«Олий мақсадимиз» халқни сиёсатдан узоқроқ тутиш ниятига эришибмиз — Rost24.uz сўровномасидан кейинги фикрлар

23.06.2022 11:20

Конституцион ислоҳотлар хусусида Rost24.uz мухбирлари томонидан ўтказилган сўровнома жамоатчилик томонидан кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Платформа.уз каналида одамларнинг сиёсатга қизиқмаслиги сабаблари таҳлил қилинган «Сен нечун бунчалар сустлашдинг?..» номли мақолалар эълон қилинди. Биринчи мақола билан танишинг: 

Биринчи мақола

Сен нечун бунчалар сустлашдинг?..

Rost24.uz ўтказган сўровномани кўриб, бир нарсага амин бўлдим: биз узоқ йиллар олдимизга қўйган «олий мақсадимиз» халқни сиёсатдан узоқроқ тутиш ниятига эришибмиз.

Бу одамларни кўриб, агар шу миллатга кўнглингизда озгина муҳаббат бўлса, юрагингиз эзилиб кетиши тайин. Сиёсатдан, конституциядан бехабарлигини айтиб бундан ҳатто масрур ҳам бўлаётган ватандошларимизни айбдор санашга биз маънан ҳақлимизми? Йўқ, албатта! Чунки ўзимиз уларни шундай - авом раият аҳволига туширдик.

Жуда кўп тер тўкдик, матбуотни ёпдик, эркин фикрни бўғдик, сал у-бу нарсани ўқиган мардумни жамиятда маргиналлаштирдик. Интеллектлар душман қидирувчи нигоҳлардан зада бўлиб четга қочди. Қочишга чорасизлари хонанишинликка берилиб пиёниста бўлиб қолди.

Олий таълимдан сиёсатшунослик деган фанни юлиб олдик, тарих, фалсафа ва бошқа ижтимоий фанларни "жиловладик". Оқибатда эса ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган, унга ҳатто қизиқмайдиган тўдага эга бўлдик.

Ҳатто мустабидлик даврларида ҳам эфирга берилиб турган жуда примитив ва бир томонлама бўлса-да, дунёдаги аҳволдан бохабар қилиб турадиган таҳлилий кўрсатувлар ТВмиз эфир сеткасидан чиқарилди, газитларимиз саҳифалари "изчил ислоҳотлар" шарҳлари билан тўлдирилди.

Хуллас, номида сиёсат бор неки бўлса барчасини  маҳв этдик. Бугун ўша биз худди моховга ўхшатиб бир четга суриб чиқарганимиз, жонли танадан юлиб олинган аъзо - сиёсий таълимот нафақат жамият онги , балки техник ва маъмурий жиҳатдан суринишимизга ҳам сабабчи бўлаётир.

Айтиш мумкин бўлса, яратганимиз субмаданият дунё билан ўртамизда катта бир бўшлиқ пайдо қилдики, бу бўшлиқ аро дарбадарлик биздан анча вақт ва имкониятни тортиб олди.

Миллатимиз тортаётган бу маънавий ва эстетик уқубат бугун, Президентимиз томонидан ОАВ эркинлашган, давлат ва жамият дунё легитим деб қабул қилган қадриятларга юз бурган дамларда яна очиқроқ кўриниб қолди. Бугун ўхтин-ўхтин шундай туюлаётирки, сиёсий элита ва жамият ўртасида, аниқроғи, дунёқарашида фарқ бордай...

(Давоми бор)
 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
10
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
23.06.2022 20:04
Қишлоқ деганда нимани назарда тутдинг
23.06.2022 17:43
Bu qishloqila nimaniyam bilardi qorni töysa böldi
23.06.2022 17:33
Жадидлар ҳам худди шундай дард билан мақола ёзган эдилар, бугун ҳам шундай дард. Қачонгача ...