МАҲАЛЛАНГИЗДА МУАММО БОРМИ?
Rost24.uz бу сафарги сўровномасини Қибрай тумани, «Оқ Олтин» маҳалласи «Жамбул» кўча(даҳа)сида ўтказди.
Биз маҳалла аҳлидан сўнги йилларда бўлган ўзгаришлар ҳақида, шунингдек, туман ҳокими, депутати кимлигини танишадими йўқми, сўраб кўрдик.
Масъуллар ҳақидаги саволларимизга жавоб бир хил бўлди: «ЙЎҚ».
Бу жавоб cизу биз учун янгилик эмас. Чунки, лойиҳа бошидан буён ўтказилаётган деярли барча сўровномаларимизда худди шундай жавоб оляпмиз.
«Маҳалла раиси сайланишидан олдин роса югурди, биз эса порталга ёзавердик-ёзавердик. Кейин, иккита ўзгариш бўлди: бири эски газ трубасини бир нима қилиб таъмирлашди. Икки йилча олдин эса токка янги симёғоч (бетон) қўйишди, бўлди. Бошқа ўзгариш бўлмади», — дейди суҳбатдошлардан бири.
Бизнинг масъуллар кимлиги, бўлаётган ўзгаришлар ҳақидаги саволларимиздан энсаси қотган маҳалла аҳли ичимлик суви масаласидан гап бошлаб кетди.
«Мана, қаранг, ариқдан қанақа аҳволда сув оқяпти, ана қаранг, ариқда мол турибди!!! Оқаётган нарсаларга қаранг! Шу ариқдан уйга шлангда сув ўтказганмиз. Шу сувдан ичамиз!!! Биз одаммизку, мол эмасмизку»,— дейди бир онахон.
Фуқароларнинг айтишича, уйгача олиб келинган сув ҳар куни келмайди. Мурожаат қилинганда эса, масъуллар «бўлди қилиб берамиз», дейишади. Улар кетгандан сўнг бир ҳафта сув келади ва яна тўхтайди.
- Яна ариққа кунимиз қолади. Ариқдаги сув ҳам деҳқонлар келганда келади, - дейди улардан бири.
Маҳаллада 44-мактаблиги айтилган хароба ҳам бор. Аҳоли неча йиллаб эътибор бўлмай, таъмирланмагач у ёпилгани, кейин ўқувчилар шаҳарга ёки бошқа маҳаллаларга тарқаб кетгани ҳақида айтади:
- Олдин 44-мактабда 100-120 ўқувчи ўқиган. Мен ҳам бир вақтлар шу ерда ишлаганман. Ҳеч эътибор бўлмади. Кейин, қишда иситишга газ, сув, яна бола сони камлиги айтилиб ёпилди. Болалар ҳозиргача, ҳар ерда тарқаб ўқийди.
Энди буни таъмирлаб ҳам бўлмаса керак. Имкони бўлса, болалар ўйнашига стадионми, иложи бўлса мактабми, ё маҳаллага битта кичкина шифохонами, қуриб беришса яхши бўларди,— дейди шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган онахон.
Сўровнома ўтказаётганимизда аҳоли вакиллари бир эмас уч маҳалла ҳақида фикр билдиришарди. Кимдир «Жамбул» деса, яна кимдир «Оқ Олтин»дан гап бошлайди. Аниқлик киритиш учун сўраганимизда учта маҳалла идораси битта - «Оқ Олтин» маҳалласи, деб жавоб беришди. Бунга ойдинлик киритиш учун маҳалла раисидан изоҳ олдик:
«Умумий ҳудуд «Оқ Олтин» маҳалласи ҳисобланади. Сизлар борган жой «Жамбул» кўчаси. Масалан мен «Жамбул» кўчаси 85 уйда ўзим яшайман. Бу ерда изоҳ берилганда ҳам, рўйхат қилганда ҳам, шундай тўлдирилади», — дейди «Оқ Олтин» МФЙ раиси Мирисбек Холтурсинов. Шунингдек, маҳалла раиси сув масаласига изоҳ берган бўлди:
«Аҳолига тоза ичимлик сувини тортиш масаласида ишлар озгина тўхтаб турибди, бунга сабаб шуки, қурувчимизга ажратилиши керак бўлган маблағнинг 15 фоизи ўтказилган. Қолган пуллар ўтказиб берилса, ишни давом эттиради»,— дейди у.
Биз ҳолатни кўрсатдик, хулосани ҳар доимгидек сиз берасиз.
Батафсил видеода кўринг:
Rost24.uz сайтининг «Маҳаллангизда муаммо борми?» лойиҳаси яна давом этади.
Биз билан боғланинг ва ўз маҳаллангиз муаммосини кун тартибига қўйинг (Мурожаат қилувчи ҳақидаги маълумотлар тўлиқ сир сақланади).
Мурожаат учун: