Таниқли адиб Сардор Умрзоқовдан махфий ҳужжатларни очиқлашни сўрамоқда

13.10.2022 17:16

Қарийб 40 йилдан бери мамлакатимиз тарихини ўрганиб, архивларда тадқиқотлар олиб бораётган ёзувчи Набижон Боқий Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовга мурожаат йўллаб, махфий ҳужжатларни очиқлашни сўрамоқда. Гап шундаки, бир асрдан ҳам кўпроқ муддат ўтган бўлса-да, айрим архивлардан фойдаланиш ҳамон чекланган. 

Ёзувчи чор Россиясининг Ўрта Осиёга тажовузкорона ҳарбий юришлари (1838 – 1878) тўғрисида кўп жилдлик «Мадфун Туркистон» (Қирқ йиллик қирғин) номли умр китобини яратиш мақсадида архивлардан ҳужжатлар тўпламоқда. Аммо, Ўзбекистон Миллий (Давлат) архивидан у танлаган мавзуга алоқадор №715 фонддан фойдаланишга кутилмаган қаршилик пайдо бўлган. Ўзбекистон тарихига оид манбаларни ўрганиш учун Қозоғистонда бепул архивдан фойдаланган ўзбек ёзувчисида, ўзимизда архивдан фойдаланиш 210.000 000 (икки юз ўн миллион) сўм бўлаётганини айтмоқда. Бир архив ҳужжатини ўрганиб халққа етказиш учун шунча маблағ сўралиши адолатданми? Чор Россиясига оид ҳужжатлар нима сабабдан ҳанузгача очиқланмаган? Уни яширишдан ким манфаатдор? 

Қуйида ёзувчи Набижон Боқийнинг Сардор Умрзоқовга мурожаатини таҳрирсиз тақдим этамиз:

МУРОЖААТ

Сардорбек, мамлакатимизда улкан муаммолар моҳиятини чуқур англаб етган ҳолда оқилона ечим топаётганингизни кузатиб юрганим учун Сизга мурожаат этяпман.

Мен 35-40 йилдан бери кўҳна Туркистон ўлкасининг жавҳари бўлмиш Ўзбекистонимизнинг кейинги 100 – 180 йиллик тарихини КГБ, Давлат, Партия (нафақат Ўзбекистондаги, Тожикистон ва Қозоғистондаги, Қирғизистон ва Туркиядаги) архивлардан ўрганиб 1937-38 йилларда содир этилган қонли репрессия тўғрисида «Қатлнома» (туркчаси 2018 йилда Истанбулда чоп этилган), ўтган асрнинг 20 йилларида собиқ Бухоро амирлигининг Шарқий Бухоро ҳудудларида рўй берган миллий озодлик ҳаракати тўғрисида «Чингиз афандига мактублар (Анвар пошонинг васияти»)” номли (туркчаси 2006 йилда Истанбулда чоп этилган), атоқли жадид адибимиз Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг фожиали тақдири тўғрисида «Қонли тошбўрон» номли ҳужжатли китоблар ёзиб нашр қилдирдим.

Кейинги ўн йилдан буён эса чор Россиясининг Ўрта Осиёга тажовузкорона ҳарбий юришлари (1838 – 1878) тўғрисида кўп жилдлик «Мадфун Туркистон» (Қирқ йиллик қирғин) номли умр китобимни яратиш мақсадида архивлардан ҳужжатлар тўплаяпман. Аммо Ўзбекистон Миллий (Давлат) архивидан мен танлаган мавзуга алоқадор №715 фонддан фойдаланишимга кутилмаган қаршилик пайдо бўлди. Бу Фонд чор Россияси ҳарбий вазири А. Н. Куропаткин ( у 1915–17 йилларда Туркистоннинг охирги генерал Губернатори бўлган) 1901 йилда Тошкентга сафари пайтида Туркистон генерал губернатори П. А. Ивановга «Туркистон ўлкасини чор Россияси томонидан забт этилишига доир архив ҳужжатларини бир жойга тўплаб чоп этиш тўғрисида топшириқ беради» («Поднял вопрос о собрании в одно целое и опубликовании архивных документов по истории завоевания Туркестанского края царской Россией»). Губернатор бу топшириқни бажаришни подполковник А. Г. Серебренников зиммасига юклайди. Туркистон ўлкаси тарихи билан шуғулланадиган олимлар орасида «Подполковник Серебренников фонди» деб юритилиши бежиз эмас.

№715 фондда 74 та жилд-тахлам (дело) бор. Ҳар бир жилд-тахлам ўртача 500 бетдан иборат.

