Айни пайтда президент Жиззах шаҳрида бўлиб турибди. Ташриф доираси бўлиб ўтган учрашувда Жиззахдаги бўлажак атом электр станцияда меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун 10 минг кишилик моношаҳарча қурилиши ҳақида хабар берилди.
Шавкат Мирзиёев аввало замонавий ва қулай йўл инфратузилмасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, вилоят марказини М-39 халқаро автомобиль йўлига боғлаш учун қурилган қарийб 290 миллиард сўм ҳисобидан 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 километрлик янги автомобиль йўлини кўздан кечирди. Мазкур йўл ҳар куни 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга.
Бу йўналишдан аҳоли шаҳарга кириш-чиқиш учун 25 километрлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур эди. Қурилган янги йўл сабабли бу масофа 4 километргача қисқариб, эски йўлдаги тирбандликлар бартараф этилгани ҳайдовчилар, тадбиркорлар, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун учун ҳам катта қулайликларни келтирди.
Йўл ўтказгич металл конструкциялардан замонавий технология асосида барпо этилган бўлиб, унинг хизмат муддати 100 йил деб баҳоланмоқда. Анъанавий темир-бетон ўтказгичлар одатда 50 йил хизмат қилишини ҳисобга олсак, хизмат муддати икки баробарга узайган.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шуки, илгари йўловчи ва юк поездлар ўтган пайтда автомобиллар темир йўл кесишмасида тўхтаб қолишга мажбур бўлган, эндиликда эса йўлўтказгич қурилгани туфайли тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизматларнинг ҳаракати осонлашади.
Шунингдек, айни пайтда Жиззах вилоятида қурилиши бошланган интеграциялашган иккита кам қувватли реактор ва иккита катта реактордан иборат атом электр станцияси ҳақида ҳам президентга ахборот берилган. Ҳозирги босқичда реактор биноси учун котлован қазиш ишлари фаол паллага кирган.
Қурилиш-монтаж базаси учун ер текислаш, бетонлаш, арматура ўрнатиш ишлари бажарилмоқда. Қурувчилар яшаши учун вақтинчалик турар жой мажмуаси барпо этилган.
Маълум бўлишича, бўлажак электр станцияда меҳнат қиладиган мутахассислар ва уларнинг оилалари учун моношаҳарча қуриш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди. Шаҳарча АЭСдан 16 километр узоқликда жойлашган, 10 минг кишига мўлжалланган бўлади, унда барча зарур инфратузилма, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш объектлари кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек Жиззах шаҳрига кириш қисмини замонавий қиёфага келтириш бўйича мастер-режа ва реновация лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишган.
Тақдимотлар давомида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқ ва вазифалар берилган.