Иккинчи мақола
Сен нечун бунчалар сустлашдинг?..
Бу фарқни ўжар консерватизм ва янги авлод тафаккуридаги ўзгаришлар ўртасидаги аксилмутаносиблик, деб изоҳлаш ҳам мумкин. Зотан, жамият тасаввур қилаётган "дунё" билан тарғиботчию мафкурачиларимиз тавсия этаётган тутум ва тушунчаларда хийла фарқ бор.
Масалан, совет идеологияси мероси бўлган "тарғибот поездлари"ни бугунги авлод қандай қабул қилиши мумкин? Жуда кулгили. Президент кеча катта йиғинда айтганидай, дунё ўзгарди, айниқса, кейинги олти йилда интернет ва ОАВга эркинликлар берилиши тафаккурдаги протекционизмни секин-аста "емирмоқда".
Қолаверса, мустабидликдан қутилганимизга 30 йилдан ошди. Бир авлод етишиб чиқди... Аммо кўп тутумларимиз эскичасига қолиб кетди. Айниқса, мафкура, жамият билан ишлаш жабҳасида бу нарса кўринади.
Кўпчилик биздаги аъёнлар нега бунча қўпол ва муттассил "қовун тушираверишади" деб маломат қилишади. Менимча, гап шундаки, ўша "политинструкторларимиз", "стратегларимиз" эски, совет мафкура машинасининг моҳир машинисти жаноб Суслов замонларида "ихтиро" қилинган муҳандислик амалиётларини қўллайдилар.
Ҳолбуки, Президентимиз айтганларидай, бугун замон ҳам, дунё ҳам, одамлар ҳам ўзгариб кетган.
Хуллас, қиссадан ҳисса шулки, одамларни сиёсатдан итариш эмас, яқинлаштириш керак. Сиёсий маданият деган тушунчани раият тафаккурида шакллантириш керак.
ТВ каналларимиз 24 соат маиший сериаллар беришнинг ўрнига аҳолимизнинг онгини ўстирадиган кўрсатувлар, шоулар ташкил қилишлари керак. Чет эл ОАВси, айниқса, шовинистик руҳдаги ахборот манбалари таъсирини камайтириш, имкон топилса тўхтатиш керак. Шунда одамларимизда нима тўғри, нима нотўғри эканлигини тўғри тусмолловчи онг пайдо бўлади.
Аслини олганда, Миржалол "боллада айб йўқ" дегандай, сиёсатчи ва стратегларимизни ҳам бу борада айблаб бўлмайди. Нимагаки, уларнинг кўпчилиги ҳам барчамиз каби эски таълимот билан "ваккум"да қолиб кетди. Замонавий дунё, глобал дунёда кечаётган тенденциялардан узилиб қолди. Бунинг устига дорулфунун аудиторияларидан ҳукумат хужраларига кирган сиёсатчиларимизнинг ёшлари ҳам навқиронликдан анча ўтиб кетган...
Президентимиз мамлакат ҳаётидаги барча жабҳаларга ёш кадрларни тортди. Бугун эришаётган мувафаққиятлар шунинг меваси, деб ўйлайман. Энди мафкура, илм-фан ва умуман, жамият тафаккурини шакллантиришда муҳим омил бўладиган соҳаларга ҳам ёшларни, янги кучларни кўпроқ жалб этсак, менимча тўғри бўлади.
Манба: @platformauzb
Эслатиб ўтамиз, сайтимизда «Олий мақсадимиз» халқни сиёсатдан узоқроқ тутиш ниятига эришибмиз — Rost24.uz сўровномасидан кейинги фикрлар" (Биринчи мақола) ҳам эълон қилинган эди.