"Бизнесни ривожлантириш банки" коррупцияга қарши курашиш натижалари ҳақида ахборот берди

27.11.2025 15:14

«9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш» куни муносабати билан ўтказилаётган Аксилкоррупция ойлиги доирасида "Бизнесчи ривожлантириш банки" АТБ Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов иштирокида брифинг ўтказилди.   

Унда жорий йилда банкнинг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими ташқи аудитдан ўтказилиб, ISO 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқ деб топилгани маълум қилинди. 

Айни пайтда банкнинг Комплаенс назорати департаменти, ишга янги қабул қилинган ва коррупцион риски юқори хавфга эга лавозимларда фаолият юритаётган 1 359 нафар ходим «Коррупцияга қарши виртуал академия» платформасида ўқитилмоқда.

Ўтган даврда коррупцияга қарши курашиш бўйича жами 106 марта ўқув-семинарлари ташкил этилди. 

Брифингда қайд этилишича, "Бизнесни ривожлантириш банки"  ходимлари томонидан манфаатлар тўқнашуви тўғрисида тўлдирилган  декларациялар  асосида 26 та эҳтимолий, 3 та мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланиб, бартараф этилган.  

Ҳисобот даврида банк  тизимида давлат харидлари бўйича 418 та контрагент ўрганилди. Шундан 417 та контрагентга ижобий, 1 нафар контрагентга нисбатан афилланганлиги сабабли салбий хулоса берилган.

Ишга қабул қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида номзодларни лозим даражада ўрганиш ва коррупцион рискини баҳолаш тизими жорий қилинган. Жумладан, ҳисобот даврида жами 1428 нафар номзод ўрганилди. Шундан 1336 та ижобий, 92 та салбий хулоса берилди. 

Айни пайтда банкнинг коррупция ва манфаатлар тўқнашуви бўйича хабар беришга мўлжалланган 4 та алоқа канали 24/7 режимда ишламоқда. 

Шунингдек:

- банк кредитлари автоматлаштирилган Андеррайтинг тизими орқали ажратилмоқда; 

- Мижозлар учун онлайн хизмат турларининг барчаси (кредит олиш, картага ариза қолдириш, пул ўтказмасини амалга ошириш, пул ўтказмалари, валюта айирбошлаш ва бошқалар) банкнинг мобил иловаси орқали жорий қилинди;

- Харидларни амалга оширишда барча жараёнлар рақамлаштирилди.  Контрагентларни қўшимча манбалардан ўрганиш тизими ҳам жорий қилинди; 

- Муаммоли кредитларни ундириш жараёнлари рақамлаштирилиб “Soft, hard and legal collection” тизими жорий қилинди;

- Банкда имтиёзли кредитлар бўйича аризаларни қабул қилиш,  расмийлаштириш ва скоринг тизимлари тўлиқ автоматлаштирилган «Бизнес портал» тизими жорий қилинган;

- Бизнес-жараёнлар, манфаатлар тўқнашувларини мониторинг ва бошқариш мақсадида “Complaens control” назорат тизими жорий қилинган;

- Фирибгарлик хатарларини олдини олиш мақсадида «Антифрод» тизими татбиқ этилди.

Банк ахборот хизмати

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар