Бугун медиа оламида Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва ҳинд инвестори Мурали Лал Жаланнинг шубҳали келишуви ва бу келишувнинг шубҳали тарзда бузилаётгани борасидаги мунозараларга тўлди. Кимдир инвесторнинг ёнини олса, яна кимдир Ортиқхўжаевга қарши буюртма деб талқин этмоқда бу жараёнларни. Сиз билан биз эса бу манипуляциялар таъсиридамиз холос. Баҳонада айрим қинғирликлардан ҳам хабар топаяпмиз.
Аввалроқ Rost24.uz томонидан ахборот майдони шунчаки манфаатлар кураши учун майдонга айланиб қолгани ҳақида мақола берилган эди. Бугунги жараёнлар эса бунга бир мисол холос. Келинг ҳолатга бироз тўхталиб ўтамиз. Кун.уз да берган интервьюсида ҳиндистонлик инвестор «Жаҳонгир Ортиқхўжаев 100 млн доллар берасан ёки Lake City лойиҳасидан воз кечасан деди», дея иддао қилган ва ўзи ҳақидаги гумонларга ҳам жавоб бериб ўтиб, ўзининг бир нечта давлатда жиноят содир этиб, қидирувга берилганини рад этган. Халқаро коррупцияларга аралашган ака-ука Гупталарга алоқадорлигини ҳам инкор этиб, яқин қариндош эмаслиги ва фақат қандайдир қуда-андачилиги борлиги айтиб ўтади. Биз шарқда, хусусан, ўзимизда келин ё куёвлик мақоми, умуман қуда-андачиликни «мингйилчилик» эканлигини яхши биламиз тўғри эмасми?
Битим тарихи ҳақида қисқача
2018 йилнинг 28 сентябрь куни “MJ Developers” Ўзбекистон ҳукумати билан 100 миллион долларлик сармоя шартномасини имзолаб, ўзининг 4 та йирик лойиҳасига сармоя киритишни бошлаган. Дастлаб Бухорода 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши, кейинроқ Наманганда “Namangan Square”, Тошкентда “Minerva city” ақлли шаҳарчалари ҳамда Бектемир туманида “Lake City” сунъий кўли қурилиши бошланган. Икки лойиҳа, яъни Бухоро ва Намангандаги ишлар давом этмоқда,. Ачинарлиси Тўртинчи лойиҳа сабабли Тошкент чеккасидаги «Роҳат»кўли қуритилди ва халқимиз ўзининг ёзда дам олиши мумкин бўлган салқин жойларидан бирида дам олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлди, қурилиш бошлангану, тугашидан дарак йўқ. Мана бу суратларда сиз билан биз нимани йўқотганимизни кўришингиз мумкин:
“Оламшумул” Миневра
Тошкентнинг Янгиҳаёт туманида 100 гектар ҳудудда шопинг ва бизнес марказлари, меҳмонхоналар, турар жойлар ва яна қатор бинолардан иборат “Minerva city” номли ақлли шаҳарча қурилиши 2020 йилда Бош вазиримиз Арипов ва Тошкент ҳокими Ортиқхўжаев иштирокида старт олди. Ўшанда ҳоким лойиҳа барча учун оламшумул бўлиши, бу жараёнда сармоядорларга ҳар тарафлама ёрдам берилиши ва уларга имкониятлар очиб берилишини айтганди.
Қўл сиқишлар, ҳашамдор очилиш маросимлари, рекламалар, ОАВга инвестициялар жалб қилинаётгани ҳақидаги интервьюлар... Хуллас биз уларга ишондик ва одамлар бу уйлардан сотиб ола бошлашди. Инвесторнинг маълумотига қараганда халқдан тушган пул суммаси салкам 5миллион долларни ташкил этади. Айнан шу пулларни сарфлаганлар ижтимоий тармоқларда бонг уришмаганида балки инвестор ҳам муаммо ҳақида ошкора гапирмасди ва ишлар ёпди –ёпди бўлиб кетармиди. Ўртада 200 дан ортиқ одамлар бу «шубҳали»шартнома сабабли ўз пулларидан айрилишди.