1986 йилда №715 фонд СССР талвасаси авж олаётган чоғларда коммунист назоратчилар томонидан кўрикдан ўтказиладида, «59 та жилд-тахлам фойдаланишга яроқли, қолган 15 та жилд-тахлам ошкор этилиши мумкин эмас деб топилади» («Из 74 томов 59 были изучены, осталные 15 том признаны не подлежащими оглашению»).

Бу дегани – чор Россиясининг ҳарбий мутахассислар томонидан келажакда Туркистоннинг ишғол этилиши №715 фондда бир жойга жамланган архив ҳужжатлари асосида ўрганилиб ҳаққоний тарих яратилсин, деган олижаноб мақсад кўзланган. Бироқ, СССР парчаланиши арафасида нима қилишини билмасдан талвасага тушиб қолган Компартия корчалонлари 1986 йилда «запрет» (ясақ) қўйган жилд-тахламлар Туркистоннинг энг кир даврини акс эттирадиган ҳужжатларни мустақил Ўзбекистонда кимлар очиқ-ойдин фойдаланиб ҳаққоний китоб яратиши мумкин?

Мен икки-уч йилдан буён айнан №715 фонддан ҳамма жилд-тахламларни ўрганиб чиқмоқчи бўляпман. Бироқ, Миллий архивимизда узоқ йиллардан бери ўрнашиб олган салкам 80 яшар «миссионерка кампирлар» – Татяна Давлетовна ФОМEНКО ва Нина Эргашевна ЮСУПОВА ҳар хил куракда турмайдиган баҳоналарни рўкач қилиб №715 фонддан буюртма берган жилд-тахламларни умуман менга бермадилар. Айниқса, ашаддий миссионерка Фоменко: «Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси томонидан запрет қўйилган!» деб астойдил қўрқитиб юрди. Ахийри Миллий архив директори Дилбар Зокировага арз-додимни айтдим: «Нима учун Ю. С. Флыгин деган Семинария ходимига №715 фонддан фойдаланишга рухсат берилади, у ашаддий миссионерлар Николай Остроумов, В. Наливкин каби нусхаларни гўё «маърифатпарвар» сифатида кўкларга кўтариб китоб ёзади? (Ю. С. Флыгин, «Николай Остроумов: востоковед, просветител, летописец эпохи», «Владимир Наливкин: ориенталист, педагог…”, Тошкент, «Muharrir nashriyoti”, «2016, 2017.) Бундан ташқари, ўша муаллиф айнан №715 фонддан фойдаланиб, архив ҳужжатларини ўзининг ғаразли мақсадига бўйсундириб, ўзбеклар билан қозоқ қардошларимиз орасига нифоқ уруғини сочмоқчи бўлади: чунончи, «от незаконных притеснений и угнетения бывшего у нас беком, во время владычество кокандцев Мирзадавлата, мы, жители, доброволно покоряяс воле правосудного и милостивейшего Государя, отворили ворота своего города (Туркестан), несмотря на приказания Мирзадавлата» (Россия – Узбекистан: начало отношений. Сборник архивных документоов по истории российско–Среднеазиатских... связей. Составител Ю. С. Флыгин. Ташкент, “Muharrir nashriyoti”, стр. 70).

Бу иқтибос №715 фондда №27 жилд-тахламдан 295- бетдан олинган. Гўё қозоқ кадхудолари Қўқон хонлиги тайинлаган Бек Мирзо Давлат зулмидан безор бўлиб Русия подшоҳидан паноҳ истаб мурожаат этади. Бу хатни Русия ҳукмдорларидан ширинкамо олиш илинжида бўлган беш-ўнта чорвадор бойлар Государ-Оқподшо номига ялтоқланиб илтимоснома ёзган бўлиши мумкин. Туркистон шаҳри дарвозасини Бек хоҳишига зид равишда душманга айнан ичкаридан қозоқлар очиб бериши мумкин эмас. Нега деганда, қалъа–шаҳар ҳимоячилари фақат Қўқондан келган ўзбеклар билан тожиклардангина иборат бўлмай, қозоқлар ҳам кўпчилик бўлган. Шаҳид бўлган ўн минглаб ватан ҳимоячилари жасадларини ҳатто дафн этадиган тирик инсон қолмайди, мусулмонман деган охирги одам ҳам босқинчиларга таслим бўлмайди, шаҳид бўлади. Устомонлик билан китобдаги архив ҳужжатларини тузган (составител) Ю. С. Флигин эса сопини ўзидан чиқариб, маҳаллий қозоқларни босқинчи ўрисларга дўстлаштириб, Қўқондан ватан ҳимояси учун жон бергани келган Мирзо Давлат Бек ва унинг сафдошларига душман этиб кўрсатади. Аслида, Туркистон қалъаси харобалари тупроққа қоришиб ётган янтоқзор оралаб ҳозир юриб ўтсангиз ҳам шаҳид боболаримиз суяклари чанг-ғубор босиб ётганини кўрасиз.

