Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура бўлим бошлиғи Абдураҳим Муҳиддинов муҳим рақамларни эълон қилди. Унинг қайд этишича, фақат икки дастур бўйича яъни «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури ижросидаги камчиликлар учун мингдан ортиқ масъул жавобгарликка тортилган, 3 мингдан ортиғи огоҳлантирилган. Айни ушбу дастур ижросидаги сускашликлар ҳусусида Rost24.uz сайтининг «Маҳаллангизда муаммо борми?» лойиҳасида ҳам ўнлаб материаллар тайёрланди. Уларда фуқароларимиз маҳаллалари бу дастурларга киритилган бўлсада ўзгаришларни сезмаётганларидан шикоят қилишган.
Брифингда берилган маълумотга қараганда, Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигидаги Республика штаби ҳамда вилоят ва туман - шаҳар прокурорлари раҳбарлигидаги ҳудудий штаблар томонидан ўтган 9 ой давомида Инвестиция дастуридаги 2.762 та, «Янги Ўзбекистон» массивларидаги 827 та ва «Обод қишлоқ» ҳамда «Обод маҳалла» дастурларидаги 10.915 та лойиҳанинг ҳар бири мониторингга олинган.
Мониторинг натижаларига кўра ҳозирга қадар Инвестиция дастуридаги 1.112 та объектларда белгиланган ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилган.
«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури бўйича қандай ишлар қилинган ва қанча маблағ сарфланган?
Бош прокуратура бўлим бошлиғи Абдураҳим Муҳиддиновнинг ҳисобот беришича:
– 320 та (59 фоиз) ижтимоий соҳа объектлари, хусусан 178 та (67 фоиз) мактаблар, 58 та (41 фоиз) мактабгача таълим ташкилотлари, 84 та (62 фоиз) тиббиёт муассасалари фойдаланишга топширилди;
– 2. 922 км. узунликдаги ичимлик сув тармоқлари янгидан тортилиб, 256 та сув иншоотлари ўрнатилиб, 755 млрд. сўмлик (76,5 фоиз) ишлар бажарилди;
– 1,4 трлн. сўмлик (91 фоиз) ички йўллар таъмирланди,шундан 1. 127 км. (87,5 фоиз) ички йўллар асфальтланди, 653 км. (84 фоиз) асфальт - бетон ва 2. 099 км. (95,1 фоиз) шағал ётқизилди;
– электр таъминоти объектлари бўйича бугунги кунга қадар 236 млрд. сўмлик ёки 84 фоиз ишлар бажарилиб, паст кучланишли 2. 533 км. (91 фоиз) электр узатиш тармоқлари тортилган ҳолда, 749 та (67 фоиз) трансформатор пунктлари янгиланди ва модернизация қилинди;
– газ таъминоти узлуксизлигини таъминлаш бўйича жами 5,1 млрд. сўмлик (100 фоиз) ишлар бажарилиб, 998 дона (100 фоиз) газ тақсимлаш пунктлари жорий ва мукаммал таъмирланди, 366 км. (100 фоиз) газ тармоқлари реконструкция қилинди, аҳолига5. 393 дона (100 фоиз) газ баллонлари етказиб берилди;
– алоқа ва ахборотлаштириш тармоқлари яхшилаш бўйича жами 18 млрд. сўмлик (97 фоиз) ишлар бажарилиб, 1. 293 км. (97 фоиз) оптик толали алоқа кабеллари тортилди;
– қишлоқ ва маҳалла кўчаларини ободонлаштиришбўйича маҳаллаларда 243 км. (64 фоиз) ички ирригация тармоқлари,22 дона (28 фоиз) суғориш қудуқлари, 181 км. (36 фоиз) пиёда йўлаклари, 8. 051 дона (35 фоиз) тунги ёритиш тизими, 442 минг. м2 (92 фоиз) гулзорлар ташкил этилди, 235 минг. тупдан ортиқ (88 фоиз) дарахтлар экилди ва 555 та (74 фоиз) чиқиндихоналар ўрнатилди;
– аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимида қўшимча 99 та (88 фоиз) автобекатлар ва 16 та (100 фоиз) янги автобус йўналишлари ташкил этилди;
– маҳалла комплекслари ва уй - жой фондини яхшилаш доирасида 100 та (53 фоиз) маҳалла бинолари, 48 та (80 фоиз) маҳалла гузарларида қурилиш - таъмирлаш ишлари олиб борилиб, 39. 307 та (94 фоиз) якка тартибдаги уй - жойлар таъмирланди;
– бозорлар инфратузилмаларини яхшилаш мақсадида 252 та (77 фоиз) маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, 256 та (81 фоиз) савдо мажмуалари, 85 та (67 фоиз) кичик ишлаб чиқариш ва 88 та (72 фоиз) бошқа турдаги объектлар ишга туширилди.
Сифатсиз бажарилган ишлар, қўшиб ёзишлар... бу бизга янгилик эмас!
Доимгидек, давлат пулларидан «унумли» фойдаланиб қолганлар ҳам бўлган.
Масъулнинг қайд этишича, юклатилган вазифа ва топшириқлар ижросида камчиликка йўл қўйган ва ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 427 нафар масъуллар интизомий ва 724 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, 3.040 нафар шахс расман огоҳлантирилган.
Жумладан, йўл қўйган камчиликлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилояти ҳокимларининг ҳамда 107 нафар туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари, шунингдек Маданий мерос агентлиги директори, Маданият, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Гидрометеорология хизмат маркази ҳамда «Ўзсувтаъминот» АЖ раҳбарларининг соҳага масъул ўринбосарларига жазо чоралари қўлланилди.
Қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 185 та жиноят ишлари қўзғатилди, 880 нафар фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Қурилиш сифати ва иш ҳажмларини тўлиқ бажарилиши ўрганилиб, 1.553 та ҳолатда сифатсиз бажарилган 32,3 млрд. сўмлик ҳамда 793 та ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 37,9 млрд. сўмлик ишлар бартараф эттирилиши орқали келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олди олинган.
Эслатма: Давлатдан инфратузилмани яхшилаш учун миллиардлар ажратилади. Лекин, масъуллар бу маблағни қандай сарфлаётганини назорат қилиш оддий фуқароларга ҳам боғлиқ. Сизнинг кўчангизга шунчаки шағал тўкиб, асфальт учун ажратилган пулларни ўз ҳовлисини обод этишга сарфлаётган мутасаддини кўрдингизми бефарқ бўлманг.
«Телеграм» ижтимоий тармоғида “QURILISHDA NAZORAT” деб номланган махсус телеграм бот ишга туширилган ҳамда ишонч телефони ташкил этилган.
Мазкур бот орқали фуқаролар томонидан ўз яшаш ҳудудидаги давлат дастурига киритилган объектлар бўйича амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳақида прокуратура органларидан ташкил этилган штабларга фото лавҳалар билан биргаликда тўғридан - тўғри хабар юборишлари ҳамда ишонч телефони орқали мурожаатларини қолдиришлари мумкин.