Ҳоким ёрдамчиси лавозими пора олиш учунми? 

15.05.2022 17:14

Таъсис этилганига ярим йил ҳам тўлмаган лавозим эгалари - ҳоким ёрдамчиларидан нечтаси қўлга тушди? Ким энг кўп пора олган?

«Президентнинг маҳалладаги вакиллари» деб аталган ҳоким ёрдамчиси лавозими 2022 йилнинг январидан буён мамлакатнинг 9300 дан ортиқ маҳаллаларида жорий қилинган. Бу лавозимда иш олиб бораётганлар бор-йўғи 4 ярим ойдан буён фаолият юритаётган бўлишсада, ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга тушиши ҳолатлари кам эмас.
Лавозим жорий қилинганида ҳоким ёрдамчиларини ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан «кўмиб ташламаслиги», ҳокимлар улар учун фақат шароит яратиб бериши кераклигини таъкидланган, «ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши лозим», дея ҳимояланган ходимлар ишончни оқлашдими?

Ўтган давр давомида қанча ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга тушди? Энг кўп пора олган ҳоким ёрдамчиси ким? Пора олгани очиқланмай қолиб кетган ҳоким ёрдамчиларидан фарқли ўлароқ, бу лавозимдаги омадсизликка учраганлар ҳақидаги статистика билан танишинг.

Март ойида Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси Б.Х. фуқародан 5,5 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бу – Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ очиқланган биринчи жиноят эди.

Қашқадарёнинг Ғузор туманида ҳоким ёрдамчиси 300 доллар олаётган вақтда қўлга олинди. У маҳаллий фуқарога вилоят тез тиббий ёрдам марказига фельдшер бўлиб ишлашга киритишни ваъда қилганлиги айтилган.

Тошкент туманида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳоким ёрдамчисини ҳибсга олди. Маълум бўлишича, Тошкент туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган шахс мазкур тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи синфдоши билан келишиб, Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 4 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали бошқа бир шахснинг номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. ва туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. пора олиш вақтида қўлга олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, бу шахслар тадбиркор Р.дан қурилишга рухсатнома ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш учун 15,5 минг доллар олишган, яна 1 минг доллар олиш вақтида қўлга тушган.

Апрель ойи бошида Чуст тумани ҳокими ёрдамчиси ер ажратиб бериш эвазига $15 минг талаб қилиб, мазкур жиноят амалга оширилаётган вақтда қўлга олинди.

Ҳозирча йил бошидан буён энг кўп пора олган Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги ҳоким ёрдамчиси бўлиб турибди, у май ойида тадбиркордан 35 минг доллар пора олаётган вақтида ушланди.

Шунингдек, 19 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев тамагирлик билан шуғулланадиган ҳоким ёрдамчиларини танқид қилиб, Тўрақўрғон тумани «Шарқ» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси пора олгани учун 5 йилга қамалганини, бу каби ҳолатлар Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Бўка, Бахмал туманлари, Марғилон, Ширин шаҳарларида ҳам мавжуд эканини маълум қилган эди.

Хўш, ҳоким ёрдамчиларининг маошлари қанча? Уларнинг пора олишга эҳтиёжи борми?

Ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда белгиланади:

• хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – 4 млн 932 минг сўм;

• хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада – 5 млн 343 минг сўм;

• хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – 5 млн 754 минг сўм.

Аммо, бу ҳаммаси эмас. Ҳоким ёрдамчилари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳам ташкил қилинган бўлиб, жамғармадан
 

- ҳоким ёрдамчилари иш ҳақининг аввалги иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридан кам бўлган қисмини компенсация қилиш;

- бошқа ҳудудлардан келиб ишлаётган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакиллари учун турар жой ижараси харажатлари учун компенсация тўлаш (БҲМнинг 2 баравари миқдорида – 540 минг сўм);

- иш фаолиятида яхши натижаларга эришган ҳоким ёрдамчилари ва республика вакилларини ҳар ойда мукофотлаш;

