Бу йил кўп муҳокамаларга сабаб бўладиган “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон халқ артисти”, “Ўзбекистон Халқ шоири” каби унвонлар берилгани йўқ.
Ўзбекистонда айрим байрам ва касбларни эътироф этишга қаратилган саналар арафасида турли нишонлар, орден ва медаллар билан тақдирлаш Совет иттифоқи давридан буён такрорланиб келадиган анъаналардан саналади. Ижтимоий тармоқларда байрамлардан кейин ким муносиб, кимдир эса бу мукофотни нимадир эвазига олгани ҳақидаги муҳокамалар ҳам мавсумий такрорланиб турадиган мавзулардан саналади. Мукофотга сазовор бўлганларнинг эса, «Мен кутмагандим, арзимас меҳнатимга шундай катта эътироф этилганимдан бениҳоят хурсандман. Бу ҳаётимдаги энг бахтли кун», қабилидаги доимий шаблон интервьюлари билан тўлади.
Бу мукофотларнинг энг обрўлиси бу «Ўзбекистон Қаҳрамони» саналиб, у билан тақдирланган шахслар ойлик иш ҳақига ёки пенсияга қўшимча равишда энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида ой сайин тўланадиган устама мукофот оладилар, қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган имтиёзлардан фойдаланадилар.
Унда тақдим этиладиган «Олтин Юлдуз» медали 750 даражали (пробали) олтин қотишмасидан тайёрланади ва олд томонида ҳар бир қиррасининг икки ёнбағридан олтин нурлар таралган саккиз қиррали юлдуз шаклида бўлади, оғирлиги 12,5 гр.
Биринчи маротаба 1994 йилда ушбу мукофот билан тақдирлаш ҳақида қарор чиққан бўлиб , мукофотланганлар рўйхатида ҳужжатни имзолаган Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ўзи ҳам бор эди. Шундан буён ҳар йили Ўзбекистон Қаҳрамони мукофоти билан ўртача 3-5 киши тақдирланиб келаётган бўлиб, бугунги кунда уларнинг сони 100 нафардан ортади. Фақат бу йили ҳеч кимга қаҳрамон бўлиш насиб этмади.
Ўзбекистонда қандай орден ва медаллар бор?
Бизда орден ва медаллар анча сероб бўлиб, уларнинг нуфузига қараб мукофот белгиланган:
„Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ҳар ойлик маошига қўшимча ёки иш ҳақи миқдорида бериб борилади.
„Олий Даражали Дўстлик» ордени — энг кам иш ҳақининг 200 баравари;
„Мустақиллик» ордени — энг кам иш ҳақининг 75 баравари;
„Имом Бухорий» ордени — энг кам иш ҳақининг 70 баравари;
„Амир Темур» ордени — энг кам иш ҳақининг 70 баравари;
„Жалолиддин Мангуберди» ордени — энг кам иш ҳақининг 60 баравари;
„Буюк хизматлари учун» ордени — энг кам иш ҳақининг 60 баравари;
„Эл-юрт ҳурмати» ордени — энг кам иш ҳақининг 50 баравари;
Зулфия номидаги давлат мукофоти — энг кам иш ҳақининг 50 баравари;
„Мард ўғлон» давлат мукофоти — энг кам иш ҳақининг 50 баравари;
„Фидокорона хизматлари учун» ордени — энг кам иш ҳақининг 45 баравари;
„Меҳнат Шуҳрати» ордени — энг кам иш ҳақининг 40 баравари;
„Фахрий мураббий» ордени — энг кам иш ҳақининг 40 баравари;
1-даражали „Соғлом авлод учун» ордени — энг кам иш ҳақининг 40 баравари;
2-даражали „Соғлом авлод учун» ордени — энг кам иш ҳақининг 25 баравари;
1-даражали „Шон-шараф» ордени — энг кам иш ҳақининг 40 баравари;
2-даражали „Шон-шараф» ордени — энг кам иш ҳақининг 20 баравари;
„Дўстлик» ордени — энг кам иш ҳақининг 30 баравари;
„Саломатлик» ордени — энг кам иш ҳақининг 30 баравари;
„Саломатлик» ордени — энг кам иш ҳақининг 25 баравари;
„Мардлик» ордени — энг кам иш ҳақининг 15 баравари;
„Содиқ хизматлари учун» медали — энг кам иш ҳақининг 10 баравари;
„Келажак бунёдкори» медали — энг кам иш ҳақининг 10 баравари;
„Жасорат» медали — энг кам иш ҳақининг 10 баравари;
„Соғлом турмуш» медали — энг кам иш ҳақининг 10 баравари;[
„Шуҳрат» медали — энг кам иш ҳақининг 5 баравари;
Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи — энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдорида бир марталик маблағ тўланади.
Фахрий унвонлар
Фахрий унвонларнинг 40 га яқин тури бўлиб, улар сирасига Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Ўзбекистон Республикаси халқ шоири, Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган авиацияси ходими кабиларни келтириш мумкин.
«Фахрий унвонлар эгаларига тўловларни тайинлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра «Халқ» ва «Хизмат кўрсатган арбоб» фахрий унвонларига энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари, «Хизмат кўрсатган артист» учун 1,8 баравари, «Хизмат кўрсатган» унвони билан бошқа касбдагиларга 1,6 баравар миқдорида тўловлар берилади.
Бу йил кўпчилик кузатадиган ва муҳокамаларга сабаб бўладиган унвонлар – Халқ артисти, Халқ шоири, ёзувчиси каби унвонлар ҳам берилгани йўқ.