Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист 8 йилдан буён "Қариялар уйи"да яшамоқда

24.12.2020 14:23 - 1498

Ҳозирда у пансионат тўловларини тўлашга маблағ топа олмаяпти

2000 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвонини олган Рустам Обидов бугун яшашга жойи бўлмагани сабабли уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида яшаб келмоқда. Хизмат кўрсатган журналистнинг пенсия пули шу йилнинг сентябрь ойидан 1 миллион сўмга етган. У ҳозирда пансионатда пуллик шартнома асосида яшайди.

Айни дамда пансионат карантинга ёпилгани сабабли фахрий журналист молиявий қийинчиликка дуч келмоқда. “Авваллари китоб таржима қилиб, гонорар ҳисобига пансионат тўловларимни қоплар эдим. Бировга молиявий қийинчилигим ортиқча тушмасди. Эндиликда, карантин сабабли пансионатдан чиқолмай қолдим. Китобларимни нашриётга элта олмаяпман. Бошқа биров орқали бериб юборишни эп билмайман. Нашриёт билан ўзим боғланишни истардим”, дейди журналист.

Рустам Обидовнинг айтишича, пенсия пуллари ҳам пансионат тўловини қоплай олмаяпти. Обидов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист унвони асосида пенсиясига қўшиб тўланиши керак бўлган устамани ҳам, турли сабабларга кўра тўлиқ берилмаётганини айтади. Бу ҳақда Журналистлар уюшмасининг собиқ раиси, марҳум Саъдулла Ҳаким билан ҳам гаплашган. Уюшманинг собиқ раҳбари Рустам Обидовга унинг пенсия пулларига аралаша олмаслигини билдирган.

2019 йил июнь ойида таржима китобига Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги собиқ раҳбари Комил Алламжонов аралашуви билан 15 миллион cўм қалам ҳақи тўлаб берилганини айтади, Алламжоновдан мамнун бўлган журналист. Бу пуллар унинг пансионат пулларини қоплашига етарли бўлган. Ҳозирда Рустам Обидов коронавирус пандемияси туфайли молиявий қийин аҳволда қолган. У пансионатдаги шароити яхши эканини, бу ерда ўз ижодини давом эттираётганини ҳам айтмоқда: “Таржима ишларим билан ўзимни бемалол эплаб келганман. Бировга оғирлигим тушишини истамайман. Бироқ, пандемия мени чеклаб қўйди”, дейди Рустам Обидов.

Қалам аҳлини, айниқса, журналистларни қўлловчи ташкилотларни Ўзбекистонда соҳа вакиллари деярли сезишмайди. Юқоридаги ҳолат эса бунинг аниқ мисоли бўла олади.  

- Хабар йўлланг: @rost24_uz_bot
14
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар