Бизга келган мурожаатларга кўра, ўтган йилнинг декабридан буён расман фаолият кўрсатаётган DMED тизими атрофида бир қанча муаммолар юзага келмоқда. Беморга дори ёзиб, уни ўзи сотиб олган шифокорни кўрганмисиз? Ўзбекистонда беморга ёзган дорисини бош шифокор тазйиқи остида ўзи сотиб олиб юрган шифокорлар бор экан. Яна буни очиқ манзил билан айтишга ҳам қўрқишади, ишсиз қолишни исташмайди. Бу ерда бир тушунмовчилик бор, акс ҳолда инсонларнинг ҳаёт тарзини яхшилаш, уларга қулайлик яратиш мақсадида яратилган тизим, аксинча вазифани бажармаган бўлар эди.
Тошкент шаҳридаги, вилоятлардаги бир нечта клиникалардан ҳолатни қайта суриштиргач, бу тушунмовчиликни аниқлаш мақсадида, ССВ матбуот котиби Фурқат Санаевга мурожаат қилдик. Санаев вазиятни эшитгач, йиғилишда эканлигини айтиб, бизга мурожаатлар бўлимининг рақамини берди. Берилган рақам Рашид Курганов исмли ходимга тегишли бўлиб, бу рақам қайта-қайта ўчириб қўйилди. Хуллас, ССВдан бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.
Хўш, электрон рецепт тизими нима ўзи?
Электрон рецепт тизими расман 2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва 15 та ҳудудда пилот тарзда ишга туширилди. Бу тизим Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида жорий этилган бўлиб, 2026 йил охиригача барча тиббиёт муассасалари ва дорихоналарни қамраб олиши, 2027 йилдан эса тўлиқ ишга тушиши режалаштирилган.
Тизимнинг расмий мақсади дорилар айланмасини шаффофлаштириш, асоссиз рецептларни камайтириш ва шифокорлар фаолиятини назорат қилиш. Ҳатто шифокорга ёзган дорисининг бемор томонидан олинган-олинмаганини онлайн кузатиш имконияти ҳам берилган.
Қоғозда идеал. Амалда-чи?
Муаммо шундаки, тизим ҳали тўлиқ ишламасидан туриб, жавобгарлик механизми ишлаб кетган. Расмий рақамларга қараганда ҳам, ҳатто пилот ҳудудларнинг ўзида барча хусусий клиникалар тизимга уланмаган: масалан, Тошкентда хусусий муассасаларнинг атиги 41 фоизи интеграция қилинган. Бу дегани, тизим ҳали ярим йўлда, тўлиғича ишга тушмаган.
Муаммо нимада?
Тизим мантиғига кўра, шифокор рецепт ёзади ва кейин унинг “тақдири”ни кузатади. Лекин дорини сотиб олиш ёки олмаслик беморнинг қарори. Дорихона эса, уни шу тизимга киритиши ёки киритмаслиги мумкин. Тизим эса, доим ҳам барқарор ишламайди. Оддий айтганда, «қотиб қолади», ишлашида муаммолар юзага келади, дорихоначилар учун қулай қилинмаган.
Бу ерда, агар бемор дорини олмаса, шифокор айбдор.
Агар дорихона маълумот киритмаса, шифокор айбдор.
Агар тизим ишламаса, яна шифокор айбдор бўлиб қолмоқда.
Бу ерда тизим эмас, жазо механизми шаклланиб қолмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, электрон рецепт орқали 13 мингга яқин дори воситалари фақат шу тизим орқали берилиши белгиланган. Бу эса, тизим ишламаса, бутун занжир узилишини англатади – бемор дори ололмайди, шифокор эса босим остида қолади.
Айтиш мумкинки, тизим шифокор ва бемор ўртасидаги ишончни бузмоқда. Айрим ҳолатларда шифокорлар “дорини шу заҳотиёқ олмасанг, ёзмайман” деган шарт қўйишга мажбур бўлаётгани айтилмоқда.
- Беморга дори ёзсак, унинг дорихонадан сотиб олган-олмагани бизга кўриниб туради. Ёзган доримизни ўша куни олмаса, бош врач бизга зуғум қиляпти, нима қилишни ҳам билмайди одам. Ахир беморнинг ҳали имкони бўлмаслиги мумкин, пули йўқдир, ёки олган бўлса ҳам ўша олган дорихонасида ҳали DMED тизими ишламас, ёки дорихоначи киритмаган бўлиши мумкин, биз энди дорини ёзиб кейин беморнинг орқасидан юрмаймиз-ку? Ўзи тизим жуда қулай ишламайди, қотади, ишлаб-ишламай қолади. Кеча кеч бўлганда бош шифокор ишга қайта чақиртириб, ҳаммамизга бақириб, нима бўлса ҳам ёпасан дегандан кейин, дорихонага кириб, ўзим ёзган дориларни ўзим 380 минг сўмга сотиб олдим. Бундай давом этиши мумкинмас-ку? – дейди мурожаатчи.
Бундай тизимлар бошқа давлатларда қандай ишлаган?
Қозоғистон тажрибасида ҳам электрон рецепт ва дори айланмасини назорат қилиш тизимлари жорий қилинган. Лекин амалиётда техник муаммолар, инфратузилманинг тайёр эмаслиги ва иштирокчилар ўртасидаги номувофиқликлар сабаб, тизим бир неча бор қайта кўриб чиқилган, айрим элементлари юмшатилган. Яъни, бизда ҳам ёзиб белгилаб қўйилганидек, бундай тизимлар босқичма-босқич, инфратузилма тўлиқ тайёр бўлгандан кейин жорий этилади. Акс ҳолда, у кутилган мақсадлар учун ишламайди.
Ҳозир эса аксинча, аввал мажбурият, кейин имконият бўлиб қоляптими?
Рақамлаштиришдан мақсад, шифокор ишини енгиллаштириш эди. Агар мурожаатда айтилганларида бирор тушунмовчилик бўлмаса, демак, амалда бу тизим қўшимча хавф ва стресс манбаига айланяпти.
Хулоса шуки, муаммо тизимнинг ўзида эмас, уни қандай жорий қилишда. Соғлиқни сақлашда рақамлаштириш замон . У қулайликлар, аҳоли учун енгилликлар яратиши керак. Лекин ҳар қандай ислоҳотни унинг ғоясига қараб эмас, амалда қандай ишлаётганига қараб баҳолаш лозим. Ўзбекистонда жорий этилган DMED электрон рецепт тизими айнан шу нуқтада жиддий саволлар туғдирмоқда.
Агар барча дорихоналар тизимга тўлиқ уланмаса, тизим барқарор ишламаса, жавобгарлик адолатли тақсимланмаса, унда ҳар қандай “ақлли платформа” ҳам оддий бюрократик босим қуролига айланади.
Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлардан жавоб ва ечим кутиб қоламиз.