Марказий Осиёда сув хавфсизлиги: Ўзбекистоннинг ташаббуслари ва дунё эътирофи

20.11.2025 11:55

Марказий Осиёда сув ресурсларини оқилона бошқариш масаласи тобора долзарб тус олмоқда. Минтақада аҳоли сони ўсмоқда, иқлим ўзгариши салбий таъсир кўрсатмоқда, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқлари эса янги ресурслар талаб этмоқда. 


Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувида сув хавфсизлиги масаласини стратегик устувор йўналиш сифатида белгилаб, 2026–2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббусини илгари сурди. 


Давлатимиз раҳбари Афғонистонни ҳам Амударё ҳавзасидан биргаликда фойдаланиш масалаларида фаол мулоқотга жалб этиш муҳимлигини қайд этар экан, сув тақсимоти ҳаётий масала эканини, уни фақат мулоқот ва ҳамжиҳатлик орқали ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлаганди.


17 ноябрь куни Тошкентда ўтган Сув ҳамкорлиги ва қонунчилигини такомиллаштиришга бағишланган халқаро конференция ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади. Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда сув муаммоларини ҳал этиш йўлини қидираётган етакчи халқаро экспертлар, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Швейцария тараққиёт агентлиги ва бошқа қатор донорлар иштирокидаги ушбу йиғилиш амалий мулоқот майдонига айланди. Унда асосий эътибор сувнинг тежамли ва барқарор бошқаруви, трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланиш, суғориш инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳар бир мамлакат эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда сув сиёсатини янгилаш масалаларига қаратилди.


Конференциянинг асосий воқеаси Ўзбекистоннинг янги Сув кодекси тақдим этилгани бўлди. Қабул қилинган бу ҳуқуқий ҳужжат мамлакат сув сиёсатини мутлақо янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятли. Кодексда сув ресурсларидан барча тармоқлар учун адолатли фойдаланиш, сувдан фойдаланиш ҳуқуқлари, соҳани тартибга солиш механизмлари, сув экотизимларини муҳофаза қилиш, ер усти ва ер ости сувларининг ўзаро боғлиқ бошқаруви каби масалалар комплекс тарзда ёритилган. Хорижлик экспертлар бу ҳужжатни “тарихий қадам” дея баҳолашди. Улар таъкидлаганидек, Сув кодекси Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг тизимлилигини намоён этади ва сув келажагини хавфсиз қилишда муҳим ташкилий-ҳуқуқий пойдевор вазифасини бажаради.


Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш борасида амалий ишлар сезиларли даражада кучайтирилди. Мамлакатда 2 миллион гектардан ортиқ майдонда сув тежайдиган технологиялар жорий этилгани, 2030 йилгача мўлжалланган Сув сектори концепцияси ва янги давлат дастурлари қабул қилингани бу йўналишнинг қай даражада устувор эканини кўрсатади. 


БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Акико Фудзии таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг янги NDC 3.0 стратегиясида ҳам сув масаласи иқлим сиёсатининг марказий устуни сифатида белгиланган.
“Айни пайтда Бразилияда Иқлим ўзгариши бўйича БМТ Ҳадли конвенцияси томонлари конференциясининг 30-йиғилиши доирасида муҳокамалар олиб борилмоқда ва яна бир бор Ўзбекистон ҳукуматини табриклайман — янги NDC 3.0 (миллий даражада белгиланган ҳисса) топширилди. 


Бу эса ҳукуматнинг иқлим сиёсати марказида сув масалаларини мустаҳкам жойлаштиришга ва ушбу йўналишда жаҳон минтақаларида етакчилик қилишга бўлган қатъий интилишини намоён қилади”, деди БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили.


Бугун халқаро экспертларнинг фикрлари бир нуқтада муштарак: янги Сув кодекси — бу келгуси ўн йилликларда амалга ошириладиган ислоҳотлар дастурининг йўл харитаси. Осиё тараққиёт банкининг экспертлари Жануар Лауде ва Жереми Бёрд кодексда институционал ваколатларни аниқ белгилашдан тортиб, фойдаланувчилар ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда давлат-хусусий шериклик механизмларини такомиллаштиришгача бўлган йўналишлар мукаммал белгиланганини қайд этишди. Бу эса инвесторларга ишонч, халққа адолатли сув таъминоти, давлатга эса аниқ ва шаффоф бошқарув имконини беради.


Конференция доирасида сув таъминотини яхшилаш, Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида трансчегаравий ҳамкорликни кучайтириш, Оролбўйи аҳолисини қўллаб-қувватлаш, сув таълим марказларини ривожлантириш каби муҳим ташаббуслар муҳокама қилинди. Бу борада Тошкент ирригация институти базасида Сув хўжалиги бўйича компетенциялар минтақавий марказини ташкил этиш режаси эса Марказий Осиёнинг сув муаммоларига ечим топадиган илмий-инновацион хабга айланишга қаратилган амалий қадам бўлди.


Анжуманнинг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши ҳам мамлакатнинг минтақадаги нуфузи ва ташаббускорлигини янада мустаҳкамлайди. Йиғилиш иштирокчиларининг фикрига кўра, Ўзбекистон нафақат ички ислоҳотларни жадал давом эттираётган давлат, балки трансчегаравий сув муаммоларини ҳал этишга тайёр, халқаро ҳамкорликга очиқ ва минтақавий барқарорликни таъминлашга интилаётган масъулиятли шерик сифатида намоён бўлмоқда.

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар