Давлат бюджетидан ҳар йили миллиардлаб маблағлар турли фестиваллар ва шаҳарсозлик ривожи учун ажратилади. Аммо жамиятнинг имконияти чекланган қатлами учун шароит яратиш ҳар доим эсдан чиқаверади.
Ногиронлиги бўлган шахслар учун Тошкент хатарли шаҳар ҳисобланади. Чунки улар учун бирор жойда махсус шароит йўқ, бори ҳам доим ишламайди. Бу муаммо жамоат фаоллари томонидан ҳар доим гапирилади, аммо натижасига келганда, ҳамма жим.
Унга нисбатан имконияти чекланган сўзини ишлатишларини ёқтирмайдиган Муроджон Эгамов ҳам доим ўзи кабилар учун кўчада юришга шароит йўқлигини айтади. Муроджон ҳозирда 26 ёшда. Тошкент шаҳрида "Шароит плус" нодавлат нотижорат ташкилотида ҳуқуқшунос волонтёр бўлиб, ўзи каби инсонларга ёрдам беради. Бундан ташқари, бугунги кунда талаб юқори бўлган СММ маркетинг соҳасини ҳам ўрганяпти. Қаҳрамонимиз иши, ўқиши ва Тошкент вилоятидаги ноқулай шароит сабаб пойтахтда ижарада яшашга мажбур бўлган.
"Баъзан автобусга ҳам олишмайди. Яқинда ҳам шундай ҳолат бўлди. Чорсудан Берунийга борадиган янги автобусга чиқмоқчи эдим, аммо ҳайдовчи аравачадагилар учун махсус "пандус"нинг ишламаслигини айтиб, кетиб қолди. Лекин у янги автобус эди. Эскиларида ҳам ҳайдовчи ва чиптачилар гўё кўрмагандек муомала қилади", дейди Муроджон Эгамов.
Давлат ташкилотлари, ҳокимликлар, маҳалла раислари ҳам ногиронлиги бор шахсларга ёрдам бераётганини узундан-узун ҳисоботлар билан мажлисларда ўқиб беради. Аммо Муроджон каби имконияти чекланганганларнинг ҳар бир муаммолари ҳал бўлиши, мурожаатлари ечим топиши учун камида 9 ой керак бўлади.
Ногиронлиги бор инсонларни жамиятдан ажратмаслик, доим уларни қўллаб-қувватлаш кераклиги ҳақида кўп гапирилади. Аммо ҳеч бир давлат ёки хусусий ташкилотларда имконияти чекланганганлар учун иш ўринлари эълон қилинганини ёки уларнинг ишлаётганини кўрмаймиз.
Депутат бўлишни мақсад қилган Муроджон ва у каби инсонлар учун вақти келиб, шароитлар, қулайликлар яратилишига умид қиламиз.