- ўз шахсий автомобилидан фойдаланаётган республика вакилларининг транспорт харажатларини компенсация қилиш;

- республика вакилларининг бир ойда бир марта доимий яшаш жойига темир йўл транспортида бориб келиши учун компенсация тўлаш «эконом» тарифи бўйича харажатларнинг 100 фоизи, «бизнес» тарифи бўйича харажатларнинг 70 фоизи (самолётда учиш бундан мустасно);

- йил якуни бўйича ўзига бириктирилган ҳудудда юқори натижаларга эришган республика вакилларига ва ҳоким ёрдамчиларига ипотека кредити асосида уй-жой харид қилиш учун субсидия тўлаш (уй-жой қийматининг 50 фоизигача, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган миқдорда) ва бошқа мукофотлар ажратиш мақсадида фойдаланилади.

Президентга кўра, ҳали 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида натижа кўрингани йўқ. Аммо, ҳоким ёрдамчилари пора олиш бўйича бир бирлари билан «мусобақа» қилишда давом этмоқдалар.

Кейинги вақтларда ҳокимликлар тизимида фош этилган жиноятларнинг аксарияти ё ҳоким ўринбосарлари, ё ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ бўлаяпти. Яна бир савол туғилади: Қарорларни ҳокимлар қабул қилади, порани ўринбосарлар-у, ёрдамчилар оладими?

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
10
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
16.09.2022 05:33
Men ham 2 oydan beri kreditga tavsiyanoma uchun sarsonman bahona bitta limit yoʻq. Davlat bizga qancha imkoniyat yaratadi lekin quyi boʻgʻimlarda bu imkoniyatlar amalda koʻrsatilmayapti. Hokim yordamchisi oxirgi safar borganimda juda balanddan keb gapirdi huddi xalq uni kaftida turgandek. Uni munosabatiga qarab yuqori davlat lavozimidagilar xalq bilan qanday munosabatda ekan deb oʻylanib qoldim. Hammamizga ham insof bersin.
14.07.2022 19:42
Men 3 oy boldi kredit ololmasdan sarsonman 33mlion somlik asbob uskinaga ariza tashaganman .hokim yordamchisi oldiga boraverip charchadim kayerga murojat kilsam boladi.
19.05.2022 04:10
Айтилишигаку яхшикуя, ишкилиб булар хокимиятнинг порахур бугимига айланмасинда
17.05.2022 03:24
Назаримда, хоким ердамчиси лавозимини тугатиш керак.Акс холда еш кадрлар миниб кетавердилар.
16.05.2022 17:51
Хоким ёрдамчилари бу президентнинг махалладаги вакили экан унга яхши ойлик хам, турли қўшимча имтиёзлар хам берилади, махаллий кенгаш депутутлар эса халқнинг жойлардаги вакиллари, уларга ойлик хам имтиёзлар хам йўқ (депутут дахлсизлигидан ташқари). Демак президент вакили халқ вакилидан устун турар эканда, қани бу ерда мантиқ! Хоким ёрдамчилари ишини махаллий кенгаш депутутларига берилса, улар бу ишни халқ учун сидқидилдан қилган бўлардилар!
16.05.2022 14:19
har kim ozi uchun ozi javob beradi hammamiz ollohdan qorqib farzandlarimizga halol rizq yediraylik.
16.05.2022 12:15
менимча хаммаси хам хоким ердамчилари эмас, айникса судлар жуда купку факат таниш билиш бори босилиб кетади,банкларчи кредит 10 фоизи бори чикади.
16.05.2022 02:13
Хоким ёрдамчтларидан хеч кандай фойда йук,улар давлат бюджетини кемирувчилар
16.05.2022 01:53
Порахўрликга қарши жазо чоралари кучайтирилмаса, жазо оғир ва қаттьий бўлмаса бу ҳолат такрорланаверади.
15.05.2022 23:15
Хоким ердамчисига тугри маьнода муаммони кундаланг килса у виждонан бажаради.лекин хокимбобо унга кунмайди.шунинг учун мажбур ушбу ишни килишга мен узим гувохиман.