ОАВ амалдорлар учун бир-бири билан курашадиган майдон бўлиб қолди...(ми?)

07.11.2022 15:26

Бугунги жамият ҳукуматдан яхши хабарлар ҳам кутмоқда

  • Қизиқ-а, бугун қайсидир ОАВ Бош вазирни танқид қилса, кўп ўтмай бошқа бир манба Админстрация раҳбарини "уриб" чиқади.  Зингил бериб кузатсангиз ҳақиқатчи акаларимиз ёки хабарчи манбаларимиз худди бир-бири билан ўчакишаётгандек...
     

БЕШ ДАҚИҚАЛИК ШАХСИЙ ФИКР

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларни кузатган одам интернетдаги "элитар кураш" икки қутбли бўлиб бораётганини осонгина англайди. Яъни бу мамлакат сиёсий аъёнларининг энг юқори нуқтаси билан боғлиқ.

Урадиган тўқмоқлар ҳам, уни нашр этадиган манбалар ҳам аниқ. Булар иккига бўлинади: ўзимизнинг “қора кўз” сайт ва каналлар ва қўними ташқарида бўлган, аммо Ўзбекистон ҳақида ёзадиган бошқа-бошқа хабарчилик манбалари.

Нишонга олинадиганлар давлатнинг энг юқори мулозимлари, Бош вазир, Админстрация раҳбари ва буларга даҳл қиладиган, ўшаларнинг командаси, деб ўйланадиган сиёсий шахслар. Урадиганларни айтмасак ҳам биласиз, баъзи пайтларда аноним хабарлар чиқиб қолмаса, қолган пайтлар ўзимизга отнинг қашқасидай таниш бўлган "ҳақиқатчи" акаларимиз.

Қизиқда, бугун Админстрация раҳбари танқид қилинса, кўп ўтмай бошқа манба Бош вазирни "уриб" чиқади. Зингил бериб кузатсангиз ҳақиқатчи акаларимиз ёки хабарчи манбаларимиз худди бир-бири билан ўчакишаётгандек...

Аслида шундай бўлиши керакми?

Бундан ахборот тарқатаётганлар манфаатдорми ёки бу ишларнинг кўздан пинҳон жиҳатлариям борми? Баъзан, мабодо бугунги ахборот асрида мулозимларимиз орасида пинҳона ахборот жанги бошланмаганми, деган ўйгаям бориб қоласан киши. "Ҳақиқатчи" урувчиларни ёллаб ўзаро маҳорабага киришиб кетмадимикан, ишқилиб деган ўй одамни қийнайди. "Сарой ўйинлари" деган ходиса аллақачон классик рутбага эришган бўлса-да, бу унинг истиқболли иш эканлигини кўрсатмайди. Бу айни жамиятга зиён етказадиган иллат сифатида қолаверади. Шундай экан, бугунги ўтиш даврида ахборот кучидан бундай обрўкушлик мақсадида фойдаланиш бизнинг-ча ҳеч кимга фойда бермайди. Келтирадиган зарари халққа, давлатга қимматга тушади.

Албатта, биз бу билан мулозимларимиз фақат бир-бирига фитна қилиш билан, бир-бировини обрўсизлантириш, жилмайиб туриб бир-бирига сув тагидан "торпедо" жўнатиш билан шуғулланади, ўртада сиёсий кураш кетаётир ва оқибатда, Президент бошлаган ташаббуслар, ислоҳотлар бир четда қолиб кетмоқда, демоқчи эмасмиз. Биз шуни айтмоқчимизки, бугунги жамият ҳукуматдан яхши хабарлар кутмоқда. Бироқ асло даҳанаки жангни эмас. Шунинг учун биринчи навбатда, халқ учун ишлаш талаб этилади. Бу борада "уртўқмоқ"акаларимизга эса инсоф тилаймиз. Қолаверса, бир бурда халол нон билан ҳам одам ўлмасдан анча узоқ яшаши исботланган ҳақиқат эканини ҳам эслатиб қўймоқчимиз.

Абдулҳаким Муллабоев

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
08.11.2022 15:31
Нобель мукофоти совриндори, Англиянинг 2-жаҳон уруши йиллиридаги бош вазири Уинстон Черчиль; Сиёсат фоҳишага ўхшайди, ким зўр бўлса ўшанинг айтганини қилади