Ҳурматли вазир, дарсликлар яратилиши учун бюджетдан, яъни халқнинг пулидан маблағ ажратиладиган бўлса, халққа яна нега китоблар учун пул тўлаттирилаяпти? Китобнинг харажатлари балки барқарор ойликка яшаётганлар учун оғир бўлмас. Лекин, оиласида уч-тўрт болани ўқитаётган ўзи бир миллион ҳам даромад тополмайдиган оилалар учун қийинчилик туғдириши аниқ.
Молия вазирлиги маълумотларига қараганда Ўзбекистонда расман 5,3 миллион киши ишлайди, улардан 33 фоизининг ойлик маоши 1 миллиондан кам.
Жамоатчилик эътироз билдирмоқда, вазир эшитадими?
Халқ таълими вазирлиги 2022-2023 йил учун дарсликларни ижарага бериш нархлари 108 фоизга ошганини эълон қилгандан сўнг ижтимоий тармоқларда муҳокамалар бошланиб, бу «ислоҳот»га нисбатан эътироз билдирувчилар сони ортиб борди. Жумладан фаол депутат Расул Кушербоев китобларни пуллик ижарага бериш Конституцияга зид, деб ҳисобламоқда.
«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.
Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади», деб белгиланган.
Ушбу Конституцион норма талабларидан келиб чиқилса давлат умумтаълим мактабларида таълим бериш билан боғлиқ барча жараёнлар бепул ҳисобланади. Бунда дарсликлар билан ўқувчиларни таъминлаш ҳам.
Шу боис, мактабларда дарслик китобларни пуллик ижарага бериш ҳам Конституцияга зид, деб ҳисоблаймиз. Бу бизнинг нуқтаи назаримиз ва уни тўғри, деб ҳисоблаймиз. Бироқ бу борадаги якуний хулосани Конституциявий судимиз билдирганида янада мақсадга мувофиқ иш бўларди ”, деган депутат ўзининг телеграмм каналида эълон қилган постида.
Шунингдек, фейсбук саҳифасида қуйидагича изоҳларни учратиш мумкин:
“#Ким_жавоб_беради?
Бепул таълим дегани шуми?
Ижара ҳақи қандай асосга кўра белгиланади?
Бир ўқув йили фарқи билан ижара ҳақи 2,5 бараварга яқин(!) миқдорда ошганини қандай изоҳлаш мумкин, барака топкур ХТВдаги валломатлар!?
Ўқув программаси ҳар йилига ўзгарса, олимлар ўртасида дарслик яратиш талаш бўлса, энг қизиғи, бу давлатнинг таълим сиёсатига мос келмаётган бўлса, ота-оналар айбдорми?!»
«Мен ҳатто мактаб дарсликлари ижарасига 6 минг сўм тополмаган боламан.
Бу йилгилар эса ўртача 100 минг сўмни ташкил қилмоқда.
Қишлоқда яшайдиган, 5 фарзандли, уста-мардикор Райимга ичим ачийди, қийин бечорага 5 фарзандни бараварига мактабга бериш, мактаб пулларию, формасига зўрға пул топади, бу ёқда рўзғор ташвиши ҳам бор».
«Ижтимоий ҳимоя ягона реестерига ҳамма кам таъминланган ҳам кира олмайди биласизми? Тартибини ўқидингизми 490 мингдан ортиқ ойлик олмаслиги керак. Сизни ўзизга ойизга 490 минг етадими?»
«Миллионларни тўйга сарфлаган миллат 100 мингни таълимга бермайди»
Ижтимоий тармоқларда нархлар ошишини ёқлаб фикр билдираётганлар ҳам бор, жумладан улар халқимиз тўйга ёки битта ўтиришга бемалол миллионлаб сарфлашини таълимга эса 100 мингни қийналиб бераётганини айтишган.
Бу каби фикрларга хайрихоҳлик билдирган Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова шундай маълумотни ўз саҳифасида эълон қилди:
«Хабарларни тўлиқ ўқимай эски китоб тарқатилса нархи нега ошади деб сўраётганлар учун!
60 миллион нусхада янги авлод дарсликлари чиқяпти бу йил, бу ҳазилакам рақам эмас!
Бу йил Президент Фармони билан 3-, 6-, 7- ва 10-синфлар учун тўлиқ, шунингдек 2- ва 3-синф учун машқ дафтарлари, барча синфлар учун инглиз тили, немис тили ва рус тили фанларидан жами 60 миллион нусха янги авлод дарсликлари (2021 йилда 25 миллион дарслик) чоп этиляпти.
Бу дарсликларни 2022 йил охиригача тўлиқ чоп этиб ўқувчиларга етказиш топшириғи қўйилган, вазирлик бу вазифани ноябргача тўлиқ якунлаш ҳаракатида!
ДАРВОҚE!
Қуйидаги фуқаролар дарслик ижара тўловидан озод этилишини эслатиб ўтамиз:
- биринчи синф ўқувчилари;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оилаларнинг фарзандлари;
- «Меҳрибонлик уй»лари тарбияланувчилари;
- Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ўқувчилари.
Бир йилда бир неча бараварга нархлар ошмоқда, сабаб нима?
Халқ таълими вазирлиги хабарида бунга шундай изоҳ берилган:
«Жорий йилда янги дарсликларнинг чоп этилиш харажатларининг, хусусан дунё бозорида қоғоз нархи (фақатгина 2022 йилнинг ўзида қоғоз нархи 60-70 фоизга ошган) ва қоғозни мамлакатимизга етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг кескин ошиб кетиши, табиийки дарсликларни чоп этиш учун харажатларнинг ҳам ошиб кетишига олиб келди.
Ижара тўлови миқдорлари дарсликлар учун амалга оширилган харажатлардан келиб чиқиб, бир дона дарслик учун ягона суммасини тўпламдаги дарслик ва машқ дафтарлари сонига кўпайтириш йўли орқали белгиланади. Бунда ягона сумма барча синф ва таълим тиллар учун бир хил этиб белгиланади.
Жорий ўқув йилида ўртача бир дона дарслик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5 707 сўмни ташкил этмоқда ва ўтган ўқув йилидаги миқдор (2 740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга (108%) ошган.
Ижара тўлови суммасини ота-оналар дарслик тўпламини тўлиқ олгач 1 октябрга қадар амалга оширишлари мумкин».
Жорий йилдаги нархларни синфлар кесимида қандай белгиланганини қуйидаги жадвал орқали кўришингиз мумкин:
2021-2022 ўқув йилида таълим тили Ўзбек синфлар учун дарсликлар тўпламларининг ижара нархлари қуйидагича эди:
Кўриб турганингиздек, нархлар анча фарқ қилади. Бюджетдан молиялаштириладиган тизим учун бундай фавқулодда нархларнинг оширилиши ота-оналарнинг эътирозига олиб келиши табиий эди.
Давлат раҳбари таълим сифати ҳақида юқори минбарлардан туриб, куюниб гапиради. Унга масъул вазирликлар эса кетма-кет бахсталаб “ислоҳотлар”ни тақдим этади. Учта вазирлик учун кетаётган бюджет маблағларини агар таълим ривожи учун сарфланса, фойдаси кўпроқ тегиши аниқ.
Рост24 бу мавзуга тез орада яна қайтади. Китобларни нашр этган нашриётлар кимларга тегишли, улар нархларни қандай асосга кўра оширган ва ҳақиқатда бу ҳаражатлар асослими? Бу ҳақида кейинги материалларимизда танишишингиз мумкин бўлади.