Оташдек иссиқ тандир қаршисида меҳнат қилаётган нонвой ўзининг машаққатли касби, 24 соатлик иш соати ва касбининг бошқа синоатларини сўзлаб берди. Журналист Шарифа Мадрахимованинг материали билан қуйида танишингиз мумкин:
Бугунги қаҳрамонимиз чин маънода пешона тери билан меҳнат қилиб, орзу-умидлар билан яшаётган, ёш бўлишига қарамай ҳаётнинг аччиқ зарбаларига учраган, муҳожирликнинг қаттиқ нонини еган, етимлик азобини тортган ва шунда ҳам юрагида ҳаётга муҳаббатни сақлаб қола олган Сирожиддин Саидазимовдир.
Агар сизнинг Фарғона вилояти, Фарғона туманидаги Хонқиз қишлоғига йўлингиз тушса қишлоқ марказидаги пештоқига «Хонқиз патир» деб ёзилган новвойхонага кириб, Сирожиддин ёпган патирлардан еб кўринг.Кунжут ва седана билан безатилган, қуёшдек чиройли патирларни кўрибоқ иштаҳангиз очилади.
-Сирожиддин нонвойликка болалигингизданоқ қизиққанмисиз, - деб сўрайман. Ва ундан «ҳа, мен нон ёпишни яхши кўрардим, онам нон ёпса тандир олдига бориб, аямнинг нон ёпишини кузатардим» деган жавобни кутаман. Сирожиддин эса мутлақо бошқа жавобни беради.
-Йўқ. Болалигимда олий маълумот олиб, бирорта раҳбарлик курсисида ўтиришни орзу қилардим. Аммо ҳаётнинг биз кутмаган синовлари кўп экан. Айни мен мактабни тамомлаётган йилим дадам вафот этди. Оилада учта ўғилмиз ва уларнинг тўнғичи менман. Рўзғор ташвиши бошимга тушди. Бизнинг Хонқизда нонвойлик, бўлиб ҳам патир нонлар ёпиш жуда ривожланган. Бу ёғи Фарғонадан, бу ёғи Қўқондан келиб патирларимизни олиб кетишади. Новвойчилик даромадли ҳунар. Шунинг учун қишлоғимиздаги энг яхши нонвой Мурод тоғадан новвойчиликни ўргана бошладим. Ишонасизми, ўша кунларни эсласам ўзим ҳам ҳайрон бўламан. Бир суткада 2 соат ухлардим холос. Фарғона шаҳридаги саноат касб-ҳунар коллежининг пайвандлаш йўналишида ўқирдим. Кечаси билан хамир қориб, нон ясаб, соат саккизгача новвойхонадаги ишларни тугатиб ўқишга кетардим. Соат тўртларда келиб, бир-икки соат онамга уй ишларига қарашардим. Яна 6 да новвойхонага келиб хамир қилишни бошлардим. Кечки соат 9 билан 10 нинг орасида хамир кўпгунича бир ёки икки соат бўш вақтим бўларди. Ана шу вақтда озгина ухлаб олардим. Энг қизиғи шунча вақт уйқусиз юрсамда дарсда бирор марта ухлаб қолмаганман.
Новвойчиликни ўрганиб бўлганимдан сўнг, негадир топаётган пулим камга ўхшади. Мен ҳам коллежни битирдиму Россияга иш қидириб кетдим. Ўйладимки, қишлоқда новвойчилик қилиб бир ойда топаётган пулимни у ерда икки ёки уч кунда топаман деб. Аввал қурилишда, кейин мева-чева сақланадиган омборда меваларни сараловчи бўлиб ишладим. Совуқ, ишнинг оғирлиги, уйдагиларнинг соғинчи туфайли Россиядан тезда қайтиб келдим. Ёш бошимга мусофирликни ҳам кўрдим. Халқимиз тўғри айтган экан, одам мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас экан. Бу нақлнинг исботини ўз ҳаётимда кўрдим. Россиядаги муҳожирлик менга кўп нарсаларни ўргатди. Биринчиси борига қаноат қилишни, ўз яқинларингни ардоқлашни, мана шундай табиати сўлим бўлган қишлоғимни севишни. Ростдан ҳам шоир айтганидек, ўзга юртнинг боғи билан боғчаси, ўз юртимизни янтоғича бўлолмас экан.
