Жадидлар хотирасини сақлаш борасида қилинган мурожаатлар нега инобатга олинмаган?
Файзулло Хўжаевнинг ҳовлисидан бугун тижорат мақсадида фойдаланилаётгани, унинг авлоди бундан норози эканлиги ҳақида аввалги мақолада ёзилган эди. Навбатдаги материалда у кимга мурожаат этгани ва нега Файзулла Хўжаев номи олиб ташлангани, шунингдек, қандай асосга кўра жадидлар мероси тадбиркорларга ўтгани ҳусусида тўхталиб ўтилган.
Иккинчи мақола
Яқинда жадидлар ҳақида китоб чоп этилди, шу аснода яна жадидчилик ҳаракатига қизиқиш уйғонди, жадидизм ҳақида нутқлар қулоққа чалинмоқда. Буларку яхши, аммо... «Танганинг иккинчи томони»ни кўрмай қоляпмиз: жадид дарғаларига тегишли манзилгоҳлар аҳволидан хабардормизми?
ПУЛЛАНГАН ХОТИРА
Дунёда ҳамиша жадидчиликка қизиқиш кучли. Чунончи, Туркистон тарихига қизиққан борки, албатта, Бухородаги жадидлар манзилгоҳларини ҳам суриштиради. Чунки Бухорода туғилиб ўсган Файзулло Хўжаев, Усмон Хўжа, Абдурауф Фитрат, Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, Отаулла Хўжаев ва бошқа кўплаб дарғаларнинг фаолияти ҳақидаги изланишлар Ўзбекистондан кўра, чет мамлакатларда чуқурроқ ўрганилган.
Афсуски, жадидчилик илдизлари билан танишиш учун Бухорога келганлар (айниқса, хорижликлар) бир нарсадан ҳайратга тушишади, сабаби Ўзбекистонда жадидларнинг манзилгоҳлари сотилган ё ўзгартирилган. Шу боис улар бу ўлканинг ўз тарихига бўлган муносабатига ҳайрат ва ачиниш билан кифояланади, холос...
ЮЛИНГАН НОМ
Бухоро. «Ғозиён» маҳалласи. Бу ерда 500 йил орқага кетган миллатни уйғотиш учун курашган ва 3 марта ўлимга ҳукм этилган Файзулло Хўжаевнинг ҳовлиси бор. Мазкур уй ҳамиша Европа мамлакатларида муҳим тарихий объект сифатида қизиқиш уйғотади. Аммо давлат арбоби, сиёсатдон, отасидан қолган маблағни жадид мактаблари очишга, ёш бухороликлар фаолиятини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга чақирган Файзулло Хўжаевнинг ҳовлисидан бугун тижорат мақсадида фойдаланилади. Умумий майдони 4 гектар бўлган ҳовлининг катта қисми тадбиркорларга фойдаланиш учун сотилган. Бугунги кунда ҳовлининг аёллар яшайдиган ичкари ва ташқи қисмидан эса жуда кичик жойнинг асл ҳолати сақланган. Бироқ бугун хонадондан Файзулло Хўжаев номи «юлиб» ташланиб, унга «Бухоролик бой савдогарнинг уйи» номи ёпиштирилганини кўриш мумкин. Яъни 2017 йил 11 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «2017-2027 йилларда қайта ташкил этиладиган давлат музейлари тўғрисида»ги 975-сонли қарорида Бухоро давлат бадиий-меъморий музей- қўриқхонасининг «Файзулло Хўжаев уй-музейи» «Бой савдогар хонадони уй-музейи» номи билан қайта ташкил этилди. Тарихчи олимлар: Сулаймон Иноятов, Шодмон Ҳайитов, Ойбек Рашидов ва Дилноза Жамоловалар Бухоро шаҳар ҳокимиятига қайта-қайта музей номи масаласида мурожаат қилган. Уларнинг музейга Файзулло Хўжаев номи қайтарилишини сўраб қилган мурожаатлари афсуски, бугунгача инобатга олингани йўқ.
НАВБАТДАГИ ШАРМАНДАЛИК ҲИКОЯСИ...
Ўзбек жадидчилик ҳаракати етакчиси, Туркистон миллий озодлик ҳаракати аъзоси Усмон Хўжанинг ҳаёти Туркистон тарихидаги қимматли манба. Унинг Бухородаги жадид мактабини очган катта тарихий ҳовлиси сақланиб қолгани, мустамлакадан мустақилликка омон чиққани мўъжиза. Аммо буни қарангки, бу ҳашаматли тарихий ҳовли Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан самарқандлик тадбиркорга пулланган. Бугун тадбиркор уйни этно-меҳмонхонага айлантириб, «соққа» қилмоқда.
Мана шу ҳовлида Усмон Хўжа биринчилардан бўлиб, Туркияда таълим олиб қайтгач, Бухоронинг янги усулдаги мактабини очган ва стол, стул, глобус, хариталар билан мактабни безаб, илм толибларни ўқитган. Ҳаттоки бепул таълим берилган. Гавкушон гузарининг бугунги Хўжа Гулрез кўчасида жойлашган 13-рақамли бу ҳовли давлат ихтиёрига олингач, турли идоралар жойлашган. Узоқ йиллар ҳовли Бухоро вилоят прокуратураси, вилоят судининг идораси бўлган.
