Андижон ҳокими иши: Ҳибсдан кейинги қарорлар, қайта-қайта йўл қўйилган талон-тарожлар

09.06.2022 13:40

Андижон ҳокими ҳибсга олингандан кейин ҳам қарорлар имзолангани тасдиқланди. Бу Ҳайдаровнинг биринчи жинояти эмас .

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров 6 июнь куни қамоққа олинган эди. Кейинроқ эса  6 ва 7 июнь кунлари “E-qaror” электрон платформасида унинг имзоси орқали тасдиқланган 24 та ҳужжат жойлаштирилгани нашрларда хабар қилинди.  Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. 

Андижон вилояти адлия бошқармаси томонидан тарқатилган хабарда келтирилишича, жараён ўрганилиши давомида 2022 йил 6 июнь куни соат 9:43 ва 21:18 оралиғида ҳамда 7 июнь куни 18:10 ва 21:07 оралиғида ҳокимлик девонхонаси мудири С. Қодиржонов томонидан Б.Ҳайдаровга тегишли электрон рақамли имзодан фойдаланилган ҳолда “E-qaror” платформасида 26 та қарор ва фармойишлар имзолангани аниқланган.

“UZINFOCOM” МЧЖ мутахассислари томонидан Андижон шаҳар ҳокими Б.Хайдаровнинг “E-qaror” электрон тизимидаги шахсий кабинети Адлия вазирлигининг кўрсатмасига асосан блокланди.
Ушбу жараёнда ҳужжатларни сохталаштириш эҳтимоли борлигини инобатга олиб, тегишли материаллар прокуратура органларига юборилади. Ҳар бир қабул қилинган қарорнинг қонунийлиги ўрганиб бўлмагунча, уларни ижрога қаратиш мақсадга мувофиқ эмаслиги юзасидан тегишли ижрочи органларга хабарлар берилди.

Ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади, дейилади хабарда. 

Кейинги вақтларда асосан ҳоким ўринбосарлари ва ёрдамчилар, бўлим мудирлари билан боғлиқ коррупцион ишлар очилаётганди. Шу сабаб, «Қарорларни ҳокимлар қабул қилади, порани ўринбосарлару, ёрдамчилар оладими?», деган савол кўп маротаба ўртага ташланади. Бу ҳақида Рост.24 да ҳам материал эълон қилинган.

Эътиборли томони у аввал ҳам шунга ўхшаш ишда айбланган бўлсада, ҳокимият тизимларида ўз ишини давом этираверган. Унинг ўтмиши эгаллаб турган лавозимига соя сола олмаган.

Жумладан, у вилоят молия бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган вақтда шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг атиги 23 фоизи қопланган. 

Ҳайдаров жорий йил 28 май куни депутат дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳам айтилган эди. Шундан сўнг ҳам қарорларни қабул қилишда бемалол давом этаверганига нима дейиш мумкин?!

Баҳромжон Ҳайдаров аввалроқ ҳоким сифатида ҳам ер ажратиш билан боғлиқ қонунбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирган эди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Сенатининг 26-ялпи мажлисида  Коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат хизматига қабул қилинмаслиги маълум қилинган.  Бу мезон бўйича ҳозир ишлаётган "Халқ хизматчилари" ҳам текшириладими, йўқми бу бизга маълум эмас.  

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
09.06.2022 23:50
Devonxona boshlig'i o'zini hokimlikda sinagan bo'lsa kerak
09.06.2022 21:52
Ўзи ўғри, порахур, иккиюзламачи жиноятчи одамлар амалдорликка ишга олинади
09.06.2022 21:35
30 йилдан бери илдиз отган Коррупцияни жиловламасдан туриб, Узбекистон бир кадам хам олдинга ривожлана олмайди. Минг афсуски давлат органларидаги юкори лавозимлар ана шундай коррупционерлар томонидан эгалланган булиб улар коррупцияга карши конунчиликни кабул килинишига тускинлик килмокдалар. Шунинг учун 2020 йил 1 январдан бошлаб Давлат хизматчиларининг даромади ва мол-мулкини декларация килишнингн йулга куйилиши хали хануз чузилмокда ва бундан кейин хам чузилса керак! Балик бошидан сасийди деган гаплар накадар тугрилиги шундан хам куриниб турибди. Минг афсус!