Бугунги кунда мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон” ғояси нафақат иқтисодий соҳада, балки таълим, маданият ва илм-фан соҳасида ҳам янги ёндашувларни кашф қилмоқда. Хусусан, инсон капиталини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур жараённинг ёрқин намунаси сифатида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатини мисол келтириш мумкин. Мазкур таълим маскани 2025-йил 15-майда қабул қилинган ПФ–86-сонли Фармонда белгиланган вазифалар доирасида ташкил этилган бўлиб, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини халқаро стандартлар асосида янада ривожлантириш ва энг муҳими — дунё миқёсида тан олинган TOP–50 рейтингдаги университетларга ўқишга тайёрлаш учун махсус ташкил этилган.
Мактаб шунчаки таълим маскани эмас, балки ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини “ўрганувчи”дан “кашф этувчи”га юксалтирувчи, янги тафаккур масканидир. Бу ерда ҳар бир дарс, ҳар бир лойиҳавий топшириқ ва ҳар бир муҳокама ўқувчиларнинг дунёқарашини глобал миқёсга олиб чиқиш ҳамда инсоният тараққиётида ўз ўрнини топишга йўналтирилган.
Жумладан, мактаб ўқувчилари бугун глобал муаммолар ҳақида фикр юритиш, турли маданият вакиллари ўртасида мулоқот ўрнатиш, ғояларни далиллар билан ҳимоя қилиш каби 21-аср компетенцияларини эгалламоқдалар. Зеро, XXI асрнинг асосий талаби — билимни ўзлаштириш эмас, балки уни яратишдир.
Ал-Беруний мактаби ўз номига мос равишда илм, тафаккур ва маънавият уйғунлигини ифодалайди. Мактаб логотипида акс этган “Қутадғу билиг” жумласи ҳам бежиз эмас, яъни мактаб “Саодатга элтувчи билим” маскани сифатида билим ва адолат, ақл ва фазилат бирлигини англатади.
Жорий йилда мактабга илк қабул жараёнлари ташкил этлиб, 16 000 дан зиёд номзодлар ичида 60 нафар энг юқори натижа кўрсатган ёшлар ўқишга қабул қилинди. Имтиҳонлар Математика ва Инглиз тили бўйича икки босқичда Республика ҳудудларида ўтказилди.
Ал-Беруний мактабида таълим тизими Швейцариянинг “International Baccalaureate Diploma Programme” дастури асосида ташкил этилган бўлиб, бу дастур дунёнинг 160 дан ортиқ давлатларида эътироф этилган халқаро ўқув модели ҳисобланади. Дунё бўйлаб IB тизимида фаолият юритаётган мактаблар сони 6 мингдан зиёд бўлиб, уларда 1,95 млн ўқувчи таълим олмоқда.
IB таълим дастури тўрта босқичдан — PYP (бошланғич), MYP (ўрта), DP (диплом дастури) ва CP (касбий йўналиш)дан иборат бўлиб, 3 ёшдан 19 ёшгача бўлган ўқувчиларнинг ҳар томонлама ривожланишини қамраб олади.
Ал-Беруний мактаби Ўзбекистон тарихида, қолаверса, Марказий Осиёда IB Diploma Programme (DP) дастурини амалда жорий этган илк давлат мактаби сифатида ташкил этилди. Жумладан, бугунги кунга қадар IB ташкилоти томонидан икки босқичли дастлабки баҳолаш ташрифлари амалга оширилиб, мактаб IBнинг барча талабларидан муваффақиятли натижалар билан ўтди.
Шунингдек, бугунги кунга қадар мактаб томонидан 20 га яқин халқаро таълим ташкилотлари ва етакчи университетлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Жумладан, Австралиянинг Sydney (QS–25) ва Monash (QS–36) университетлари, Буюк Британиянинг Kaplan International ташкилоти ҳамда Cardiff ва Sussex университетлари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шунингдек, АҚШнинг “Ivy League” — дунёдаги энг нуфузли университетлар иттифоқига кирувчи Harvard, Yale, Brown, Cornell ва Columbia университетлари билан ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
IB фалсафасининг марказида инсонпарварлик ва “дунё фуқароси” бўлиш тамойили туради. Дастур ўқувчиларга чуқур академик билим бериш билан бирга, уларни танқидий ва мустақил фикрлашга, ижтимоий масъулиятни ҳис этишга ҳамда турли маданиятларни ҳурмат қилишга ўргатади.
IB тизимининг афзаллиги шундаки, у ўқитувчини билим берувчидан кўра, янги фикр ва ғояларни шакллантирувчи мураббий сифатида кўради. Хусусан, “Билим назарияси” (TOK), “Кенгайтирилган иншо” (EE) ва “Ижодкорлик, Фаолият, Хизмат” (CAS) модуллари ўқувчиларнинг интеллектуал ва маънавий етуклигини бир бутунликда ривожлантириб боради.
Бундан ташқари, мактаб битирувчиларига давлат стандартларидаги шаҳодатнома билан бир қаторда IB дипломи ҳам берилади. Мазкур диплом битирувчиларга дунё рейтингидаги TOP–50 университетларга имтиёз асосида кириш ҳамда бакалавриат дастурини 4 йил эмас, 3 йил ўқиш имконини беради.
