандартларига қанчалик жавоб беради? Шу каби саволларга Тошкентда бўлиб ўтган «Ўзбекистонда аграр-озиқ овқат секторида иқлим ўзгариши: таҳдидлар ва имкониятлар. Барқарор муҳитни яратиш тадбирлари» мавзусидаги амалий йиғилиш давомида мутахассислардан жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европага экспорт қилишда уларнинг сифати қанчалик талабга жавоб беради?

- Нафақат Европа Иттифоқига, балки бошқа мамлакатларга ҳам мева ва сабзавот экспортидаги энг катта ўсишни кўряпмиз. Аммо бу маҳсулотларнинг сифатини ҳам кўриб турибмиз. Пестицидлар бўйича Европа синови уларнинг заҳарли эканлигини кўрсатган. Экспорт маҳсулотлар синовларда муваффақиятсизликка учраса, улар қабул қилинмайди. Шу сабабли биз сифатни яхшилаш устида кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак. Албатта, кафолатланган тарзда. Бундан ташқари, бу давлат учун катта харажат ҳамдир. Биз озиқ-овқат хавфсизлиги тизимларини синовдан ўтказишимиз керак. Менимча, биз бу орқали муҳим муваффақиятларга эришишимиз мумкин. Синовлар ўтказиш борасида, афсуски, ҳозирги пайтда катта бўшлиқ бор. Ҳатто ўғитларнинг қўлланилиши ҳам баъзида якуний муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, биз, марказда, ушбу синов ускуналарини яхшилашимиз керак. Техника сифатини ошириш фермерларга ва бутун саноатга ёрдам бериши мумкин. Менимча, айрим тадқиқот институтларига инвестициялар устуворлиги таъминлаш керак, Эҳтимол, халқаро миқёсда ортиб борилаётган сифат стандартлари ҳақида хабардорлик пастдир. Лекин энди биз кўпроқ халқаро стандартлар билан ишлаб, халқаро савдода иштирок этишимиз керак. бу талаблар лаборатория синовларининг даражасини ошириш учун ишлаши керак, - дейди Европа Иттифоқ АСК дастури раҳбари Адриан Нил.

 

Экспорт соҳасида Қозоғистон каби яқин қўшниларга ёки Россияга кўп маҳсулот экспорт қиламиз. Нега Европага кам маҳсулот экспорт қиламиз? 

Шу мазмундаги саволга Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Тўраев қуйидагича жавоб берди:

- Чунки биз тарихан Россияга ўрганиб қолганмиз. Ҳозирги кундаги мақсадимиз эса бой давлатларга экспорт қилиш. Мисол учун Норвегия, Дания, Швеция, Финляндияга, чунки бу давлатлар яхши нарх тўлайди. Фақат бизни маҳсулотимизни сифати яхши бўлса. Уларнинг маҳсулотга бўлган талаби эса биз учун муаммо. Ўша муаммоларни ечсак Европага чиқишимиз мумкин. Европага қанча маҳсулот экспорт қилишимизни аниқ айтолмайман. Мана масалан қора узум, майиз жудаям экспортбоп нарса, миллион тонна чиқарсак ҳам тарқаб кетади. Лекин ўшани бир хил қилиб, керак бўлган қоғозларни қила олмаяпмиз. Шуни қила олсак майиз билан Европани эгаллашимиз мумкин.

Маҳсулотларни сақлаш жараёни қандай бўлади?

Ўзбекистонда охирги 5 йилда бундай сақлаш омборлари кўпайди. Агрологистика деймиз бу соҳани, кўпчилиги бўш ҳам турибди. Уни ривожлантириш бўйича вазирликни дастури ҳам бор. Уларга жуда кўп маблағлар ажратилмаяпти. Кейинчалик бу совуқхоналар барча вилоятларда бўлади.

Маълумот учун: Давлат статистика қўмитаси ҳисоб китобларига кўра, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)ларининг умумий ҳажми 248,6 трлн. сўмни ёки 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 % га ошган.

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон 760,2 млн. АҚШ долларлик мева ва сабзавотлар экспорт қилган. Жорий йилнинг 9 ойида энг кўп мева ва сабзавот маҳсулотларини экспорт қилган давлатлари рўйхатида Қозоғистон (517,4 минг тонна),  Россия (380 минг тонна) ва Қирғизистон (121 минг тонна) етакчилик қилади. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар