Вазирлар Маҳкамасининг «Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг Фарғона илмий тажриба станциясини ташкил этиш тўғрисида» ги қарори лойиҳаси муҳокамадан ўтса бир гуруҳ тадқиқотчи олимлар кўчада қолиши мумкин. Қарор лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтига тегишли тажриба ҳудуди янги ташкил этилиши кутилаётган Фарғона илмий тажриба станциясига ажратиб берилиши кўрсатилган. Бундан хавотир олган олимлар эндиликда, хорижга кетишдан ўзга чора йўқлиги ҳақида ёзишмоқда.
Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти катта илмий ходими, биология фанлари доктори Бахтиёр Расуловнинг ёзишича, институтга тегишли ерлар анчадан буён бўлиб олиняпти. Ҳатто тадқиқот учун ажратилган ерларда уйлар ҳам қурилган. Қуйида олимнинг фикрлари билан танишинг:
Ишлаётган институт кимга халақит беряпти?
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтининг Фарғона илмий тажриба станциясини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори лойиҳаси эълон қилинибди. Мени ҳайратга солган нарса бошқа институтга илмий тажриба станцияси қилиб берилаётган ер ҳозирда институтимизнинг тажриба станцияси ҳисобланади.Ушбу тажриба станциясида Ўзбекистоннинг Фарғона водийси ва унга қўшни давлатлар тупроқ-иқлим шароитларига мос келадиган пахта ва буғдой навлари селекцияси, уруғчилиги билан шуғулланилади. Институт олимлари томонидан кўплаб истиқболли навлар селекция қилинган ва Фарғона тажриба станциясида кўпайтирилади. Шунингдек, илмий лойиҳалар, диссертациялар бажарилади.
Мени қайғуга солаётган биринчи жиҳат – ишлаётган, аста оёққа тураётган институтнинг ерларини олиб қўйиш мантиққа тўғри келадими?
Мени жуда ва жуда кўнглимни оғритаётган иккинчи жиҳат – институтимизнинг ерларини олиб қўйилаётгани. Аввалроқ, институтнинг Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 32 га тажриба даласи қай бир кластерга олиб берилди. Ҳозир ўт-ўланлар ўсиб ётибди, ишонмасангиз бориб кўринг. Бу институт учун жуда катта зарба бўлди. Сабаби, институтнинг асосий йўналиши ғўза, буғдой ва соя навлари, тизмаларини яратиш, уларни кўпайтириш, уруғчилигини йўлга қўйиш бўлиб, бу ишлар учун дала керак. Дала бўлмаса бу ишлар амалга оширилмайди. Институтимизнинг аксарият лабораториялари ғўза ва буғдой селекцияси, уруғчилиги, генетикаси, ўсимликлар биокимёси ва физиологияси, молекуляр биологиясини тадқиқ этишга ихтисослашган. Дунё ғўза навлари генофондини сақлайдиган алоҳида лаборатория мавжуд бўлиб, унда 40 яқин олимлар, докторантлар фаолият олиб боришади.
Мени шокка туширган учинчи жиҳат – Дўрмон тажриба даламизнинг 2 га майдонини Фанлар академиясининг ҳозирги раҳбарияти томонидан ҳовли қилиб бўлиб олиниши бўлди. Қурилишлар авжида.
Назаримда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтини тугатиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Асосий йўналиши қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ институтнинг ерлари олиб қўйилса олимлар тажрибаларини қаерда бажаради?
Энг қизиғи, 2017 йилда Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ушбу тажриба станциясига ташриф буюрган, бу ердаги ишларга юқори баҳо берган, айрим мутасаддиларга илмий лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беришни тайинлаган, бу вазифалар бўйича йўл харитаси тузилган ва шу асосда қатор лойиҳалар бошланган эди. Вазирлар Маҳкамаси қарор лойиҳасини тайёрлашдан аввал Президент кўрсатмаларини бир карра ўқиб чиққанида мақсадга мувофиқ бўларди.Энг оғриқли масала, Фанлар Академияси бу сафар ҳам оддий томошабин бўлиб турибди. Амалда, Фанлар академияси ва Қишлоқ хўжалиги тасарруфидаги институтлар рақобатчи ҳисобланади. Ҳар икки тизим қишлоқ хўжалигига навлар етказиб беришда рақобатлашади. Лекин, рақобатчи тизимга ФАнинг қаршилик қилмагани қизиқ. Аслидаку, мен ФА раҳбариятидан ижобий нарсалар кутмай қўйганман.
Менда биринчи савол: ишлаётган институтни чопиш ўрнига қўллаб-қувватлаш керак эмасми? Илмий салоҳият томонидан, комил ишонч билан айта оламан, институтимизда юқори H-индексли олимлар жуда кўп ва бу жиҳат билан Ўзбекистонда етакчи. Ҳаммамизнинг илмий йўналишимиз ўсимлик, биология; еримиз тортиб олинса асосий қуролимиздан айриламиз. Тажриба станцияси бўлмаган институтни амалда ёпса ҳам бўлади, сабаби, унда илм бўлмайди. Иккинчи саволим: биз олимлар сиз раҳбарларга нима ёмонлик қилдик? Нега институт ҳали қўлини, ҳали оёғини чопишга шошасизлар? Ёки, Ўзбекистонга ўсимликлар генетикаси каби фан керак эмасми? Ахир, биргина шу институт ўсимликлар, микроорганизмлар генетикаси бўйича ҳозирча фаолият олиб бормоқда, унга ёрдам бермаяпсизлар, ҳеч бўлмаса, тўғаноқ бўлманглар!
Ушбу постимдан муддао, илм-фан тақдирига бефарқ бўлмаган жамики раҳбарлардан бизга – Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтига ёрдам беришингизни илтимос қиламан. Илтимос, ерлар олиб қўйилмасин. Усиз илм қилолмаймиз.Институтда бу йил ҳар қачонгиданда ёшлар кўп, улар аро йўлда қолиб кетмасин.
Биз Ўзбекистонга керакмиз.