Вазирлар Маҳкамаси қарор чиқарди: Амалдорлар одобли, ҳалол ва маданиятли бўлиши шарт

17.10.2022 16:33

Давлат хизматчиларининг одоб ахлоқ қоидалари қабул қилинди. Амалдорлар қарор тавсияларини бажарармикин… Ёки бундан аввалги ҳужжатлардаги каби қоғозда қолиб кетадими? 

Регламентни бузганларнинг жазо чораси унча ҳам ваҳимали эмас, айтайлик фуқарони сўккан ҳокимга узр сўраш ёки расмий узрнома келтиришни талаб қилиш, давлат органлари ва ташкилотларининг коллегиал йиғилишларида танбеҳ бериш ёки нари борса ахлоқ комиссияси томонидан ундан юқори турган органга шикоят киритилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини эълон қилди. Унда изоҳ берилишича ҳужжат «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ ҳамда давлат хизматчиларининг хизмат фаолиятига оид ва хизматдан ташқари одоб-ахлоқи, жамоатчилик билан муносабатларига доир қоидаларга риоя этилишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қабул қилинган Одоб-ахлоқ қоидалари давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг намунавий қоидаларини белгилайди.

Давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга ошириши шарт:

- Қонунийлик;

- Ватанга садоқат ва хизмат вазифасига фидойилик;

- юкланган функционал вазифаларини тўлиқ бажариш;

- ижро интизомига қатъий риоя этиш;

- фуқаролар гуруҳлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

- давлат ва жамият манфаатларига содиқлик;

- адолатлилик, ҳалоллик ва холислик;

- коррупциявий ҳолатларга муросасиз муносабатда бўлиш ва қарши курашиш;

- хизмат сирини қатъий сақлаш;

- мансаб ваколатларини суиистеъмол қилмаслик;

- манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик.

Фақат меҳнат фаолияти давомида эмас, балки ишдан ташқари вақтда ҳам хулқ-атворнинг умумий қоидаларига амал қилиши лозим:

- давлат хизматининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган хатти- ҳаракатлардан тийилиш, ахлоқ нормаларига доимий риоя қилиш;

- масъулият, касбига садоқат ва ҳалолликни кундалик шиорга айлантириш;

- мураккаб вазифаларни бажаришда ҳамкасбларига кўмаклашиш; хушмуомалалик, эътиборлилик ва ҳушёрлик билан фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳиссини уйғотиш;

- оиласида соғлом муҳитни таъминлаб, оила аъзоларига доимий ғамхўр бўлиш, фарзандларида ватанпарварлик ва бошқа юксак ахлоқий фазилатларни шакллантириш;

- фуқароларнинг ижтимоий келиб чиқиши, иқтисодий аҳволи ва бошқа омиллардан қатъи назар, улар билан бир хил, самимий, одоб доирасида муносабатда бўлиш;

- жамиятда ахлоқнинг умум эътироф этилган қоидаларига амал қилиш.

Бировнинг хисобига тушлик ҳам қилинмайди

Ҳужжатда қайд этилган яна бир жиҳат ҳам эътиборга молик, унда хизмат сафарлари, назорат тадбирлари давомида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлган ҳар қандай турдаги сарф-харажатларни бошқа шахслар ҳисобидан амалга оширмаслик белгиланди.

Одатда хизмат сафарларига чиққан аксарият амалдорни ҳудудлардаги касбдошлари кутиб олишади ва улар шарафига зиёфатлар уюштирилади. Бу одатлардан осонликча воз кечилармикин.

Ижтимоий тармокларда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятини муҳокама қилмаслик, ахлоққа зид ибораларни ишлатмаслик, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан одамларда ишончсизлик кайфиятини юзага келтириши мумкин бўлган материалларни жойлаштирмаслик ҳам алоҳида қоида сифатида қайд этилган.

Раҳбарларга қандай мажбуриятлар қўйилган?

- Бўйсунувидаги давлат хизматчиларига профессионализм, ҳалоллик, холислик ва адолатлиликда ўрнак бўлиш, жамоада соғлом маънавий муҳит ва ишчан кайфиятни шакллантириш; давлат хизматчиларини қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни амалга оширишига ундамаслик хамда улардан бундай ҳаракатларни бажаришни талаб қилмаслик кабилар белгиланган.

Шунингдек, кадрларни маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш, тайинлаш ёки тавсия этишга йўл қўймаслик ҳам алоҳида қайд этилган бўлиб, рост24 ўтказган сўровномаларда айнан шу иллатлар ишга киришда устуворлик қилаётгани аҳоли томонидан қайд этилган.

