Давлатнинг бир нечта фойда кўраётган компаниялари сотилмоқда

21.08.2022 17:18

15 август куни Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилиниб, 2022-2023 йилларда давлат иштирокидаги 21 та йирик корхонанинг акцияларини фонд биржасида бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди.

Шундан кўп ўтмай, Давлат активларини бошқариш агентлиги сайтида бир неча компанияларнинг хусусийлаштирилаётгани ҳақида хабарлар чиқди. Хўш уларнинг қайси бири кўпроқ даромад кўраётган эди?

 UzCard

Давлат активларини бошқариш агентлиги  Давлат тендер комиссияси томонидан Uzcardдаги 75 фоиз давлат улуши мустақил баҳолаш ташкилотини жалб этиб сотилиши тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабар берди. Унинг даромади ва фойдаси ҳақида эса маълумотлар йўқ. 

“Иссиқлик электр станциялари”

“Иссиқлик электр станциялари” АЖдаги 51 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушини хусусийлаштириш назарда тутилмоқда.

Жамият таркибига 6 та иссиқлик электр станциялари, 3 та иссиқлик электр марказлари ва 3 та соҳа корхоналарига хизмат кўрсатувчи ташкилотлар киради. “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан 2021 йилда 60,5 млрд. кВт.соат электр энергияси ва 5,6 млн. Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилди. 2021 йил якунига кўра Жамият 360,1 млрд. сўм миқдоридаги соф фойдага, шунингдек 13,2 трлн. сўм миқдоридаги устав капиталига эга.

Ўзимизнинг монопол – Ҳаво йўллари

"Uzbekistan airways" АЖ устав капиталидаги 51 фоиз ва ундан юқори миқдордаги давлат улушининг савдога чиқарилиши режалаштирилган.

"Uzbekistan airways" АЖ 50 нафардан ортиқ белгиланган йўналишларда, жумладан Европа, Осиё ва Шимолий Америка мамлакатларига мунтазам равишда рейсларни амалга оширади. Авиакомпаниянинг ваколатхоналари 20 дан ортиқ дунё шаҳарларида фаолият кўрсатади.

Компаниянинг асосий фаолиятидан ташқари, "Uzbekistan airways" АЖга тегишли "UZBEKISTAN AIRWAYS TECHNICS" МЧЖ (ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш), "UZBEKISTAN HELICOPTERS" МЧЖ (маҳсус авиация), "O‘QUV-MASHGULOT MARKAZI" МЧЖ (таълим фаолияти) ва "KETRING" МЧЖ (борт учун озиқ-овқатлар етказиш) каби таркибий корхонлари мавжуд.

2021 йил якунига кўра компания 6,3 трлн. сўм миқдоридаги соф тушумга, 53,7 млрд. сўм миқдоридаги соф фойдага, шунингдек 4,2 трлн. сўм миқдоридаги устав капиталига эга.

“Dori-Darmon” AЖ

Тегишли хусусийлаштириш дастурига мувофиқ, “Dori-Darmon” AЖни устав капиталидаги 51 фоиз акциялар пакетини хусусийлаштириш назарда тутилмоқда.

Dori-Darmon” AЖ – Ўзбекистондаги жадал ривожланаётган фармацевтика бозоридаги етакчи улгуржи ва чакана савдо компанияси ҳисобланади. Жамиятнинг ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлиб, улар таркибига 7 та акциядорлик жамияти ва 14 та масъулияти чекланган жамият, жумладан, 17 та омборхона, 15 та таҳлил лабораторияси киради.

2021 йил якунига кўра, компания 402,1 млрд. сўм соф тушум ва 32,6 миллиард сўм соф фойда олган.

“CHINOZ NEFTNI QAYTA ISHLASH ZAVODI” МЧЖ

“CHINOZ NEFTNI QAYTA ISHLASH ZAVODI” МЧЖни устав капиталидаги 100% давлат улушини хусусийлаштириш белгиланган. МЧЖнинг асосий вазифаси нефтни қайта ишлаб бензин, керосин, мазут, дизел ёқилғиси ва мойларга айлантиришни ташкил этишдан иборат. Ушбу саноат корхонаси йилига 117,0 минг тоннадан зиёд углеводород хомашёсини қайта ишлаш имконини берувчи замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган. Устав фонди – 102,0 млрд. сўмни ташкил этади.

Самарқанддаги “UzAuto TRAILER”

UzAuto TRAILER” МЧЖни устав капиталидаги 100 фоиз давлат улуши сотилади

Корхонанинг лойиҳавий қуввати 3 000 донагача: 2 000 дона ярим тиркама ва 1 000 дона осма техника, Ўзбекистон Республикаси хўжалигининг турли тармоғини таъминлаш учун кенг қамровли автомобил техникаларини, шу жумладан самосвал кузови, ярим тиркамалар, контейнер ташувчилар, тентли кузовлар, изотермик ярим тиркамалар ва фургонлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.

Устав фонди: 158,6 млрд.сўм. 2021 йил бўйича: фойда: 626,2 млрд.сўм, соф фойда: 53 млрд. сўм.

Тасдиқланган йўл харитасига биноан, давлат иштирокидаги қатор йирик компаниялар ўз акцияларини фонд биржасига бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштиришлари режалаштирилган. Қишлоқ қурилиш банк , “Ўзметкомбинат” АЖ, “UzAuto Motors” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Агробанк , Алоқабанк, Микрокредитбанк, “Universal Sug‘urta” АЖ, “Alskom” АЖ , “Ўзтемирйўлконтейнер” АЖ, Халқ банки, “Ўзбекинвест” АЖ, “Ўзбекгеофизика” АЖ, Миллий банк “Ўзагросуғурта” АЖ, “Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Қурилишмашлизинг” АЖ , “Ўзтрансгаз” АЖ шулар жумласига киради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
7
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
22.08.2022 12:02
Сотаверинглар. Тог'ай Мурод отамдан колган далалар
22.08.2022 00:16
Xayrlisi boʻlsin. Umid qilamiz bu shirkatlarni qarindoshlari xarid qilmaydi, xuddi 6 milliardlik FNQIZni 100 million dollorga sotib olgandek