Инвестордан кун.уз журналисти уларнинг тақдири ҳақида ҳам сўраган ва бу саволга жавоб берар экан, ҳиндистонлик инвестор 3 ой муддатда уларга маблағларини қайтариш бўйича келишув қилишгани ва пулларни қайтаришини айтиб ўтган. Харидорлар яна кутишда давом этишади шекилли.
Жамоатчилик нима демоқда?
Ижтимоий тармоқларда фикрлар хилма хил. Улар асосан икки тарафда Ортиқхўжаевни ҳақ деб билганлар ва унинг аввалги ишлардаги шубҳали шартномаларини мисол тарзида келтириб, унга ишонч билдирмаётганлар. Айрим изоҳларни келтириб ўтамиз:
Камолиддин Раббимов, сиёсатчи:
— Мен бу ишдан хабардорман, ҳинд инвестори масалани бир томонлама гапираяпти. Ўша инвестор, контрактга кўра, жуда катта ерлар олиб, инвестиция киритиш мажбуриятини олган. Бу ишни биринчи йилни ўзида қилиши керак эди. Лекин, ерни олгач, давлатдан яна қўшимча ёрдам ва преференциялар сўраган. Кейин, ҳоким ерни қайтаришни шарт қилиб қўйган.
Сайёра Хўжаева, Ҳуқуқшунос:— Мен ҳайрон хам бўлмадим! Уч йил олдин Бишкек шаҳрида Лондон университети криминология профессори Кристиан Ласлеттдан, Жахонгир Ортиқходжаев хақидаги маълумотларни, хусусан, унинг қайси офшорда, қанча пуллари борлигини эшитганимда, ҳайронлар қолгандим, наҳотки ҳеч кимнинг хабари йўқ деб! Охири вой эканлигини хам, ҳамма тушуниб етган. Аммо, наҳотки, Ўзбекистонинг пойтахтини- Тошкентдек шаҳри азимни, шундай бир қўзи очга бериб, бутун дунёга шарманда бўлишимизни, ҳеч ким ўйламаган? Ҳуқуқ тартибот идоралари нима дейишар экан, бундай ноқонуний хатти - ҳаракатларга? Улардан биронта жавоб , ҳуқуқий баҳо беришларини кутиб қоламиз!!!!!
Порахўр.уз аккаунти эгаси:— Нимамуш, Гупталар бошқа давлатларда қидирувдаги фирибгар эмиш. Хўп шу фирибгарни ким олиб кирди Ўзбекистонга?Депозитга сўраганмуш. Олдиндан сўрамадиларми пули борми йўқлигини, дунё банкларидан кафолатлар олиб келмаган эканми?Бориб бизнинг банклардан кредит сўрангларчи, ҳам гаров олади, ҳам кафолат хатлари олади.Буни оддий халқ тушунмайди, лекин ҳар бир тадбиркор билади.
Гап неча юз миллион долларлик лойиҳалар ҳақида кетяпти. Буни, ўзимиздан кимнингдир розилиги билан бўлган ҳолат деб биламан тамом-вассалом! Ким бўлишидан қатъий назар, давлатимизга инвестор келганда, биринчи навбатда ундан молиявий шароитининг исботи ва дунёнинг бирорта обрўли банкидан кафолатлар сўралиши лозимми? Агар шу Гупталар фирибгар бўлса ҳам, демак, шу фирибгарни олиб киргани учун жавобини бериши шарт!
Обиджон Латипов, жамоат фаоли:
— Менимча бу ерда муаммо бизга кўрсатилаётган қисмда эмас, кўрсатилмаган қисмида.
Яъни вазият мана шундай катта инвестиция лойиҳаларининг қандай шартлар асосида келишувга эришилганлигини жамоатчиликка очиқ эълон қилиш нақадар муҳим эканлигини кўрсатмоқда.
Келишув шартлари жамоатчилик учун очиқ эмаслиги, юлдузни бенарвон урадиганларга оммани ўзи хоҳлаган усулда манипуляция қилишига имкон беряпти.
