Ҳар йили Ўзбекистон шаҳарларида миллионлаб дарахтлар экилади. Турли лойиҳалар, дастурлар, шанбаликларда экилган дарахтлар кўкариб кетганда бугун ям-яшил ўлкада яшаётган бўлар эдик. Расмийлар бир бирига зид маълумотлар бераверишади. Дарахтлар эса негадир кўпаймай, камайиб бораётгандек…
2021 йил август ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтда яшил ҳудудлар улуши 26,4 фоизни ташкил этиб, пойтахтда яшовчи ҳар бир одамга 36 кв. метрдан яшил майдон тўғри келмоқда, дея маълум қилган бўлса, орадан уч ой ҳам ўтмай ташкил этилган брифингда Бош прокуратура вакили «Ҳудудларда 30 фоизни ташкил этиши лозим бўлган яшил майдонлар 3-4 баробарга қисқаргани, бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 9 фоиз эканлигини маълум қилган.
Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.
Ҳозирда кўп тарғиб этилаётган «Яшил макон» лойиҳаси доирасида ҳам ҳар йили 200 млн дарахт экиш режалаштирилган.
Доим шунча дарахт экилди дея ҳисоботлар бериладию, уларнинг қанчаси қуриб қолганлиги ҳақида маълумот берилмайди. Ёки дарахтларнинг кейинги тақдири ҳеч кимга қизиқ эмасми?
Rost24.uz мухбири Ўрмон хўжалиги мутасаддиларидан бу ҳақида сўради.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ғолибжон Қурбоновбу саволга жавобан:
- «Ҳозирги кунда жамоатчиликда жуда кўп эътироз бўляпти. 200 млн дона кўчат экилганда, уларнинг 6 млн донаси қуриб кетган. Аслида кўчатларни экилишида бизни ўрмончиликда 80 фоиз ва ундан юқори бўлганда яхши ўсган бўлади. Чунки бизда иқлим ўзгариши, сувсизлик масаласи бор. Бизда ўтган йилларда буни назорат тизими йўқ эди. Бу йилдан бошлаб электрон платформа орқали назорат қилиняпти. Бу бўйича вилоят ҳокимларининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари бошчилигида ҳамда экология қўмитасида ҳам штаб ташкил қилинган. Қуритилган ёки қуритишга йўл қўяётган мутасадди раҳбарларга нисбатан чоралар ҳам кўриляпти. Энг асосийси экологик мадaниятни ҳам шакллантириб олишимиз керак», дея жавоб берди.
Маълумот учун: 2 декабрь куни «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, йилига 200 миллион кўчат экиш ва кўчатларнинг умумий сонини 1 миллиарддан ошириш орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни 30 фоиздан ортиқроққа кенгайтириш, республика ўрмон фонди захиралари кўрсаткичини 90 миллион куб метрдан ортиқроққа етказиш кабилар мақсад қилинган.