Бир йиллик харажати — 108 миллиард сўм бўлган Ўзбекистон сиёсий партиялари ва уларнинг етакчиларини юртдошларимиз қанчалик танийди?
Йиллар давомида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари учун ажратилаётган маблағлар ўзини оқлаяпитми?
Rost24.uz бу саволларга жавоб олиш мақсадида кичик сўровнома ўтказди:
- Партия етакчиларидан Алишер акани биламиз, Халқ демократик партиясидан;
- ҳа, партияларни биламан. Масалан, «коммунист партияси»;
- билмаймиз. Тўғрисини айтайми? Сиёсатга аралашмаймиз, фойдаси йўқ;
- партияларнинг сони - 17 тами, 15 тами;
Батафсил видеода кўринг:
Видеода кўрганингиздек, бугун одамлар партияларнинг фаолияти билан кўп ҳам қизиқмайди. Бу балки партияларимиз халқнинг ичига етарлича кириб бормаётгани, турли ҳисоботлар кетидан қувиб, йиғилишлару, фақат ўз аъзолари иштирокидаги анжуманлардан нарига ўтмаётганликлари самарасидир.
Бугун сиёсий партиялар ҳақиқатдан фаол бўлиши учун яна Президент танқид қилиши керакми?
Сайловлар олдидангина ҳаракатга тушиб қоладиган партияларга электоратига берган ваъдалар қизиқ эмасми? Бундан аввал ўтказган сўровномаларимизда ҳам фақат икки уч депутатнигина билишларини айтишган.
Президент 2017 йилги партия вакиллари билан учрашувида сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажара олмаётганини таъкидлаганди. Улар ҳанузгача мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмади. Сиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаяпти. Партияга тегишли бу гаплар орадан қарийб 5 йил ўтган бўлсада эскиргани йўқ. Ҳали ҳам партияларни ҳолати ўша-ўша.
Халқнинг чўнтагидан бериладиган беминнат миллиардлар
Бугун Ўзбекистонда бешта сиёсий партия фаолият юритади ва уларга ҳар йили мамлакат бюджетидан миллиардлаб маблағ ажратилади.
Жумладан, 2021 йил сиёсий партияларга давлат бюджети ҳисобидан 100 милларддан ошиқ маблағ ажратилган. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилганди. Унга кўра:
Ўзбекистон Либерал демократик партияси - 36 млрд 564,9 млн сўм;
«Миллий тикланиш» демократик партияси - 25 млрд 818,4 млн сўм;
«Адолат» социал демократик партияси- 17 млрд 000,4 млн сўм;
Ўзбекистон Халқ демократик партияси - 16 млрд 465,1 млн сўм;
Ўзбекистон экологик партиясига эса –12 млрд 886,6 млн сўм берилган.
Партиялар қуйидаги молиявий манбалардан ҳам фойдаланиши мумкин:
– Партия аъзоларининг аъзолик бадаллари;
– Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва фуқаролари томонидан қонунга мувофиқ бериладиган хайрия ёрдамлари;
– давлат бюджетидан қонунга мувофиқ ажратилган маблағлар;
– қонун ҳужжатларига мувофиқ тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;
– амалдаги қонунларга зид бўлмаган бошқа тушумлар.
Ҳар йили партиялар ҳисобига келиб тушган маблағларнинг асосий қисмини айнан мамлакат бюджетидан ажратилган пуллар ташкил қилади. Масалан, 2020 йилда ЎзЛиДеП ҳисоб рақамига тушган пулларнинг 84 фоизи, ЎзМТДП га тушган маблағларнинг 90 фоизи, ЎзХДП маблағининг 52 фоизини бюджетдан ажратилган пуллар ташкил қилади.
Шунингдек, 2021 йил президентлик сайлови ўтказилгани сабабли бюджетдан жами 300 миллиард сўм, ҳар бир номзод учун эса 3 миллиард сўмдан ажратилган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий сайтида депутатлар сиёсий партияларнинг 2021 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитишгани ҳақидаги хабарда эса аниқ рақамлар келтирилмаган.
Бироқ эълон қилинган хабарда сиёсий партияларнинг маблағларни сарфлаш ва уларга доир ҳисоботлар шаффоф ҳамда очиқ бўлиши лозимлиги ҳақида сўз боради. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги роли сезиларли даражада ошганини, уларнинг жойларда аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш борасидаги ишлари фаоллашгани, электорат билан ишлаш тубдан ўзгарганини ҳам қўшимча қилган. Хўш, шундай фаолият олиб борилар экан нега унда одамлар уларни танимаяпти?