Давлат идораларида ҳафтанинг бир куни “Спорт куни” сифатида белгиланади – Президент

08.04.2026 20:57

Жорий йилнинг 7 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда давлат органлари ва ташкилотларида ҳам спортни оммалаштириш бўйича янги тартиб ўрнатилди. Унга кўра, ҳафтанинг бир куни спорт куни сифатида белгиланади.

Энди ҳар бир вазир, тармоқ ва банк раҳбари, вилоят ва туман ҳокими ўз ходимларининг спорт билан шуғулланиши учун намуна бўлиши ва шароитларни кенгайтириши шарт.

Ҳафтанинг белгиланган кунида вазирлик, идора ва ташкилотларда спорт машғулотлари ўтказилади. Жорий йилдан бошлаб ҳар йили вазирликлар, тармоқлар, банклар ва ҳокимликлар ўртасида республика мусобақалари ўтказилади.

Хусусий сектор меҳнат жамоаларида ҳам оммавий спортни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратилади.

Жумладан, тадбиркорлар ўз ишчи-хизматчилари учун спорт зали ва майдонча қуриш ҳамда жиҳозлашга қилган харажатларини фойда солиғи базасидан чегира олади. Жалб қилинган мураббийлар учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Давлатимиз раҳбари соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор ташаббусларни ҳам илгари сурди.

Йиғилишда аҳолини спортга жалб қилиш ва селекция ишларида “маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” занжири асосида мутлақо янги ёндашув жорий этилиши маълум қилинди.

Энди олийгоҳ ректори, федерация раҳбари ва ҳоким ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Унга кўра, ҳокимлар ҳудуддаги мактаб, техникум ва бошқа спорт обектларида дарсдан ташқари вақтда спорт тўгараклари ташкил этиш учун шарт-шароит яратади.

Шунингдек, спорт йўналишидаги олийгоҳлар талабаларини дуал таълим билан қамраб олиб, уларни мураббийлик қилиш учун тўгаракларга юбориш муҳимлиги қайд этилди. Бундай талабаларга автоматик тарзда мураббийлик сертификати берилади. Тўгараклардан тушган даромаднинг 50 фоизи мураббий талаба ихтиёрида қолади. Дуал таълим битирувчиларига диплом билан бирга ҳакамлик сертификати ҳам берилади.

Йиғилишда соҳада эришилаётган ютуқлар билан бирга мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам чуқур таҳлил қилинди.

“Спорт бу фақат мусобақа эмас, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён қиладиган катта куч”, деди давлатимиз раҳбари.

Қайд қилинишича, сўнгги тўққиз йилда 1,5 мингдан зиёд маҳаллада 1 минг 774 та замонавий спорт майдончаси қурилгани, жойларда 200 дан зиёд йирик спорт иншоотлари, 4 мингга яқин хусусий спорт клублари иш бошлади. Спорт билан профессионал тарзда шуғулланадиган ёшлар сони 2 карра ошди, олимпия терма жамоаларимиз спортчилари 2 баробар, паралимпия бўйича 3 баробар кўпайди. Ўтган йилда спортчилар халқаро ареналарда 452 та олтин, 418 та кумуш ва 501 та бронза медали соҳиби бўлгани, уларнинг 50 нафардан зиёди жаҳон ва Осиё рекордларини янгилади.

Ҳозир олимпия спорт турлари бўйича 26 та федерациянинг ҳар бирига вазирлар ва республика ташкилотлари раҳбарлари бошчилик қилмоқда. Ўтган йили вилоят ҳокимлари жойларда олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича Президент вакили этиб белгиланди.

Йиғилишда қайд этилганидек, соҳа мутасаддилари, ҳокимлар, 26 та федерация раҳбари 207 та олийгоҳ, 15 та олимпия ва паралимпия маркази, 310 та спорт мактаби, 16 та спорт интернатига бориб, раҳбарлари ва жамоасига чемпион тайёрлаш, олимпиадага лицензия олиш бўйича шароит қилиб берганида ҳозирги ютуқлар янада юқори бўлиши мумкин эди.

Масалан, Зарбдор туманида ўтган йили 23 та маҳалладаги 34 минг ёш оммавий спортга жалб этилди. Туманда 3 та янги спорт зали қурилиб, стол тенниси, таеквондо ва волейболга ихтисослашди. Бундан ташқари, тадбиркорлар билан биргаликда 2 та усти ёпиқ футбол майдони, фитнесс клуби ташкил қилинди.
Инфратузилма яхшилангани учун Зарбдор тумани илк бор волейбол ва стол тенниси бўйича жорий йилги Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилади. Ёки қашқадарёлик 14 нафар тадбиркор ўз ҳисобидан икки йилда мактаб ва маҳаллаларда 60 миллиард сўмлик спорт иншоотлари қуриб берди.

Қолган туманларда аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ишлари сустлиги, ҳокимларнинг мусобақалар ўтказиш ва умуман спортга бефарқлиги танқид қилинди. Зарбдор тажрибасини ўрганиш ва барча ҳудудларда жорий қилиш топширилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар