Ёки Ўзбекистонда давлат троллар олдида ожизми?
Давлат бошқарувида демократик йўлни танлаган ҳукумат журналистларнинг сурункали тахқирланишига томошабин бўлиб қараб турмаслиги лозим.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда оммавий ахборот хизматлари эркинлашгани кузатилди. Шу билан бир вақтда ҳукумат вакиллари ва амалдорларни танқид қилган журналистни ижтимоий тармоқлар орқали махсус уюштириб, онлайн буллинг қилиш ҳолатлари ҳам кўпайиб бормоқда.
Юқори даражали амалдорларга тош отган журналист ҳақида кун ўтмай турли бўҳтону туҳматлар пайдо бўлиши таббий ҳолга айланган. Яқинда Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг қудасига тегишли дея айтилаётган тадбиркорлик объектини танқид қилган Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов ҳам интернетда троллар «ҳужуми»га учради.
Авваллари ҳақиқат курашига отланган журналистларнинг чўнтагига гиёҳванд модда солиш, уйига варақалар ташлаш ёки пора бериб танобини тортиш усуллари қўлланилган бўлса, янги давримизда бу модалар ўзгариб, янги қирралар кашф этилгандек. Троллар эркак журналистни “гей”, деб ҳақоратлайди ёки кўпхотинликда, хиёнатда айблайди. Шунингдек, туҳмат тарқатган тараф тез орада “даҳшат” фотоларни оммага улашишини ҳам огоҳлантириб қўяди. Таъқибнинг бу тури сўнгги вақтда фақатгина амалдорларни танқид қилган уларни бизнес империяси тафсилотларини очиқлаган журналистларга нисбатан қўлланилмоқда.
Барча ҳолатларда, афсуски, уларни амалга оширганлар Ички ишлар тизими томонидан аниқланган ва топилган эмас. Шунингдек, мана шундай бўҳтонли чиқишларга нисбатан на Акмал Саидов бошчилигидаги инсон ҳуқуқлари маркази ва на адлия вазирлиги ёки бошқа бирор уюшма, ташкилотлар томонидан муносабат билдирилмаган.
Жамият эркинлигини таъминловчи журналистлар осонликча троллар армияси билан “шарманда” қилинмоқда ва бунга ҳукумат кўз юмиб келаяпти. Гўёки ҳукумат ҳам тролларга қаршилик билдирмай уларни амалда қўллаётгандек кўринмоқда.
Кўпинча расмийлар журналистларни ҳимоя қилишини, уларни ортида “мен” борман, деб туришини айтади, аммо мана шундай бўҳтонлар қаршисида эса журналистлар доим ёлғиз қолаверади.
Сонда бор, сифатда йўқ айрим уюшма раҳбарлари эса оғзини кўпиртириб ўзбек журналистлари ички цензурадан қутила олмаётганини бот-бот такрорлайди. Ҳуддики, журналистларга уюштирилган ана шундай бўҳтон ва тақиблардан бехабардек.
Жамиятни демократлашувини таъминловчи журналистларга бўлган ҳужумларга аслида хавфсизлигимизни таъминлаши керак бўлган айрим хизмат органлари ҳам бефарқдек кўринади. Негаки, шу вақтгача журналилистларни очиқчасига тақиб қилган биронта аккаунт эгаси очиқланмади ва топилмади. Бу ҳолат давлатимиз ахборот технологиялари бўйича қидирувларда ожиз эканлигини англатадими?
Аммо бир вақтнинг ўзида, аксинча ҳукумат вакилларига нисбатан тармоқларда айтилган ҳақоратларнинг тез орада эгаси топилмоқда ва жазоланмоқда. Бироқ, журналистларнинг шаънини ҳимоя қилишга келганда негадир давлатнинг мустаҳкам метин органлари ожизлик қилмоқда ёки биз билмаган бошқа сабаблар борми?..
Демократик принципларни қадрлашини билдираётган давлат, биз энди ортга қайтмаймиз дейдиган расмийлар ўз манфаати тўқнашмаган жойда онлайн буллинга нисбатан қарши чора кўраётгани йўқ.
Бу масала мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон жамиятидаги оғриқли масалалардан бўлиб қолаяпти. Кечагина журналист Элмурод Эрматовга уюштирилган троллинг ортидан rost24.uz журналистлари яна ҳукуматдан журналистларга қўлланилаётган норасмий таҳқирлашга барҳам беришни сўрайди. Давлат бошқарувида демократик йўлни танлаган ҳукумат журналистларнинг сурункали таҳқирланишига томошабин бўлиб қараб турмаслиги лозим.