ИИБдаги ваҳшийликлардан ўкинаётган Она фарёди
"Соғ бориб, ўлик чиқди", “Ёлғиз фарзандим ваҳшийлар қўлида жон берди” - 15 ёшида ИИБ ҳибсхонасида жон берган ўспириннинг онаси нималардан шубҳаланмоқда?
«Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган «Вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази»дан Учкўприк тумани Султон МФЙда яшовчи 9-синф ўқувчиси 2007 йил 19 ноябрда туғилган А.Р. калтакланиш натижасида вафот этиб, мурдаси чиққан. Ва бу хабар ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгач, Фарғона вилояти прокуратураси расмий хабар берди.
Боланинг ўлими билан боғлиқ хабарни эшитгач, Султон қишлоғига бориб, бола яшаган уйда унинг бобоси ва онаси билан суҳбатлашдик.
Биз борган куни якшанба бўлганлиги учун, Султон МФЙ расмийларини безовта қилмадик.
Кўчадаги одамлардан сўраб-суриштириб, марҳум яшаган хонадонни топдик.
Бир қарашда ўртаҳоллиги билиниб турган, таъмирсиз хонадондан чақирувимизга жавобан бир бобо чиқди. Ўзимизни таништириб, мақсадимизни айтдик.
Бобосининг айтишича, Равшанбекнинг онаси Олтиариқ туманига турмушга чиққан. Бола 2 ёшли пайтида ажрашиб келган ва ота уйидан паноҳ топган. Зайнабхоннинг акалари ҳовлини синглиси ва унинг ўғлига қолдириб, бошқа уй-жой қилиб чиқиб кетишган. Бу уйда Зайнабхон, онаси ва отаси, ўғли бирга яшаган. Равшанбек қишлоқдаги 5-мактабда ўқиган.
-Якшанба куни (16 октябрь куни) ювиниб-таранди, чиройли кўйлакларини кийди, - деди бобо биз билан суҳбатда, ўзи унақа жуда ўзига оро бериб, тез-тез чўмилмас эди. –Қаерга кетяпсан, десам устахонага деди. Қишлоқнинг охирроғидаги мебель устахонасида ҳунар ўрганиб, шогирд бўлиб юрарди. Мен яхши бориб кел, дедим.
Шу кетганича душанба куни ҳам келмади. Баъзи пайтларда устахонада ётиб қоларди, биз ўша куни ҳам устахонада қолди, деб ўйлаганмиз.
Душанба куни ҳам келавермагач, суриштиришни бошладик. Тушга яқин маҳалла «участкавойи» чиқиб, онасига ўғлингиз Қўқондаги «мелисахонада», дебди. Қизим ўша ёққа кетди.
Равшанбекнинг онаси сўраб-суриштириб Қўқон шаҳрига боради. Ўша ерда унга «ўғлингиз ухлаяпти, уйғонса ўзимиз жўнатиб юборамиз» дейишади. Она ҳам масъулларнинг гапига ишониб қайтиб келади.
- Улар менга шу қадар меҳрибонлик билан гапиришдики, ҳа, шунақа жойларда ҳам яхши одамлар ишларканда, деб ортимга қайтиб келаверибман. Боламни ҳозир уйғотиб берасизлар, уни кўрай, деб ҳам айтмабман. Давлатнинг одамлари алдамайди деб ўйлабман, - деди Зайнабхон суҳбатда.
Йигитча нега Қўқон шаҳридаги марказга тушиб қолган? Унинг айби нима эди?
Янгиқўрғондаги «Ансор» савдо мажмуасига борган Равшанбек у ердан флеш ичимлиги ва бир пачка қурутнинг пулини бермай чиқиб кетаётганда кассир ушлаб олган. Бу ҳолатни магазин бошқарувчиси ҳам камерада кўриб ўтирган. Уни ушлаб «ота-онангни чақирамиз, қаерда яшайсан» деб сўрашганида у «Султон қишлоқда яшашини, тоғаларининг жаҳли ёмонлигини, агар ўғирлик қилганини эшитишса, уни уриб-ўлдириб қўйишларини» айтган. Магазин бошқарувчиси участка нозирини чақиради ва нозир уни Қўқон шаҳрида жойлашган «Вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази» га жўнатади.
