Матбуот котиблари мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда ёки бунда бошқа бир сир борми?

17.11.2022 10:18

Буни баралла айтишга эса матбуот котибларининг оғзи беркитилгандек гўё…

Шу кунларда фақат ўқитувчи ёки шифокорлар эмас, айнан республиканинг вазирлик ва қўмиталари, иқтисодиёт тизимида, банкларда ишлаётган матбуот котиблари ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилаётган кўринади.

Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилгани бўйича Администрация амалдорлари томонидан қатор чиқишлар бўлди. Бироқ ҳозирча, матбуот  котибларининг ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилаётганига кўз юмаяпти ёки бунинг мажбурий меҳнат эканини тушунмаяпти. 

Rost24.uz сайтида бу бўйича савол бор:

— Амалдорлар, сиз фақат ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига қаршимисиз ёки умуман мажбурий меҳнатни ҳар қандай соҳа вакилига қўлланишини қоралайсизми? 

— Бугун матбуот котибларининг вазифаси ўзгардими? Уларнинг вазифаси Ўзбекистонга келган меҳмонларни кутиш, олиб юриш, вилоятма-вилоят кунини ўтказиш бўлиб қолдими?  

Вазирликлардаги матбуот хизматлари анжуманларда хорижий журналист ва меҳмонларга ҳамроҳлик қилишга мажбурланмоқда. Аслида, уларнинг вазифаси ахборот очиқлигини таъминлаш ва журналистлар сўрови бўйича ахборотларни етказиш. Бироқ, асосий вазифасидан узоқлаштирилган матбуот котиблари бугун аксар ҳолларда меҳмон кутиш билан овора бўлиб қолмоқда.

Йил давомида республика бўйлаб, турли миқёсдаги халқаро анжуманлар бўлиб ўтмоқда. Яқинда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилотлари саммити Самарқандда ташкил этилди. Саммитни ёритиш учун келган ҳар бир хорижий журналистга вазирлик матбуот котиби бириктирилди. Куну тун уларга қараш вазифаси топширилган.

Аслида журналист мустақил одам, уни ишига аралашиш ва уни қаерга бориши ва нималарни ёритишини «одам бириктириш» — бу совет иттифоқи давридан қолган усул ёки одат. Бундан ташқари қанча қўшимча сарф харажат, вақт, иш унумдорлиги ҳавога учади. Бу саммитларда қатнашган аксар журналистлар буни чеклов сифатида эътироф этганларини ҳам эслатиш жоиз. 

Вазирлар Маҳкамасининг ахборот хизматлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида матбуот хизмати ходимларининг хорижий журналистларга ҳамроҳлик қилиш шарти ҳақида банд йўқ. Уларнинг биринчи вазифаси очиқлик ва журналистларни ахборот билан таъминлашдир.

Саммит ва бошқа халқаро тадбирлар давомида матбуот хизматлари асосий вазифасидан узилиб қолмоқда. Тадбир бошланишидан 3-4 кун аввал ўз иш жойини ва вазифасини тарк этаётган матбуот котиблари бу вақт оралиғида журналистларга ахборот етказишни уддалай олмаяпти. Барча ОАВ журналистлари сўровлари, маълумотлар ва материаллари бу орада ортга сурилиб кетаверди. Йирик халқаро тадбирлар давомида қайси ахборот хизматига ўз вазирлигига тегишли маълумот сўраб мурожаат қилмайлик, улар саммитда журналистларга ҳамроҳлик қилаётганларини айтиб, узр сўрашди. Яъни бунда бизнинг тезкор ахборот олиш ҳуқуқимиз чекланди, матбуот хизматларининг вазифаси қайд этилган Вазирлар Маҳкамаси қарорига зид иш бўлди. 

Давлат хизматчисини ҳар қандай ҳашарга жалб этиш одати совет иттифоқидан ҳозирги амалдорларга қадрдон бир мерос бўлиб, қонларига сингиб кетгандек. Бу касалликдан тизимдаги раҳбарлар ҳалигача воз кечмайдиган кўринади. 

Бугун, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этилишига қарши чиққан Администрация амалдорлари матбуот хизматларининг мажбурий меҳнатига кўз юммоқдами ёки бу ишларни ортида уларнинг ҳам қўли борми? 

Сабаби сўнгги икки саммитнинг асосий ташкилотчилари сифатида администрация ходимлари қайд этилди. Мажбурий меҳнатга қарши бўлган киши уни ҳар қандай соҳа вакилига нисбатан қўлланишини олдини олишга уринмайдими? 

Ёки давлатимизнинг республика матбуот котибларини хорижий меҳмонларга бириктирилишида биз билмаган бошқа қандайдир сири борми?..

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар