Тошкент жуда катта анжуманларга миллиардлар сарфлаб, мезбонлик қилади. Марказий кўчаларини ҳар ойда ободонлаштириб, катталар ўтадиган йўлларни мақтанишга арзирли қилиб безатишади. Байроқлар илишади, гуллар экишади, гўёки бу шаҳарда ҳамма тенг яшайди, ҳаммага имконият, ҳаммага шароит яратиб бераяпмиз, дегандек туюлади. Лекин оддий одамлар яшайдиган маҳаллалар оралаганда ҳақиқий турмуш, ҳақиқий ҳаёт қандай эканига дуч кела бошлайсиз.
«Бу ёлғон, бизда ҳаммаси зўр», демоқчимисиз, унда Чилонзор туманида ана шундай маҳаллалардан бири бор, шунчаки бориб кўринг. Унда кўзи ожизлар ётоқхонаси жойлашган. Бу инсонлар билан суҳбатлашинг, сизга бундай яшаш, бу ҳаёт қандай эканини сўзлаб беришади.
***
Тошкент пиёдалар учун ноқулай шаҳарга айланган. Тушунарсиз йўлчироқлар, пиёдалар ўтиш йўлини менсимайдиган юқори тезликда ҳаракатланадиган ҳайдовчилар, тиғиз вақтда лиммо-лим тўлган транспорт...
Булар муаммоларнинг барчаси эмас. Айниқса, имконияти чекланганлар учун шаҳарда ҳаракатланиш жуда катта қийинчилик туғдиради.
Пандуссиз зиналар, аравача билан транспортга чиқиш муаммолари, йўллардан ўтишда бирон ёрдам берувчи мосламаларнинг йўқлиги, усти очиқ ариқлар имконияти чекланган кишилар учун кимнингдир ёрдамига муҳтожлик эҳтиёжини юзага келтиради.
Ҳамма учун қулай йўл ва шаҳарлар қуриш орзусидаги болакай
Қаҳрамонимиз Умаржон 6 ёшда. У ота онаси ва сингиллари билан кўзи ожизлар ётоқхонасида яшайди. Умаржон кейинги йил 77 сонли ихтисослаштирилган махсус мактабнинг 1 синфига чиқади. Шунинг учун у ҳозирда мактабга тайёргарлик жараёнларига қатнамоқда. Умаржоннинг мактаби кўзи ожизлар ётоқхонасидан анча олисда жойлашганлиги учун ҳар куни йўлга 1 ёки 1 ярим соат вақт сарфлайди.
Умаржоннинг отаси Музаффар ака учун кўзи ожизлар мактаби ва ётоқхона орасидаги йўл мисоли жанг майдонидек. Умаржон ҳам келаси йил мана шу имконияти чекланганлар учун ноқулай бўлган йўллардан мустақил ўзи қатнайди. Ҳали 7 ёшга тўлмаган Умаржоннинг келажакдаги орзуси эса ҳамма учун қулай йўл ва шаҳарлар қуриш.
Видеода кўринг:
Тўғри юртимизда Ногиронларга ижтимоий-иқтисодий кўмак дастурлари, тури ҳомийлик лойиҳалари мавжуд. Лекин уларни ҳамма каби тенг имкониятга эга бўлишлари учун албатта ҳаракатланиш учун қулай инфратузилма керак бўлади. Бюджет тасдиқловчилар балки кейинги лойиҳаларда имконияти чекланганлар учун инфратузилма яратиш масаласини ҳам киритишар. Бу масала йиллар давомида кўтарилади ва у ОАВлар саҳифаларида қолиб кетаверади.
Маълумот учун: Мутасаддилар чоралар кўраяпмиз дейишади, Лекин, ўлимга олиб келган ЙТҲлар сони юқорилигича қолмоқда. 2022 йил ўтган ўн ойида 7 минг 636 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 7 минг 174 нафар фуқаро жароҳатланган ва 1 минг 931 нафар фуқаро ҳалок бўлган, ҳалок бўлганларнинг 226 нафари ёш болалардир.