Ҳудудларда болалар ўйинчоқ эмас, тош ўйнаб катта бўлишаяпти. 9 326 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 4 232 тасида эса давлат боғчалари мавжуд эмас. Тизимдаги ходимлар маоши Ўзбекистондаги энг кам маошлардан бири саналади. Мактабгача таълим муассасаларидаги ходимлар маоши қанча ва қачон ошади?
«Мактабгача таълим вазирлиги қарори билан коррупцион ҳолатлар аниқланиб ишдан озод этилган ходим, бир қанча муддатдан кейин суд қарори билан яна қайта ишга тикланмоқда. Бу биздаги оғриқли ҳолатлардан бири», дейди мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.
Миллий матбуот марказида мактабгача таълим вазирлиги матбуот анжумани ўтказди. Унда журналистлар тизимдаги камчилик ва муаммолар юзасидан саволлар билан вазирлик раҳбариятини сўроққа тутди. Кўпчилик учун қизиқ бўлган масалалардан бири, вазирлик ва вазирликнинг қуйи тизимларида коррупцион ҳолат билан ишдан бўшатилаётган ходимларнинг яна ўз иш жойларига қайта тикланишлари муаммоси бўлди. Сўнгги кунларда мазкур вазирликдаги коррупцион ҳолатлар бўйича Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ахборот берган эди. Унда аксарият коррупцияга оид жиноятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим тизимида кузатилаётгани айтилган.
Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева ушбу масалага тўхталар экан, коррупцион ҳолатлар билан ишдан олинган ходим суднинг қарори билан яна тизимга қайтаётганини таъкидлади. Суднинг қарори устунроқ, дейди у.
Шунингдек, матбуот анжуманида журналистлар томонидан Республиканинг чекка, тоғли ҳудудларида қўғирчоқ кўрмай тош ўйнаб катта бўлаётган болалар борлиги танқид остига олинди.
Вазирлик тақдим этган статистик маълумотларга кўра, ҳозирда мавжуд 9 326 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 4 232 тасида давлат боғчалари мавжуд эмас. Энг кўп боғчасиз маҳаллалар Тошкент вилоятига тўғри келмоқда. Тошкент вилоятида 1020 та маҳалла бўлиб уларнинг 300 тасида умуман боғча мавжуд эмас, 587 та маҳаллада фақатгина хусусий боғчалар ишлаб келмоқда.
Мактабгача таълим муассасаларидаги ходимлар маоши камлиги масаласи ҳам йиғилиш кун тартибидаги мавзу бўлди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб, 3-5 ёшли болалар гуруҳларида ишловчи тарбиячининг ойлик иш ҳақи ўрта махсус бўлганда – 1 506 229 сўм, олий маълумотли бўлганда – 1 631 200 сўм, иккинчи малака тоифали бўлганда – 1 764 116 сўм, биринчи малака тоифали бўлганда – 1 902 593 сўм ва олий малака тоифали бўлганда 2 046 822 сўмни ташкил этмоқда;
Тайёргарлик гуруҳи (5-7 ёшли болалар гуруҳи) тарбиячисининг ойлик иш ҳақи олий маълумотли бўлганда – 2 341 247 сўм, иккинчи малака тоифали бўлганда – 2 507 193 сўм, биринчи малака тоифали бўлганда – 2 677 369 сўм ва олий малака тоифали бўлганда – 2 840 329 сўмни ташкил этмоқда.
Мавлуда Асқархўжаева боғча ходимлари маошини ошириш биргина МТМ вазирлиги билан боғлиқ эмаслигини иддао қилмоқда. Аммо, мазкур вазирлик низомида мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш тизимини яратиш вазифаси ҳам келтирилган.