Россиядан қайтиб келган Сирожиддин нонвойлик ҳунарини давом эттиришни истади. Яна ҳам яхшироқ нонвой бўлиш учун Илҳомжон исмли нонвойга шогирд тушди.
Олти ой бир тийин ойликсиз шогирд бўлиб юрдим. Баъзида шунча ишни қиляпман, мен туфайли бир кунда беш-олти қоп нон ёпилиб, сотилиб кетяпти, менга ҳам беш-олти сўм ойлик беришса бўларди, деб ўйлардим. Аммо иш ҳақи сўрашга журъатим етмасди. Онам ҳам майли ўғлим, ҳунарни яхшилаб ўрганиб олавер, кунимиз ўтиб турибди, кейинчалик ўзинг зўр нонвой бўлиб кетасан. Ўшанда уйга анча пул кўтариб келасан, дейишарди.
Олти ойдан кейин ярим ойликка ишлай бошладим. Масалан, битта новвойхонада мен билан бир хил иш қиладиганлар 1 миллион сўм олса, мен 500 минг сўм олардим. Мана сабр қилиб кўп нарсага эришдим. Бугун топаётган даромадимдан нолимайман, худога шукр Россияда ишлайдиганлардан яхши пул топаман. У ёқларда аямни, укаларимни, қишлоғимни соғинардим, қишлоқ тўйларига қатнашгим келарди. Соғинч жуда оғир туйғу бўлишини мусофирликда ўз танамда ҳис қилганман. Ҳозир эса аям, кичик укам ёнимда. Катта укам эса Россияда ишлайди. Унга ҳам «борма, шу ерда бирор ҳунарни ўрганиб ишлайвер, шу ерда ҳам ишлаганлар яхши яшаяпти» деб аям иккаламиз айтиб кўрдик. Аммо уни қишлоқда қолишга кўндира олмадик. Майли, омадини берсин. Бошқа юртларни кўриб келса янаям бу ерни қадрига етадиган бўлади.
-Аълочига доскани фарқи йўқ дейишадику, шундай менга ҳам ишнинг фарқи йўқ. Аслида нонвойнинг бир ўзи ҳеч нарса қилолмайди. Албатта ёрдамчиларимиз бор. Мен асосан хамир тайёрлайман, хамирни уч хил оғирликда граммлаб қўяман, баъзи ўзим ҳам ясайман. Лекин ҳозир нон ясовчи ёрдамчилар бор. Нонвойлик баъзилар ўйлаганидек осон ҳунар эмас. Ҳар бир жараёнга қаттиқ аҳамият бериш керак. Масалан, ёз ва қиш ойларида хамирга қуйиладиган сувнинг ҳарорати ҳам аҳамиятли. Агар ёзда хамирга меъёридан иссиқ сув қуйсангиз патирингиз ўхшамайди ёки ачитқини кўп ёки кам солиб қўйсангиз ҳам бир қоп ун увол бўлди деяверинг.
Ишимиз кечки саккизларда тамом бўлади. Бир соат дам олиб кейинги кун учун хамир қоришни бошлайман. Аввал катта тахтадан қилинган махсус идишда хамир қорардик. Хамирни камида икки ёки уч соат муштлардик. Ҳозир худога шукр замонавий хамир қорадиган аппаратлар чиқиб ишимиз анча енгиллаб қолди. Аввалгидек хамир қилиб бўлгунча қўлларимиз оғриб кетмайди.
-Ҳозир хамирни граммлаб ўлчаб кесаман дедингиз. Сиз ёпадиган патир нонлар неччи хил ва уларнинг нархи қандай?