Нима бўлган тақдирда ҳам, шахсий адоват ёки ғараз сабаб холисликни унутиб қўймайлик. Келтирилган хабарни тасдиқламай туриб тарқатиб юришдан қайтарилганмиз.
Инобат Аҳатова, журналист
— Шахсий ҳисоб рақамига эмас, банкка депозит қўйиш ва шу пулга cити қуриш талабини қўйган деяпти. Инфони сал таҳлил билан қабул қилайлик, ҳиссиётга берилмай. Кейин инфони тарқалиш манбалари, уларнинг раҳнамолари ўйинларига ҳам биринчи марта дуч келмаяпмизку.
Ҳоким оппоқ демоқчимасман, асло. Лекин иккинчи томонни ҳам эшитиш керак. Агар ҳиндларга пулни депозит сифатида банкка қўйиш талаби қўйилган бўлса бу мантиқан тўғри талаб. Яна бир гап ўтган сафарги обдон монтаж қилиб тарқатилган аудио воқеасини ҳам унутмайлик. Ўзлари келишиб олишади бу сафар ҳам, жамоатчиликка бўлди аралашманглар деб ҳам қўйишади. Фақат қанчага келишилгани сир бўлганича қолаверади.
Нашрдаги кучли журналистларга ҳурматим баланд. Бу сафарги инфоҳужум ҳам раҳбариятининг кир ўйинлариларидан бири бўлиши мумкин. Менинг қисқа хулосам икки томон ҳам оппоқ эмас. Катта тўдалар ўртасидаги жанг бу. Халқ бундан ҳеч нарса ютмайди. Бизнинг вазиятда чўнтак ўзгаради, ўрнига қорни янаям очроғи келади, холос.
Қўрқинчли замонда яшаяпмиз. Медиа қуролга айланяпти. Афсуски, уни қурол қилганларнинг ҳеч бирисининг мақсади ватанни обод қилиш, халқни ўйлаш эмас. Кўпроқ талаш, бойликларни четга ташиш, халқни охирги тийинигача тортиб олиш.
Тошкент ҳокимияти «оппоқ»ми?
Мурали Лал Жаланнинг интервьюсидан сўнг ҳокимиятнинг муносабати чиқди. Ҳокимлик инвесторнинг сўзларини давлат хизматчисини обрўсизлантириш деб ҳисоблаши ва Бош прокуратурага мурожаат қилинишини маълум қилган.
Ҳақиқатдан ҳам туҳмат бўлса, ёпиқ эмас очиқ маълумотларни бизга тақдим этинг. Ҳаммасини тушунтиринг ва жамоатчилик ўз хулосаларини берсин. Халқимизни исталган инвестор алдаб кетаверар эканда? Бизда инвесторларни тўлов қобилияти, ишончлилиги ва ҳалоллигини баҳолайдиган тизим йўқми? Биз тақдиримизни ишонган амалдорлар фақат олди сотди эмас, бошқа иқтисодий билимларга ҳам эга бўлган мутахассисларни жалб қила олишмайдими? Ёки инвесторлар фақат хорижда арзимас пул билан корхона очган исми шарифи эса ўзбекча, ўзимизнинг «қоракўзлар»бўлиши керакми? Инвесторлар билан ишлашнинг шаффоф тизими бўлмас экан янги, ҳақиқий даромадли корхоналар ва янги иш ўринлари ҳақида фақат қоғозларда қоладиган ҳисоботларнигина ўқиб юраверамиз. Ҳақиқатда эса яқин хорижга арзон ишчи кучи етказиб берадиган мамлакат сифатида қолиб кетаверамиз.
Битим имзолангандан кейин ҳам орадан салкам 3 йил вақт ўтди. Нега дунё матбуотида шубҳали деб мақола чиқарилган инвесторга ерларни бериб юбордингиз? Нима учун айнан энди ишлар тўхтатилди? Шу вақтгача билмаганмидингиз жаноб ҳоким? Хуллас, очиқ саволларимиз кўп. Бизга аниқ жавоблар беринг!