Жуфт ва тоқ рақамли автомобиллар амалиётини қўллаш вақти келмадими?
Ўзбекистон, хусусан пойтахт аҳолиси сўнгги вақтларда ҳавонинг ифлосланиши ва автотранспорт ҳодисалари туфайли катта йўқотишларга учрамоқда. Шаҳардаги тирбандлик, автомобиллар ҳаракатидаги тартибсизликка ҳар куни дуч келавериб, ўрганиб ҳам қолдик.
Статистикага кўра, 2021 йилда жами 10 001 та йўл транспорт-ҳодисаси содир бўлган ва автоҳалокатларда 2,5 мингга яқин фуқаролар бевақт ҳалок бўлган. Мазкур ҳалокатларнинг 20 фоизи йўл инфратузилмасидаги камчиликлар, 14 фоизи эса пиёдалар учун хавфсиз шароитлар яратилмаганлиги туфайли содир бўлган.
2022 йилнинг олти ойи давомида 3559 та ЙТҲ содир бўлган, уларда 2775 киши жароҳат олиб, 784 киши ҳалок бўлган. Мазкур ҳодисаларнинг энг юқори кўрсаткичи эса, Тошкент шаҳри (479 та)га тўғри келади.
Жорий йилнинг 8 ойи мобайнида фақат ўлим билан боғлиқ 991 та ЙТҲлар содир этилган.
Статистикада бир оғиз гап билан айтиб кетилаётган мазкур рақамларнинг ҳар бири бутун бошли бир инсоннинг ҳаёти, умри. Унинг умри билан боғлиқ яна қанчалаб умрлар бор, унинг бевақт вафоти билан вайрон бўлиб кетадиган яна қанчалаб ҳолатлар, инсонлар бор. Биз ҳар куни «янги» дея эътироф этаётган Ўзбекистонда инсон умрининг қадри қанчалик? Юқоридаги даҳшатли рақамлар ҳамда сўнгги бир йилда бир неча марта юз берган чанг ва ҳавонинг ифлосланиш даражасидан ҳам кўриниб турибдики, қадр деган сўз амалиётдан кўра доимгидек қоғозларда фаолроқ.
Ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича тез-тез жаҳонда биринчи ўринга чиқиб турган пойтахт аҳолиси ютган заҳарлари ҳали қай даражада соғликда муаммолар келтириб чиқариши номаълум.
Балки мазкур ҳолатларни енгиллаштириш, келгусида янада оғир вазиятлар юзага келишини олдини олиш мақсадида бу борадаги хориж тажрибаларини амалга ошириш вақти келгандир? Албатта, бунинг учун алоҳида ўрганиш вазирлиги тузиш шарт эмас, аммо ҳозирда мутасадди бўлган ваколатлилар дунё тажрибаларини солиштириб, пойтахт кўчаларида қўллаб кўришлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Албатта энг асосий муаммолардан бири - шаҳар транспорти ҳаракатини тўғри йўлга қўйиш биринчи вазифа бўлиши керак.
Масалан, катта шаҳарларда жуфт ва тоқ рақамли автомобиллар амалиёти қўлланилади ва бу яхши самара беради. Бунда давлат рақамининг охири тоқ сон билан тугаган машиналар ҳафтанинг тоқ кунларида, жуфт сон билан тугаганлари эса ҳафтанинг жуфт кунларида ҳаракатланиши мумкинлиги қонун билан белгилаб қўйилади.
Мазкур амалиёт ҳар доим керакли натижани берган, хусусан, 2018 йилда Франция пойтахтида қурумли ифлос ҳаво миқдори ўта ошиб кетгани туфайли, ҳукумат чора сифатида юқоридаги усулни қўллаган. Орадан икки йил ўтиб, Парижда ҳавонинг ифлосланиш даражаси 30 фоизга камайган.
Хитойнинг Ченду шаҳарчаси шундай лойиҳалаштирилганки, унинг исталган нуқтасига пиёда 15 дақиқада етиб бориш мумкин. Шаҳар йўлларининг ярми автомобилларга берилган, қолганида велосипедчи ва пиёдалар юради.
Миланда эса онгли равишда автомобилини уйида қолдириб, жамоат транспортида юрганлар учун бепул ваучерлар тарқатилади. Машиналарнинг барчаси махсус тизимда қайддан ўтган. Автомобиль тураргоҳда қолдирилганда эгасининг картасига йўл ҳақи ўтказилади.
Хелсинкида автомобиль ҳаракатини шаҳар атрофига кўчириш амалиёти қўллаб келинади. Марказда фақатгина жамоатчилик транспорти қолдирилган холос.
Мадриднинг кўплаб марказий кўчаларига кирган автомобилга миқдори юз долларга тенг бўлган жарима солинади. Фақат шу кўчада истиқомат қилувчиларгина кириш ҳуқуқига эга. Автомобиль ҳавони қанча кўп булғаса, автотураргоҳ ҳақи ҳам шунча қимматлашади.
Бизда ҳам бундай чораларни қўллаш вақти аллақачон келган, ҳатто бу эҳтиёжга айланди дейиш мумкин. Акс ҳолда жуда яқин йиллар ичида Тошкентда ўпка ва жигар, нафас йўллари билан боғлиқ касалликлар кўпайиб, ногирон чақалоқлар туғилиши, болалар хасталиклари кескин ошиши табиий ҳол. Гарчи ССВ бу чанг ва заҳарларни инсон соғлиғи учун зарарсиз дея эътироф этаётган бўлсада, жаҳон тажрибаси ҳали инсон соғлиғи учун зарарсиз бўлган чангга дуч келмаган, қолаверса Тошкентдаги чанг ҳақида америкалик олим Томас Гилл энг ёмон бўронларданда ёмонроқ дея таъриф берган эди.