Бувайда тумани Янгиқўрғон МФЙ участка нозири болани марказга жўнатганда бола соппа-соғлом бўлган. Айтишларича, марҳумни Фарғонадан келиб, Қўқон шаҳридаги бозорлардан бирида ўғирлик билан қўлга тушган 6 нафар ўзидан сал каттароқ болалар билан бир камерага қўйишган. Марказда ишловчи нозирлардан бирининг айтишича, ўша 6 нафар бола уни урган, ҳақоратлаган, унга қўполлик қилишган. Лекин бу сўзларга мархумнинг оиласидагилар ишонишмаяпти: "Болам ўғрилик қилмасди, тўғри бола эди", "Бола болалар қўлида ўладими, каттароқ одам урган", "У ердагилар қаерга қараган?"...
Бобоси ва онасининг айтишича, бола ўзи сал қўрқоқроқ бўлган.
Набирам, отасиз катта бўлаётгани учун одамови, ўзидан кичкина болалардан ҳам қўрқадиган, камгап, ювош, бировга зиёни тегмайдиган бола эди. Кўчада ўзидан кичкина болалар иш буюрса ҳам қилиб кетаверарди. Бировга қаттиқ гапира олмас эди, - деди бобоси «Набирангиз уришқоқмиди, кимгадир қаттиқроқ гапирган бўлса жанжаллашиб қолгандирда» деган саволимизга жавоб берар экан.
Онаси билан гаплашиш жуда қийин бўлди. Зайнабхоннинг айтишича, Равшанбекни бир ўзи отасиз катта қилаётган эди. Битта етим боланинг ўлимига сабабчи бўлганлар албатта жазоланиши керак, дейди онаизор. Нега давлат ўз фуқароларига ғамхўрлик қилиши керак бўлган жойда, қонун ҳимоячилари ишлаётган жойда бир норасида бола ўлиб чиқади? Нега мени ўлиб бўлган боламни «ухлаяпти» деб алдашди? Нега, нега?
Онанинг саволлари жуда кўп. Давлат бераётган ҳалол пулни ҳаромга айлантираётганлар, ўғлимнинг жони учун масъул бўлганлар нега уни жиноятчилар билан бир хонага қўйишган? Нега ўғлим ҳақида вақтида бизга хабар беришмаган? Ўша куни дам олиш куни бўлганлиги учун Учкўприк тумани Султон қишлоғи МФЙ нинг участка нозирини топа олмадик, дейишди, дейди онаизор биз билан суҳбатда. Шу одам ишонадиган гапми? Ахир участка нозири дам олса туман ИИБ бўлими 24 соат иш режимида ишлайдику?
Онанинг саволларига Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси, Қўқон шаҳрида жойлашган «Вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази» масъуллари аниқроқ жавоб беришади, деган умиддамиз.
Маълумот учун: Фарғона вилоят прокуратураси ушбу холат бўйича расмий баёнот берган, унда шундай дейилади:
"Учкўприк тумани “Султон” МФЙда яшаган вояга етмаган (2007 йилда туғилган) Р.А. жорий йилнинг 16 октябрь куни Бувайда тумани Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган “Ансор” савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. Туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан у Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ ВЕИҲЁКМга жойлаштирилган.
17 октябрь куни Р.А. нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетган. Унга тез тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига “бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши” сабаб бўлганлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18 октябрь куни Жиноят колексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давомида жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан ИИБ ЖХХ ҲПБ ВЕИҲЁКМ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган. Ҳозирда жиноят иши бўйича Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда".
Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.