Иқтисодчи Отабек Бакиров йўқ бўлиб қолаётган ҳоким қарорлари ёки битта маҳалланинг ёритиш тизими учун 2 млн.доллар ажратилгани ҳақида ёзиб, Адлия вазирлигидан ҳокимият қарорларини назоратга олишни сўради.
Унинг қайд этишича, E-qaror тизими ишга тушгач, ҳеч ким сайламаган ҳокимларнинг қарорлар чиқаришдаги муттаҳамликлари анча камайди. Орқа сана билан қарор чиқариш, айниқса ер ажратиш ва сотиш билан боғлиқ қинғирликарни уюштириш орқали пул ишлаш имконсиз жараёнга айланди.
Лекин тизимда ҳалиям муаммолар мавжуд ва бу муаммолар қарор чиқариш ва ўзгартириш билан боғлиқ. Хусусан, бекор қилинган ҳоким қарорларини тизимдан қидириб топиш имконсиз. Балки тизимнинг админстраторларида бундай имконият бордир, лекин фойдаланувчилар бундан маҳрум этилган.
"Мисол келтираман. Жаноб Артикходжаевнинг 9 сентябрдаги 932-14-0-Q/22- сонли қарори билан «Обод маҳалла» дастури доирасида тунги ёритиш тизимини яхшилаш лойиҳалари (объектлари) учун ажратилаётган маблағлар тасдиқланган. Гап шундаки, тунги ёритиш тизимини яхшилаш лойиҳалари илк бор 3 августдаги 788-14-0-Q/22- қарор билан тасдиқланган. Янги қарор билан эски қарор иловаси бекор қилиняпти. Эски қарорни эса E-qaror тизимидан топа олмайсиз. Зўр-ми? Профит", деб ёзади Бакиров.
Худди шунингдек, 30 августдаги 895-14-0-Q/22-сонли қарорининг 8-банди ва 1-иловасини ҳам топиш имконсиз. Ўрганишлар кўрсатаяптики, бекор қилинган ва тизимда йўқ бўлиб қолган ҳужжатлар саноқсиз.
Бу нима дегани?! Ҳокимлар исталган масала бўйича қарор чиқариб, кейин бир муддат ўтиб, вазиятга қараб (соққали таклифларга қараб) унга ўзгартириш киритиб ёки бекор қилиб, янгисини чиқараверишади. Эскиси эса базадан йўқ бўлиб қолаверади. Бу имконият жуда кенг манипуляция ва катта ўғирликларга йўл очади.
9 сентябрдаги 932-14-0-Q/22- сонли қарорга қайтамиз. Бу қарор билан, масалан, Бектемир тумани, «Ийкота» МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун оз эмас, кўп эмас 20,1 млрд.сўм ажратилган. Яшнобод тумани, «Жарбоши» МФЙ ҳудудидаги тунги ёритиш тизимларини янгидан қуриш учун эса 19,2 млрд.сўм.
Ўзингизга кўламни тасаввур қилаяпсизми? Битта маҳалланинг ёритиш тизими учун қарийб 2 млн.доллар. (Шунчаки солиштириш учун, Шайхонтоҳур тумани «Гулобод» МФЙдаги 41-сонли мактабни реконструкция қилиш ишлари учун 10,0 млрд.сўм маблағ ажратилган)
Энди савол, бундан аввалги тасдиқланган ва бекор қилинган қарорларда бу суммалар қандай миқдорда бўлган ва ўтган давр ичида тасдиқланган сумма қанчага шиширилган?
Буни, афсуски, сиз ва биз била олмаймиз.
Ҳурматли Адлия вазирлигидан, E-qaror тизимидаги мазкур ҳолат бўйича вазиятни ўрганишини ва назоратга олишини сўраймиз, деб сўзини якунлайди Отабек Бакиров.