Ишдан кейин ҳам одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш керак!

Ҳужжатга биноан, давлат хизматчилари ишдан бўш вақтларида умумқабул қилинган ахлоқ нормаларига риоя қилишлари ва уларга зид бўлган хулқ-атвор ва хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.

Давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда қуйидагиларга мажбур:

- миллий урф-одат, қадрият ва анъаналарга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;

- дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, гуруҳбозлик, маишатбозлик, ичкиликбозлик ва бошқа салбий иллатларга йўл қўймаслик;

- расмий эълон қилинган маълумотлардан ташқари давлат хизмати фаолиятига оид масалаларни муҳокама қилмаслик;

- жамоат жойларида (кафе, ресторан ва бошқа кўнгилочар масканларда) ўзини тутиш қоидаларига риоя этиш, атрофдагиларнинг эътиборини тортувчи ортиқча ва салбий ҳаракатларга йўл қўймаслик;

- жамоат тартиби ва хавфсизлигига қарши қаратилган хатти- ҳаракатларни содир этмаслик, мазкур ноқонуний ҳаракатларга бошқаларни жалб этмаслик ёки даъват қилмаслик кабилар...

Совға олиш ҳам мумкин эмас!

Хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган идора ва ташкилотлар раҳбар ва ходимларидан, бошқа мансабдор шахсларидан қимматбаҳо совға олмаслик белгилаб қўйилмоқда. Хизмат гувоҳномаларини сақлаш ва фойдаланиш тартибига қатъий риоя этиш, улардан хизматга алоқадор бўлмаган ҳолатларда фойдаланмаслик, шу жумладан, ваколатли шахсларга хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, мавқейини суиистеъмол қилмаслик ҳам тавсия этилган.

Хизмат автотранспорт воситаларидан хизмат фаолиятидан ташқари ҳолатларда шахсий ва бошқа мақсадларда фойдаланмаслик, шахсий транспорт воситаларидан фойдаланишда белгиланган тартибга амал қилиш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш белгилаб қўйилмоқда.

Одоб ахлоқ қоидаларида, қонунчилигимизда аллақачон акс этган, ОАВ билан муносабатлар, Манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, раҳбарлик фаолияти ва тадбиркорлик билан бир қатнинг ўзида шуғулланмаслик кабилар яна бир бор эслатиб ўтилган.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши қандай назорат қилинади ва жазо чоралари енгил эмасми?

Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиш ҳолатлари бўйича хизмат текшируви давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарининг кўрсатмасига мувофиқ Одоб-ахлоқ комиссиялари томонидан ўтказилади. Хизмат текширувини ўтказиш тартиби давлат органлари ва ташкилотлари томонидан белгиланади.

Этикага риоя этмаган раҳбарни жуда қаттиқ жазо кутаётгани йўқ. Давлат хизматчилари томонидан Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик ҳолати уларга нисбатан ахлоқий ва интизомий таъсир чораларини қўллаш учун acoc бўлади.

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этмаганлик учун Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан давлат хизматчиларига қуйидаги ахлоқий таъсир чоралари қўлланилади:

- огоҳлантириш;

- узр сўраш ёки расмий узрнома келтиришни талаб қилиш;

- давлат органлари ва ташкилотларининг коллегиал йиғилишларида танбеҳ бериш.

Одоб-ахлоқ комиссияси давлат хизматчисига нисбатан интизомий таъсир чорасини қўллаш учун давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарига тақдимнома киритиши мумкин.

Шунингдек, давлат хизматчисининг Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши уларни қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарликка тортиш учун acoc бўлиши кўрсатилган.

Бу қарор ижроси қанчалик таъминланишини албатта вақт кўрсатади. Шу вақтгача ҳам давлат хизматчилари фаолиятини тартибга солувчи қатор қонунлар қабул қилинган. Огоҳлантиришу, узрномалар эълон қилинган, ҳатто давлат хизматчисини одоб аҳлоқини тартибга солувчи кодексни жорий қилишга уринишлар бўлганди.  Лекин, ижтимоий тармоқларда “халқ хизматчилари”нинг этикага зид ҳаракатлари тасвирланган лавҳалар тез-тез тарқалиб туради.
 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
18.10.2022 18:08
Вазирлар Маҳкамаси қарор чиқарди: Амалдорлар одобли, ҳалол ва маданиятли бўлиши шарт - Қарорлар ва қоидалар нима учун қабул қилинади? - Албатта, уларни бажариши керак бўлганлар ўша қоидаларни бузиши учун