Шунингдек, бошқа қатор ташкилотлар фаолият кўрсатган. Унинг таг-хона (подвал)ларида судланувчи-жиноятчилар сақланган. Кейинчалик ҳовли шаҳар коммунал хўжалиги ихтиёрига берилиб, бир неча қисмга бўлиб сотиб юборилади. Орадан 150 йилдан ошиқ вақт ўтган бўлсада, ҳовли бугун асл ҳолатини йўқотгани йўқ. Ўша даврдаги дарвоза, айвон, нақшинкор хоналарни кўриб, аждодлар меҳнати, бунёдкорлигига қойил қоласиз. Бухоронинг энг марказида жойлашган ва тарихий аҳамиятини йўқотмаган ҳовли ишбилармонлар эътиборидан четда қолмади. Самарқандлик тадбиркор томонидан давлатдан сотиб олинган ҳовли айни кунда қимматбаҳо меҳмонхона вазифасини бажаряпти.
ВАЪДА
АҚШ давлат Мичиган университети профессори, Усмон Хўжанинг ўғли –Темур Хўжа 2019 йилнинг июнь ва декабрь ойларида Бухорода бўлган ва ҳовлида Бухоро жадидлари музейини очишни таклиф қилган. У бу фикрни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев ҳузурига кириб, айтган. Содиқ Сафоев ҳам бу ғояни қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Темур Хўжа ўғли Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Меҳмет Сурайё Эр ҳузурига кириб, шу ғоя хусусида маслаҳатлашади ва унинг розилигини олади. Ўшанда агар бу ғоя амалга ошиб, Усмон Хўжа ҳовлисида Бухоро жадидлари музейи очилса, минглаб жадидларнинг табаррук номи аниқланиб, уларнинг руҳи шод бўлиши ҳақида гапирилади. Бироқ, бу воқеадан 3 йил ўтган бўлсада, на Содиқ Сафоев ва на бошқа ҳукумат аъзолари уйни тадбиркордан сотиб олиш тўғрисида бош қотириб кўрганича йўқ.
ЖАДИД, РАҲБАР, ДИПЛОМАТ: УСМОН ХЎЖА КИМ ЭДИ?
Усмон Хўжа 1878 йил Бухородаги бой савдогар оиласида дунëга келган. 1908 йилдан 1912 йилгача Усмонли империяси пойтахти Истанбулдаги университетда ўқийди. Қримга бориб, жадидчилик отаси Исмоил Ғаспирали билан учрашади. Бухорода жадид мактаблари очиш учун у Истанбулда фонд ташкил қилди. 1913 йилда Бухорога қайтди ва “Ëш бухороликлар» жадид ташкилоти асосчиларидан бири бўлди.
1918 йилда Бухоро амирини ағдаришга уриниш муваффақиятсиз бўлгани боис Усмон Хўжа Тошкентга қочган. Тошкентда у сўл эсерлар (социалист революционерлар) билан ҳамкорлик қилди. 1920 йилда амир ағдарилиб, Бухорода республика тузилганида¸ Усмон Хўжа Молия вазири¸ кўп ўтмай Давлат назорати вазири бўлди.
1921 йил Бухоро республикасининг иккинчи қурултойида Усмон Хўжа президент қилиб сайланди. У Бухоро республикаси мустақиллигини таъминлаш учун совет Россиясидан узоқда бўлиши зарурлигини ўз сиëсатининг илдизи сифатида танлайди.
Бироқ унинг рус босқинига қарши курашган гуруҳи мағлубиятга юз тутгач, у совет таъқибидан қочиб, Афғонистонга, Афғонистон орқали Туркияга ўтишга мажбур бўлади. Келгуси умрини Туркияда ўтказган Усмон Хўжа Туркистон озодлиги учун кейинги курашни мафкура майдонига кўчиради ва Туркияда озодлик чақириғига даъват қилган «Янги Туркистон» журналига асос солади. Бундан ғазабланган Совет ҳукумати Туркияга босим ўтказиб, Усмон Хўжани топширишни талаб қилган. Унинг боши эвазига катта пуллар ваъда қилинган. Аммо Туркия Республикаси биринчи президенти Мустафо Камол Отатуркнинг ҳимоясида бўлган Усмон Хўжанинг хавфсизлиги таъминланди, Усмон Хўжа руслар қўлига топширилмади.
У Афғонистон, Варшава, Теҳрон ва Туркияда дипломатия ва разведка соҳаси бўйича турли лавозимларда ишлади. Унинг Британия ҳукумати билан яқин алоқада бўлгани айтилади. Умрининг сўнгги йилларида Усмон Хўжа Туркиянинг Анқара шаҳрида ўзи ташкил этган «Турк маданиятини тадқиқ қилиш институти “ (Türk Kültürünü Araştırma Enstitüsü)ни бошқарди. У 1968 йилнинг 28 июлида 90 ëшида Истанбулда оламдан ўтди. Унинг дафн маросими ҳарбийларга хос ҳурмат -эҳтиром билан ўтказилган. Усмон Хўжанинг мозори Истанбулнинг «Ускудар» маҳалласидаги «Ўзбеклар такяси»да жойлашган. Бухородаги жадид мактаби очган ҳовлиси эса юқорида англаганингиздай аллақачон «соққа»га айлантирилган. Мазкур хонадон билан танишиш учун мўмайгина пул тўламасангиз, уни кўра олмайсиз. Усмон Хўжанинг ўғли Темур Хўжа 4 йил аввал ота уйида бир кеча тунаш учун 25 доллар тўлагани ҳақида гапиради.
Бугун жадидларни китобга киритганмиз, деб севинмоқдамиз. Лекин, тарихий шахс китобга киргани билан халқ қалбига кириб қолмайди. Токи, миллатга чироқ тутганларнинг номини абадийлаштириш, уларнинг манзилгоҳларини тиклаш йўлида қадам ташланмас экан, улар омма тафаккуридан ўрин олишига умид боғлаш қийин.
Мафтуна Каримова