Хуллас, ҳақли арз-додимдан сўнг директор Д. Зокирова №715 фонддан фойдаланишимга рухсат берди.

Юзма-юз суҳбат чоғида: «Менга қаранг, Дилбар Тоҳировна, Сиз раҳбар бўлиб турган Миллий архивда салкам саксон яшар иккита ғаразгўй кампир ходимларингизни ҳам, архивдан фойдаланувчиларни ҳам маймундек ўйнатиб юрганини биласизми? Уларга муҳим назорат ваколатини бериб қўймасдан мундайроқ вазифа топширсангиз бўлмайдими?» деб сўрадим. «Архивда ишлаётган аксарият ходим шошилинч топшириқни мондитиб бажара олмайди, аммо бу икки кампир топшириқларни ўз вақтида кўнгилдагидек адо этади. Улар керакли кампирлар», деди. Начора, ҳар жойнинг тулкисини ўша жойнинг тозиси билан овлайдилар.

Сардорбек, мана энди асосий масалага келдик. Директор рухсат бергач, буюртма берганим жилд-тахламлар ичидан кампир назарида шубҳали кўринган парчаларни юлиб олиб, қолган-қутганини менга бердилар.

Майли, дедим. Ҳисоб-китоб қилиб кўрингизлар, дедим. Хўп, дейишиб, ўн олти миллион сўмга (16.000 000) шартнома қоғозини қўлимга бердилар.

Тўладим. Бу пул Архив ҳисоб рақамига эмас, Вазирлар маҳкамаси ҳисобига ўтказилар экан.

Яна архивдан буюртма бўйича керакли жилд-тахламлардан 2300 бетдан кўпроқ ҳажмда ҳужжат ажратиб олдим. Бу сафар менга 52.000 000 (эллик икки миллион) сўмлик шартномани қўлимга беришди. Вазирлар маҳкамаси белгилаб қўйган нарх бўйича ҳар бир саҳифа учун давлат мендан 21.000 (йигирма бир минг) сўмдан олиб қолар экан.

52.000 000 сўмни қидириб баҳордан буён хўб тадбирларни ўйлаб топдим, лекин барибир нақд пулни еру осмон орасидан қўлга киритиб бўлмади.

Сардорбек, юқорида қистириб ўтдимки, №715 фондда мустақилликдан сўнг ҳали ҳеч кимнинг кўзи тушмаган 1986 йилдан буён «запрет»да бўлган 15 та жилд-тахлам (дело) бор. Ҳар бир дело камида 500 бетдан бў лса керак. Чунки подполковник А. Г. Серебренников ўлда-жўлда иш қилмаган, ҳайтовур, сидқидилдан меҳнат қилиб ҳар бир делони сутга тўйган тўқлидай семиртириб қўйган. Демак,15 та жилд-тахламнинг ҳар бирида 500 бетдан ҳужжат бўлса, жами 7.500 бет хат-ҳужжат бўлади. Ҳисобга тўғри бўлиши учун 7.500 бет эмас, борингки, 8000(саккиз минг) бет ҳужжатнинг ҳар бетига 21.000 (йигирма бир минг) сўмдан тўланадиган бўлса, жами 157.000 000 миллион (бир юзу эллик етти миллион) сўм нақд пул тўлашим керак бўлади.

Қисқаси, менга 210.000 000 (икки юзу ўн миллион) нақд пул керак бўляпти. Агар умримни чин дилдан сарфлаб ёзганим учта китобим («Қатлнома», «Чингиз афандига мактублар» («Анвар пошонинг васияти»), «Қизил тошбўрон» оммавий нусхадан – 50.000 (эллик минг) донадан қайта нашр этилса, таннархига 210.000 000 сўм сочиб юборилса, китобхонлар рози бўлиб берган ҳалол пулимни оғринмасдан Миллий архив ҳисобига ўтказиб берардим. Фақат китобларим қайта нашри учун зарур бўлган таннархни топиб бирорта синалган нашриётга ўтказишга, Сардорбек, Сиздан бош-қош бўлишингизни илтимос қиламан.

