Ўзбекистон ҳукумати тарихий адолатни қачон тиклайди?

27.08.2022 01:09

Ватан учун жон берган жадид боболаримизнинг тарихий уй-жойлари айни пайтда меҳмонхоналарга айлантирилган. Бу жойлар аслида музей ҳолида, маданий мерос бўлиб сақланиши керак эмасмиди?

Топталган жадидчи ватанпарварлар мулкини қайтариш ва тарихий объект сифатида эъзозлашга Ўзбекистон ҳукумати эътибор қаратадими? 

Ўзини мустақил давлат сифатида эълон қилган Ўзбекистон унга жонини фидо қилган жадидлар мероси ва меросхўрлари ҳақи борасидаги адолатни тиклашни ҳам унутмаслиги керак. Бизнинг-ча, совет давридан мустақилликкача етиб келган жадид ватанпарварларнинг ҳовлиларини давлат (ҳокимият) тижоратчиларга пуллаган экан, эндиликда унинг ворислари олдида ҳисоблашмоғи зарур. Давлатнинг энг қалин устунларидан бири уни фуқароларига қиладиган адолат бўлиши керак. Шундай эмасми?..

Рус босқинига қарши курашган, отасининг бойлигини бу йўлда сафарбар этган - жадид, раҳбар, дипломат Усмон Хўжаевнинг Бухородаги ҳовлиси ҳамон тарихий, маданий мерос объектига айлантирилмади. Файзулла Хўжаевнинг уй музейига унинг номини қайтариш топшириғи эса ҳамон қоғозда қолмоқда. Уларнинг авлодига тегишли яна бир ҳовли ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлишига қарамасдан маҳаллий ҳокимият томонидан тадбиркорларга сотиб юборилган ва маданий мерос сифатида қайд этилмаган. Ватанимиз мустақиллиги учун курашган бу йўлда жонини аямаган ватандошларимизнинг мулки бир вақтлар талон-тарож қилингандир, аммо улар ўз эгаларига қайтарилиши ёки тарихий объект сифатида эъзозланиши керак.

Бу ҳақида, 24 август куни Rost.uz сайтида эълон қилинган Тарихий шармандалик ҳикояси: «Содиқ Сафоев ваъдангизни қачон бажарасиз?» номли мақола эълон қилинган эди. Мақолага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос агентлиги муносабат билдирди.

Унга кўра, тарихий аҳамиятга эга икки объект тадбиркорларда қолмоқда. Биргина Файзулла Хўжаев уй музейи ҳозирда бошқа ном билан аталиб келинади ва унга ўз номи қайтарилиш масаласи қоғозда ҳал этилган.

Яъни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 215-сонли «Ҳудудларда аҳоли билан ўтказилган учрашувлар давомида билдирилган таклифлар ва аҳолини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этишга қаратилган амалий тадбирларни ўз ичига олган «йўл харитаси»нинг 56-бандида «Бухоро шаҳрида мавжуд «Бухоролик бой савдогар уй-музейи ёдгорлик мажмуасини «Файзулла Хўжаев уй-музейи» деб қайта номлаб, унинг янги экспозициясини яратиш» вазифаси берилган.

Шуни инобатга олиб, «Бухоро» давлат музей-қўриқхонаси томонидан «Бухоролик бой савдогар уй-музейи» номини «Файзулла Хўжаев уй-музейи» номига алмаштириш бўйича ҳукумат томонидан ҳужжат ишлаб чиқилмоқда".

Қолган икки тарихий уй тадбиркорга тегишли эканлиги айтилар экан, мустақилликдан сўнг ҳокимлик томонидан сотилган бу уйларнинг тарихий эгалари олдида ҳукумат қарздорлигини ёдга олмаган. Бу масалага ортиқча тўхталмаган ҳам. Биз тадбиркорга эътирозимиз йўқ. Аммо, объектни сотган тараф унинг маърифатпарвар, жадидчи тарихий эгаси олдида қарздор эмасми?

Муносабатда шундай дейилади:
Маълумотларга кўра, Усмон Хўжаев 1878 йил Бухородаги бой савдогар оиласида дунёга келган. 1908 йилдан 1912 йилгача Истанбулдаги университетда ўқийди. Бухорода жадид мактаблари очиш учун у Истанбулда фонд ташкил қилади. 1913 йилда Бухорога қайтиб келади ва ҳозирги Бухоро шаҳри, Шайх Гулрез кўчаси, 13-уйда жойлашган ҳовлисида Бухоронинг янги усулдаги мактабини очади.

Кейинчалик Усмон Хўжаев рус босқинига қарши курашиб, Афғонистонга, Афғонистон орқали Туркияга ўтишга мажбур бўлади.

Унинг Бухородаги яшаган ҳовлисида эса мустақиллик йилларига қадар вилоят прокуратураси, вилоят суди фаолият юритган. Ҳовлининг ертўласи (подвалларида) судланувчи-жиноятчилар сақланган.

Кейинчалик ҳовли Бухоро шаҳар коммунал хўжалиги ихтиёрига берилган. 1997 йилдан бери хусусий тадбиркор томонидан меҳмонхона сифатида фойдаланиб келинган. Ўша пайтда унинг эгаси ким бўлганини аниқлаш бўйича ваколатли ташкилотлар томонидан изланишлар олиб борилмоқда. Меҳмонхона 2013 йилда самарқандлик тадбиркор И. У. қўлига ўтган.

Сайтда берилган Темурхўжа Файзулла Хўжаевнинг амакиваччаси бўлиб, уларнинг уйлари Гавкушон мадрасаси ёнидаги Эски Октябрь кўчаси, 13-уйда жойлашган. Бу уйда ҳозирги кунда «Ҳовли Поён» меҳмонхонаси жойлашган бўлиб, Самарқанд вилояти Пайариқ туманида ҳисобда турувчи Н.Т.га тегишли. Яна шуни қайд этиш лозимки, ушбу турар-жой хусусий мулк бўлиб, Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилмаган.

Rost24.uz сайти вазиятни тадқиқ қилар экан, ҳукумат шу юрт учун жонини берган жадидларнинг тарихий мулкини қайтариши кераклигини сўрайди. Ҳатто уларнинг фарзандлари буни талаб этмаган тақдирда ҳам Ўзбекистон ҳукумати тарихий адолатни тиклаши зарур.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
29.08.2022 02:21
Бутун отасини мол мулкини ва Бухоро амирини олтинларини бериб юбориб Бухоро халқини устига бомба ташлатирган одамни жадидчи деб уйини музей қишини нима кераги бор, Сталин Ф. Хўжаевни ўлимга хукум қилганда ўз элига эл бўлмаган бизга хам эл бўлмайди деган сўзларни айтган
27.08.2022 22:59
Тарихи йук халкнинг келажагихам йук саводдсиз вазирлар буни билармиди