Марказий банкнинг Rost24.uz'га маълум қилишича, юқори номиналдаги банкнотларни чиқаришдан мақсад нақд пулда тўловларни амалга оширишда аҳолига қулайлик яратиш ҳисобланади.
Жаҳон тажрибасида соҳа мутахассисларининг тавсияларига кўра, энг катта номиналдаги банкнотларнинг жами муомаладаги нақд пуллардаги салмоғи 50 фоизга яқинлашганда каттароқ номиналдаги банкнотни муомалага чиқариш чораларини кўриш лозим.
Таҳлил натижаларига кўра, 2022 йил 1 июль ҳолатига 100 000 сўмлик банкнотларнинг жами муомаладаги нақд пуллардаги салмоғи йил бошидаги 34,8% дан 43,4% фоизга кўтарилди.
Иқтисодиёт кенгайиши ортидан нақд пул айланмаси, муомаладаги нақд пуллар ҳажмининг ошганлиги ва ўсиш динамикасининг давом этаётганлиги 200 000 сўмлик банкнотни муомалага чиқариш жараёнини тезлаштириш заруриятини юзага келтирди.
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 40-моддасига асосан пул белгиларининг намуналари, шунингдек, уларнинг дизайни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши билан келишилган ҳолда Марказий банк томонидан тасдиқланиши белгиланган бўлиб, 200 000 сўмлик банкнотларнинг дизайни Сенат Кенгашининг 2022 йил 5 июлдаги қарорига асосан маъқулланган.