Тамом, шунча даромад гапларнинг буромади 210.000 000 (икки юзу ўн миллион) сўмга бориб тақаляпти. Менга бу пулнинг бир сўми ҳам керак эмас, ҳатто бир сўмини ушлаб ҳам кўрмайман, ҳаммасини Миллий архивимиз ҳисоб рақамига ўтказиб юборилса, олам гулистон. Ўз-ўзидан равшанки, миссионерлар оқаваси Миллий архивимизни минг мақомда ўйнатяпти, шу қаршиликни енгиб ўтиб «запрет»да турган 15 жилд-тахламни қонуний тарзда олиб истифода қилишим учун шароит яратиб беришингизни сўрайман, Сардорбек.

Бемаврид безовта қилган бўлсам, маъзур кўргайсиз.

Архивдан олинган шартнома варақлари илова қилинади.

P. S. Баҳорда Қозоғистонга махсус бориб Давлат архивларидан 1835 йилдан то 1880 йилгача бўлган жилд-тахламлардан кўчирмалар олдим. Ажабки, Чимкентдаги Давлат архивидан делоларни кўриб кўчирма олишим учун вилоят маркази Туркистон шаҳридаги идорадан рухсат олиб келишим сўралди, холос. Туркистонга бориб муддаони баён қилганимда масъул ходим бир-икки савол бериб, расмий рухсатномага муҳр босиб, ўзининг телефон рақамини ҳам ёзиб бердида қўлимга тутқазди: «Набижон ака, агар Қизил Ўрда (Оқмасжид) ёки Олмаота Давлат архивларида ишингиз бўлса, марҳамат, бемалол менга телефон қилиб қўйинг, ўзим у ердаги архив раҳбарларига телефон қилиб қўяман, ишларингизни пайсалга солмасдан бажариб беришади. Ахир Сиз фақат Ўзбекистон учун эмас, Қозоғистон билан Қирғизистон фойдаси учун ҳам жон куйдириб юрганингизни билиб турибманку, Аллоҳ рози бўлсин!» деб кулимсираб хайр-хўшлашиб қолди.

Чимкент давлат архивидан минг-минглаб саҳифа тарихий ҳужжатларни бепул менга бердилар. Яқин кунларда яна Қозоғистонга бориб Давлат архивларидан ўзимга керакли жилд-тахламларни, ноёб ҳужжатларни олиб қайтаман. Сўнг Бишкекка йўл оламан.

Қўшни республикаларда биздаги каби Давлат архивларида салкам 80 яшар миссионерлар оқаваси ғов бўлиб йўлингизни тўсмайди.

Китобларимни шахсий кутубхонангиз учун чин дилдан туҳфа қиламан.

Набижон Боқий ( )

Чорвоқ, 2022 й. 10.Х

 

 


 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
17
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
27.10.2022 13:14
Хозир ҳам собиқ коммунистлар кӯпда
26.10.2022 01:35
Таажжуб, нега энг муҳим жойларда ўзимизни қора кўз ўзбеклар йўқ!... Ҳали ҳам шу ўрисларни қўлига қараб қолдими бу миллат!... БУлрни аллақачон супириб ташлаш керак эди!
17.10.2022 22:32
Шу капирларга ўхшаган ёшлари ҳам жуда кўп, улар россия телевидениесини фақат кўради ва ашаддий россияпараст. Менимча шуларнинг одамлари Ўзбекистон раҳьариятида қалашиб ётибди
16.10.2022 05:56
789
16.10.2022 05:55
Нима бу русларга карши кимларнингдир ишими. Аввал тугри урушлар болган, кимлардир жон фидо килган. Хонлик даврида хам куп урушлар болган агар уларни хам овоза килаверсак, кушни миллатлар билан можоралар пайдо болади.
16.10.2022 03:25
Аллох Рози булсин. Сиздай фидоийлари бор юрт асло кам булмагай.
14.10.2022 23:55
Бундай инсонлардан нафакат пул олиш керак, балки пул бериш керак. Ахир бу Инсон Ватанимизни гурурику.
14.10.2022 21:13
Лўлидан ботир чиқса чодирига ўт қўяди
14.10.2022 16:25
Сабаб оддий: Мавжуд ҳокимият ўз вакиллари, йўлбошчилари ва бобо калонларининг қилмишлари ва жиноятлари очилишини истамайди ва шу сабаб имкон қадар архивлар очилишига қарши тўсиқлар қўяверади. Керак бўлса уларни йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин. Чунки бу ҳокимият халқ танлаган ҳокимият эмас балки ўша жиноятларни ўзлари ҳам советлар билан бирга қилганлар, империя малайларининг меросхўрлари, издошлари ва тарафдорларидир. Наҳотки шу оддий ҳақиқатни ҳамон билмайсизлар?
14.10.2022 02:40
Офарин