Маданий меросни асраб қолишга миллиардлаб маблағ ажратиляпти. Кеч бўлмадими?

07.05.2022 10:03

Ҳисоботларда Ўзбекистонда маданий мерос объектлари сони  8 мингдан ортиқлиги фахр билан кўрсатилади. Дунёнинг энг буюк ва қайтарилмас цивилизациялари ўчоғи бизни Ватанимизда эканлиги ҳатто дарсликларга ҳам киритилган. Лекин, унга муносабат афсуски мақтагулик эмас. Ўзбекистонда 30 йилда, яъни мустақиллик даврида маданий мерос объектларига етказилган зарар миқдори 4 трлн сўмдан ошганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Ҳатто тарих талон-тарож қурбони

Ўтказилган текширишларда республика бўйича 14 та музейда 3 мингдан зиёд нодир ва ноёб маданий бойликлар талон-торож қилингани аниқланган. Жумладан, Бухоро давлат музейида жами 31,5 миллиард сўмлик 81 та маданий бойликлар қалбакиларига алмаштириб қўйилган. «Ичан қалъа» давлат музей фондида жами 101 та музей ашёлари аслига тўғри келмаслиги маълум бўлган.

Бир қанча маданий мерос объектларига қурилишлару, ўзбошимчалик билан қилинган реставрация ишлари сабабли жиддий зиён етказилган.

           Энди маданий меросни асраб қолишга миллиардлаб маблағ ажратилмоқда. Лекин...

Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Турсунали Қўзиевнинг таъкидлашича:
«Тошкент 2200 йиллик тарихи давомида шунчалик бой мерос қолдирганки, буни бутун бошли институтлар, вазирликлар йиллар давомида ўрганиб, сақлаб келиши керак эди. Лекин ундай бўлмади. Мана бу йил масалан Князь Константин Романовнинг саройига маблағ ажратиляпти. Лекин Тошкент кўчаларида аҳамияти билан, тарихи билан ундан кам бўлмаган ва уникидай меъморлар лойиҳаси асосида яратилган бинолар кўп. Афсуски, кўпи бузилиб кетди. Нима эмиш булар босқинчилик даври обидалари эмиш.»

Олим биноларни «босқинчилар даври меъморчилиги» дея бузиб ташланиши жуда катта тарихий хато эканлигини таъкидлади. Унинг айтишича, биноларни босқинчилар эмас, ўзимизнинг қўли гул меъморларимиз қуришган. Ўзбекистон амалий санъат музейи, Половцов уйи ҳам шулар жумласидандир.

«Символлар бор ва обидалар бор. Бизда символ билан обидани вайрон қилиш ҳолатлари кўп бўлган. Мана дунёда фашизм символлари таъқиқланади, лекин биносини бузиб ташлашмайди. Масалан, Римда Муссолини қурдирган бино ҳам турибди, унгача ҳам императорлар қурдирган барча бинолар жойида турибди. Символларни эса олиб ташлашган ва бинолардан бошқа мақсадда фойдаланилади.»

Шунингдек, агентлик масъули мамлакатимизда, жамиятимизда одамларнинг маъданий меросларнинг аҳамиятини ҳис қилмаслиги, кўпчиликда тарихий обидалар «эскилик сарқити» деган қараш шаклланиб қолганини қоралайди. 

«Мана, Собиқ совет даврида Чилонзор ва бошқа туманларда қурилган кўп қаватли уйларнинг ён томони ажойиб мозаикалар билан безатилган. Буни ҳар сафар ёки бузилаётган, қўпорилиб ташланаётган ёки бўялаётган жойда аҳоли вакиллари чиқади, блогер-журналистлар «дод-вой» солади кейин ўз ҳолатига қайтарилади ва кечирим сўралади. Лекин шуни қилмаслик мумкинку. Маданий мероснинг аҳамиятига етиб борган одам шуни бузмайдику».

Афсуски, бу ягона муаммо эмас. Тошкент шаҳрида ва бутун республикада маданий меросга эътибор қаратилган тақдирда ҳам ундан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари жуда кўп.

     Тарих изини ўчираётган «реставратор»лар

Турсунали Қўзиевнинг мисол келтиришича, Ситораи Моҳи Хоса, Абдулла Қодирий уй музейи кабиларни реставрация қилиш учун давлат катта маблағ ажратган эди. Аммо реставраторлар хатоси туфайли уларнинг тарихий аҳамияти йўқолган. 

«Бунинг тагида битта нарса ётибди. «Реставратормиз» деётганлар аслида оддий сувоқчи ва қурувчилар. Улар тендерда ютиб чиқишган ўзлари билган ишини қилишади. Уларни назорат қилиш учун эса мутахассис етишмаяпти.»

           Бузилиб кетган маданий мерос объектига пул ҳам ажратилиб келинади

Олим Ўзбекистонда ҳалигача қоғозларга қараб хулоса қилинишини, Тошкент шаҳри ва вилоятида ўнлаб қоғозларда турган ва маблағ ажратилиб келинаётган маданий меросларнинг рўйхати бору лекин бориб қаралса тагида маданий мероснинг ўзи йўқлиги ва аллақачон умуман йўқ бўлиб кетганлигини айтди.

        Рўйхатлар мақтаниш учун холосми?

«Биз ғурурланиб мана шунча маданий меросларимиз бор, мана рўйхати деб карнай чаламиз, тагида объектнинг ўзи йўқ. Улар ожиз, уларни асраш учун битта қурувчига қур ёки таъмирла деб бўлмайди. Кўп маблағ керак, билим ва изланиш, олимлар керак. Шуларнинг ҳаммасини жамлангандагина буларни асраб қолиш мумкин».

Кўҳна Тошкентнинг тарихини сақлаб қолиш учун йилига қанча маблағ ажратилади? 

Бу саволга Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси бошлиғи Эсон Абдурасуловдан жавоб олдик:
«2022 йилда ҳукуматимиз томонидан 21 млрд 800 млн сўм маблағ 5 та объектга ажратилди. Бу бўйича лойиҳалаш ишлари институтимиз томонидан амалга оширилмоқда. 
Бундан ташқари, Тошкент шаҳар маҳаллий кенгаши томонидан ҳам депутатларимизнинг тасдиғига кўра 10 та объектимизга 16 млрд маблағ ажратилди. 2022 йилнинг ўзида 21 та объектимизда таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилади.»

Маданий мерос агентлиги раиси ўринбосари Турсунали Қўзиев бу эътибор энди қаратилаётганини, узоқ йиллар давомидаги эътиборсизликни қоралади. Чунки, йўқотилган тарих изини миллиардлаб маблағ сарфлаб ҳам қайта тиклаш мушкул. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 26 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев ҳам бу ишларни қоралаб, «Бундан буён музейлардаги шароитларга вилоят ҳокимлари жавобгар бўлади», — деб таъкидлаган. Умид қиламизки, ҳокимлар тарихий объектлар яқинида қурилиш ишларини бошлашдан олдин ҳам бу жавобгарлик борлигини ёдга олишади.

 

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
07.05.2022 15:35
Рост24 га рахмат керакли муаммоларни ёритганларинг учун лекин бунга муносиб чора еуриладими яна қоғозда қолиь кетадими лекин бу хукуматни келажак авлод кечирмайди