Ёхуд муаммоларни ҳал қилишнинг “Форишча” усули — мутасаддилар ишсиз оилани ҳали ўзи йўқ ишхонага жойлаштиришни ваъда қилишди
Камбағалликдан чиқариш учун ночор оилага 8 бош товуқ берганини иддао қилаётган ҳокимиятдан яна нима кутиш мумкин?..
Прокурор бошчилик қиладиган сектордаги бор ҳолат шу.
Президент нега ҳудудларни секторларга бўлган?.. Ҳар бир сектор раҳбари ўзига бириктирилган ҳудуднинг ободлигига, муаммоларига жавобгарликни ҳис қилиши, ҳар бир оиланинг ижтимоий аҳволидан хабардор бўлиши учун… Аммо афсуски, Фориш туман прокурори ҳудуди ҳисобланган “Гараша” маҳалласининг Чоштепа қишлоғида прокурорнинг иш тизими Давлат раҳбари истаганчалик даражада деб бўлмас экан.
Сайтимизда 19 июль куни “Ҳокимлик ёрдами билан камбағалликдан қашшоқликка туширилган оила” деб номланган видео материал эълон қилинганидан сўнг, мақола ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Орадан бир кун ўтиб Фориш туман ҳокимлигининг мазкур мақолага “Мурожаатлар асосли бўлсин!” номли антиқа раддияси эълон қилинди. Мақолада Фориш тумани “Гараша” маҳалласи Чоштепа қишлоғида яшовчи Сурайё Ҳакимованинг оилавий аҳволи баён этилгани ҳокимликдаги баъзи амалдорларнинг ҳамиятига қаттиқ теккан кўринади, чунки раддияда асосдан кўра жаҳл ва иддао кўпроқ кўзга ташланади. Ҳокимлик ёрдам олган оилани салкам жиноятчи ва боқимандага чиқаради. Ваҳоланки, ўша ҳудудда оилани ишлаши учун биронта иш ўринлари мавжуд эмас, қишлоқ инфраструктураси ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили.
“Тез кўпайиши ва тез даромад келтириши инобатга олиниб Воҳид Ҳакимов оиласига ҳам 7 миллион 800 минг сўм кредит маблағи эвазига Сурайё Ҳакимова видео лавҳада таъкидлаётганидек 4 бош эчки ва бир бош така эмас, балки 9 бош эчки берилгани”ни ёзган ҳокимлик вакиллари видео лавҳани тузукроқ кўрмаган ҳам шекилли, чунки видеода Сурайё Ҳакимова “4 бош эчки боласи билан, битта така беришди” дейди. Яъни, раддияда ҳар бири улоқчали бўлган тўртта она эчки 8 бош бақувват ва соғлом, танлаб олинган эчкиларга, хонадон эгалари эса шундай сара молларни “йўқ қилиб юборган” жиноятчиларга айланиб қолмоқда. Қизиғи шундаки, аёл ва қўшниларнинг таъкидлашича, ўша қишлоқда ана шундай ёрдам олган бошқа оилаларнинг ҳам эчки ва такалари ҳам касалманд бўлиб чиққан ва нобуд бўлган.
Видео лавҳада оиланинг иқтисодий аҳволи, яшаш шароити яққол кўриниб тургани ҳолда, ҳокимликнинг “0,49 гектар ерда артезан қудуғи қазилган (маълумот учун, бу қудуқни С.Ҳакимованинг отаси ўз маблағига қаздириб берган, ҳокимликнинг бунга алоқаси йўқ), экилган 50 тупдан зиёд мевали, 50 тупдан зиёд ток ҳосилга кирган ҳамда бошқа озиқ-овқат экинлари етиштирилмоқда”, дея иддао қилиши кулгили ва уятли. Кунлик рўзғорини зўрға юритаётган, доимий иш жойига эга бўлмаган, дори-дармонга эҳтиёжи бўлса-да имкони бўлмаган оила касал эчкиларни соғайтириб олиши, боқиши, даласига сув олиб чиқиш учун артезиан ўрнатиши, уйига кадастр ҳужжатини қилиш учун харажатларга пул топиши, ҳатто даласига кўчат, ўғит олиши ҳам қийин эканини, бундай харажатларни эплолмаслиги табиий ҳол эканини, касал эчкилар парвариш қилиш қандай қийин эканини тушуниш учун наҳотки шундай кулбада ва шароитда яшаб кўриш шарт бўлса?
Президент сиёсатини юритаётганликда даъво қилаётган ҳокимият оилага 8 бош маҳаллий товуқ берганини ҳам алоҳида иддао қилади. Куласанми, йиғлайсанми?..
8 бош товуқ билан бир оилани обод қилишни кўзлаган ҳокимият Сурайё Ҳакимова товуқларни эчки кредитини ёпиш учун сотгани ва қолгани иккисини боқаётганини суриштириб ҳам кўрмаган. Энг ачинарлиси, уйи атрофидаги 0,49 гектар ерни аёл қариндошлари ёрдами билан қудуқ қазитиб, яқинларидан кўчат сўраб экиб, обод қилиб, яратган боғни ноқонуний фойдаланишда айбламоқда. Атрофда бўм-бўш сувсиз ерлар ястаниб ётибди. Бироқ, ҳокимлик эшиги тагидаги тақир ерни обод қилиб ўтирган оилани айблаш билан овора. Ҳокимият яна шу боғни рўкач қилиб, оила камбағал эмаслигига ишора қилади. Ваҳоланки, боғ яратилганига 3 йил бўлган ва дарахтлар эндигина кўчатга кирган. Меҳнаткаш оила эса шу тақир ялангликни гулистонга айлантирган.
Эътибор берган бўлсангиз, аёл бутун кўрсатув давомида ҳокимликдан на “кадастрсиз” уйини таъмирлаб беришини, на молиявий ёрдам беришни, на тиқиштирилган кредитни тўлаб беришини сўрамайди. Видео сўнггида икки оғиз жумла билан, қишлоқда, яқин-атрофда заводми бирор корхонами бўлганида ишлаган бўлишини, ўзидек аёллар кўплигини айтади холос.
Бизда камбағаллик қачон қисқаради?
Эри учинчи гуруҳ ногирони бўлиб, ҳар олти ойда даволанишга имкони бўлмаган, болаларини чаён ва илонлардан ҳимоя қилишни истаган, ҳокимлик вакиллари балки ҳайвонларини ҳам яшатмайдиган деворлари нураб турган шиферсиз уйда уч нафар ёш боласи билан яшаётган, кредитдан қолган 4 миллион қарзини 2 йилдан бери тўлай олмаётган, бориб дардини сўраган мухбирга ҳам нолимаган, борини айтган бир аёл ҳокимлик вакиллари томонидан шунча иддао-ю маломатларга учраса, ёлғончиликда айбланиб, “тўлиқ ҳуқуқий тушунча берилса”, камбағаллик қачон қисқаради?
Ҳокимлик мутасаддилари, секторнинг “пагонли” раҳбарлари дардини айтган одамнинг оғзини ёпиш билан шуғулланадими?
“Яхшилик”ни ҳокимлик қилмоқдами?
Раддияда келтирилган “Яхшиликни яхшиликни билганга қил. Акс ҳолда бутун жамиятга ёмонлик қилган бўласан”, деган жумла билан ҳокимлик вакиллари нима демоқчи? Баъзи амалдорлар давлат томонидан қонуний қилинаётган ислоҳотларни ўз чўнтагидан сарфланаётгандай, гўёки ўзининг молидан бераётгандай ҳис қилишадими?
Ҳокимлик муносабатида “Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя” кимга нисбатан эслаб ўтилгани ҳам қизиқ, ҳокимлик бу билан ўзига ўзи насиҳат қилмоқдами? Ёки ўзлари томонидан қарзга ботирилган оиланинг кредитини ҳомийлар тўлаб берганини ҳокимлик миннат қиляптими?
Йўқ қабристонга қоровул керакми?
Раддиядаги “Оила соҳиби Воҳид Ҳакимов Чоштепа қишлоғида ташкил этилаётган янги қабристонга ишга жойлаштириладиган бўлди”, деган жумла бизни қизиқ маълумот сари етаклади. Сабаби, Чоштепа қишлоғида ҳали қабристоннинг ўзи йўқ. У қачон ташкил этилиши-ю, неча киши дафн этилганидан сўнг қабристонга ходим ишга олиниши ҳам бу каби кўплаб муносабатлардаги маълумотлар каби охири номаълум. Балки Воҳид Ҳакимов қабристонга ишга кириб, у ердан топган даромади билан ўзини, оилавий шароитини ўнглаши учун ҳали ҳали анча йиллар керакдир?
Маълумот ўрнида, сайт ходимлари 2020 йилдаги эчки нархлари билан ҳам қизиқиб кўрди. Маълум бўлишича, 2020 йилда бозорда танлаб, саралаб олиш мумкин бўлган эчкилар нархи 300 мингдан 800-900 минг сўмгача бўлган (албатта, бу нархлар ҳайвонларнинг касалманд, қари ва озғинлигига қараб эмас, ёшига, катта ёки кичиклигига, улоқчали эканлигига қараб белгиланган).
Бу борада хулоса ўзингиздан.