- Хамирнинг масаллиғида фарқи йўқ. Одатда уч хил патир ёпамиз. Буларнинг нархи 5,6,7 минг сўмдан. Нарх патирнинг граммига боғлиқ бўлади. 7 минглик патирни грамми оғирроқ. Ҳозирги кунда 5 минг сўмдан 35 минг сўмгача бўлган патирларни ёпа оламан. 35 минг сўмлик патирлар буюртмага қилинади ва уларнинг диаметри 1 метргача бориши мумкин. Ҳамма соҳаларда турли ўзгаришлар бўляпти. Новвойчиликда ҳам янгиликлар қилишга ҳаракат қиляпмиз. Буюртма асосида ёпадиган патирларимизга чиройли тилаклар ҳам ёзиб беряпмиз. Ёки буюртмачининг исми шарифи ҳам ёзилади.
- Бир кунда нечта патир ёпасиз, ҳаммаси ҳам тандирдан тушмай,чиройли бўлиб чиқадими?
- Оддий кунларда 5-6 қоп унга хамир қилиб, патир ёпамиз, Рамазон, ҳайит, янги йил, Наврўз, 8-март байрамларида 10 қопгача ҳам ёпишимиз мумкин. Масалан, яқинда ўтган Қурбон ҳайити байрамида 10 қоп унга хамир қилдим. Ва бирорта ҳам патир сотилмай қолмади.
- Mасалан қовун-тарвузни, мева-чевани ўз мавсуми бўлади. Қулупнай мавсуми, ўрик мавсуми дегандек. Патир мавсуми ҳам бўладими, ёки йил давомида бир хил сотилаверадими?
- Бўлади. Масалан, мавсум бўлмаган пайтларда бир кунда 4-5 қоп ун ишлатамиз. Рамазон олди ҳамма рўзагача тўй қиволай дейдида, тўйлар мавсуми кўпаяди, шунда бизга ҳам бошқа вақтлардан кўпроқ буюртмалар тушади. Ёки мана совуқ тушиш арафаси, куз мавсумида ҳам патир бошқа ойларга қараганда кўпроқ сотилади. Чунки одамлар қишгача тўйимни ўтказволай деб ҳаракат қилади.
Нонвойга яна «биз кичкиналигимизда аямиз нон ёпаётганда олдига бориб турсак, қоч орқамда турма, нон тушиб кетади» дейишарди. Сиз нон ёпаётганда шунга ўхшаш ирим-сиримлар қиласизми, - деб сўрадим.
- Йўқ, - деди Сирожиддин. – Динимизда ирим-сирим қилиш қаттиқ қораланган. Ноннинг чиройли чиқиши, тушиб кетмаслиги тандирнинг ҳавосига боғлиқ. Агар меъёрида сув уриб, оловни меъёрида ушласангиз нон чиройли бўлиб пишади. Салгина эътиборсизлик қилиб, иссиқ-совуғини меъёридан ошириб ёки туширворсангиз албатта ё тушиб кетади ёки орқаси тандирга ёпишиб қолади.
Сирожиддин хушчақчақ, ҳазилкаш, дилкаш суҳбатдош чиқиб қолди.
Энг катта орзуингиз нима – деб савол бердиму “ Уйланиш» деб жавоб берасизми деб яна сўрадим ҳазиллашиб.
Йўўўқ опа, тўйиб ухлаш- деди у ҳам ҳазилга ҳазил билан. Аммо кейин жиддийлашиб, «Онам уч ўғилни бир ўзи катта қилди. Улғайтирди. Энг катта орзуим онамни Ҳаж зиёратига олиб бориш. Кейин... Кейин дадамни бир бор қаттиқ бағримга босиш. Дадамни жуда соғинганман. Гарчи ўлим ҳақ бўлсада доимо дадажонимни қаттиқ бағримга босиб, уларнинг дийдорига тўйгим келади»... деди.
24 ёшли йигитнинг ҳаёт ҳақиқатларини тинглаб, унинг Ватан, онага муҳаббат билан тўлиб тошган қалбини кўрдик.
Унинг «тўйлар бўлсин, яхши кунлар кўп бўлсин, майли биз 24 соат тик оёқда туриб элимизга, халқимизга хизмат қилаверайлик, муҳими юртимиз тинч бўлсин» деган мулоҳазаларини эшитиб, бу йигитга ҳурматимиз янада ошди.
Шарифа МАДРАҲИМОВА, журналист.