Rost24.uz мухбири энг кам ойлик олаётган соҳа ходимларининг муаммолари юзасидан вазирлик мутасаддиларига савол берди. Мактабгача таълим вазирлиги вакили эса ойликни ошириш учун журналист ва блогерлар ёрдами кераклигини айтмоқда.
Вазирлик мутасаддилари маош камлиги сабабли «боғча опа»ларига таъзим қилишга тайёрлигини билдирди.
«Бизнинг соҳада ишлаётган ҳар бир тарбиячи ходим олдида таъзим қилишга тайёрмиз. Сабаби, ўн ярим соат ишлайдиган тарбиячи тоифаланишига кўра 1 ярим миллиондан 3 миллионгача маош олиши мумкин. Бу ҳам албатта, жудаям кам. Биз ҳам боғча ходимларининг маоши халқ таълими ходимлари ўқитувчиларникига тенглаштиришни хоҳлаймиз», дейди Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.
Боғча тарбиячилари ва ошпазларининг маоши ўта камлиги масаласи Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида кўтарилди. Вазирлик ходимлари боғча тарбиячиларининг хақиқатдан ҳам маошлари камлигини оғриқли масала эканлигини қайд этишди ҳамда бу муаммони ўнглашда журналист ва блогерлардан ёрдам сўрашди.
«Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Молия вазирлигига маошлар камлиги масаласи ҳақида гапирилган. Бу муаммода бошқа вазирликлар билан ҳам келишишимиз керак. Бу борада агар, журналист ва блогерларимиз бизга ёрдам берса, жуда хурсанд бўлар эдик», дейди Мавлуда Асқархўжаева.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг ноябрь ойида Мактабгача таълим вазирлигининг молиявий-иқтисодий ривожланишни режалаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шерзод Пардаев мактабгача таълим тизими ходимлари маошларини ошириш режаси ишлаб чиқилгани ҳақида маълумот берган эди.