Айнан шу жиҳатдан, Ал-Беруний мактаби бугун Марказий Осиёда IB Диплом дастурини тўлиқ амалга ошираётган илк давлат мактаби сифатида тарихда ўз ўрнини эгаллади.
Таъкидлаш лозимки, мактабда таълим тизими шахсга йўналтирилган дастур асосида ташкил қилинган бўлиб, ўқувчиларга индивидуал менторлар бириктирилган. Бу ёндашув уларда нафақат академик ривожланиш, балки психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини ҳам мустаҳкамлайди.
Шунингдек, дарс жараёнида “кичик гуруҳларда ишлаш” амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, бу ўқувчиларга фикр алмашиш, баҳс-мунозара орқали фактларни излаш имконини беради. Мактабда дарслар тўла инглиз тилида олиб борилиб, қўшимча равишда яна икки чет тилини чуқур ўрганиш, илмий тадқиқот ва стартап лойиҳаларда иштирок этиш, халқаро олимпиада ва танловларда қатнашиш имконияти мавжуд.
Бундан ташқари, IB ўқувчи профилидаги 10 та фазилат — тадқиқотчи, фикрловчи, ўз дунёқарашига эга, ҳалол, ғамхўр, очиқ фикрли, мувозанатли, тафаккурли, таваккалдан қўрқмайдиган ва мулоқотчан бўлиш — Ал-Беруний мактабининг маънавий асосини ташкил этади.
Президент Фармонида белгиланганидек, Ал-Беруний мактабини муваффақиятли битирган ва дунёнинг TOP–50 университетларидан бирига қабул қилинган ўқувчиларнинг хориждаги таълим ва яшаш харажатлари давлат томонидан тўлиқ молиялаштирилади. Бу қарор ёшлар учун чексиз имкониятлар эшигини очиб, келажакда мамлакатимиз ва илм-фан тараққиётига ҳисса қўшиш учун замин яратади.
Энг асосийси, бу — Янги Ўзбекистоннинг ўз фарзандларига бўлган ишончи, уларнинг интеллектуал салоҳиятига берган юксак баҳосидир.
Бу ерда ёшлар глобал муҳитда эркин фикрлайдиган, шу билан бирга миллий қадриятларига содиқ, ватанпарвар шахслар сифатида тарбияланади. Ўқувчиларнинг CAS фаолияти (Ижодкорлик, Фаолият, Хизмат) орқали улар жамият ҳаётида фаол иштирок этади, ижтимоий лойиҳалар ва волонтёрлик ишларида ўз ҳиссасини қўшиб боради.
Шу тариқа, мактаб ўқувчиларни “глобал таълим олувчилар” эмас, балки “глобал фикрловчи ўзбек зиёлилари” сифатида вояга етказади.
Шунингдек, IB тизимидаги баҳолаш методикаси Ал-Беруний мактабининг кучли жиҳатларидан биридир. Бу тизим нафақат тест ва имтиҳонларга, балки ўқувчининг мустақил таҳлил, тадқиқот, ижодкорлик ва ижтимоий фаоллигига асосланади.
Баҳолаш жараёнида ўқувчилар ички (мактаб ичида) ва ташқи (IBнинг халқаро экспертлари томонидан) имтиҳондан ўтказилади. Баҳолаш натижалари ўқувчиларнинг билимини эмас, балки уларнинг тафаккур даражасини ўлчамоқда.
Ал-Беруний мактаби истиқболда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришни, IB ўқитувчилари малакасини оширишни, рақамли ва STEAM йўналишларини чуқурлаштиришни, шунингдек, ўқувчиларни илм-фан ва технологиялар кесишган нуқталарда ўқитишни мақсад қилган.
Мазкур йўналишда ҳар йили энг юқори академик кўрсаткичларга эришган ўқувчиларни хориждаги Гарвард, Стэнфорд, MIT, Оксфорд ва Кембриж каби нуфузли университетлар қошида ташкил этилган ёзги оромгоҳларга юбориш ва университет қабул талаблари ҳамда ҳаёти билан яқиндан таништириш, мактабни якунлагач мазкур университетларда ўқиши мақсад қилинган.
Шунингдек, битирувчиларнинг глобал тармоғи шакллантирилиб, улар юрт тараққиётига қайтиб хизмат қиладиган интеллектуал элита сифатида шаклланади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугун Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати бу оддий ўқув муассасаси эмас. У Муҳтарам Президентимизнинг Янги Ўзбекистон таълим соҳасидаги ислоҳотлари натижаси, миллий тафаккур ва глобал дунёқарашни уйғунлаштирган ноёб таълим ташкилотидир.
Бу мактабда таълим олаётган ёшлар эртанги куннинг сиёсатчилари, олимлари, муҳандислари, дипломатлари, инновациячилари бўлиб етишмоқда. Улар учун ҳар бир дарс — бу келажак сари ташланган ишончли қадамдир.
Ўзбекистон таълим тизими тарихида илк бор давлат ташаббуси билан ташкил этилган, халқаро аккредитацияга эга бундай маскан — бизнинг халқ сифатида билимга, тафаккурга ва юксак мақсадларга содиқлигимиз намунасидир.
Ал-Беруний мактаби — Янги Ўзбекистоннинг маънавий ва интеллектуал келажагини бунёд этаётган илм даргоҳларидан биридир.
Жавохир АХМЕДОВ Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ижрочи директори