
“9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш” куни муносабати билан ўтказилаётган Аксилкоррупция ойлиги доирасида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ томонидан Самарқанд ва Нурафшон шаҳарларида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Банк масъуллари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва прокуратура ходимлари, мижозлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирларда коррупциянинг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга жазо муқаррарлиги, республика банк тизимида коррупцияга оид учраётган салбий ҳолатлар ҳақида айтиб ўтилди.

"Очиқ эшиклар куни" тадбирларида “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими ташқи аудитдан ўтказилгани ва ISO 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқ деб топилгани маълум қилинди.

Шунингдек, банкнинг 24/7 режимда фаолият юритаётган мавжуд алоқа каналлари орқали коррупция ва манфаатлар тўқнашуви бўйича хабар бериш тартиби ҳақида тақдимот ўтказилди.
Сўзга чиққанлар рақамли хизматларнинг татбиқ этилиши натижасида банкда инсон омили ва коррупция хавфи даражаси камайиб бораётганини таъкидлашди.

Масалан, бугунги кунда кредит бериш автоматлаштирилган андеррайтинг тизими орқали амалга оширилмоқда. Кўплаб хизматлар мобил илова орқали онлайн тарзда йўлга қўйилган. Харид жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилди. Контрагентларни қўшимча манбалардан ўрганиш тизими ҳам жорий қилинган.
Бундан ташқари, манфаатлар тўқнашуви “Complaens control” тизими орқали мониторинг қилиб борилади. Мижозларни фирибгарлик хатарларидан сақлаш мақсадида “Antifrod” тизими татбиқ этилган.

“Очиқ эшиклар куни” тадбирлари Аксилкоррупция ойлиги доирасида республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.