Ўзбекистонликлар даромадларининг энг кўп қисмини уй таъмирлашга сарфланган

09.04.2026 19:00

 Ўзбекистонда топган пулининг асосий қисмини уй таъмири учун сарфлаётганлар улуши кўп. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган аҳолининг истеъмол кайфияти шарҳида маълумот берилди.

2025 йил IV чоракдаги сўровда қатнашган аҳолининг 67 фоизи келгусида даромадлари ошишини билдирган. Яна 25 фоизи тушумлари барқарор қолишига ишонишини қайд этган. Иштирокчилардан 8 фоизи даромадлари камайишини кутаётганини таъкидлаган.

Даромади ошишини кутаётганлар улуши III чоракка нисбатан 7-10 миллион сўм даромадлилар гуруҳида бир оз ошган. Ўз навбатида 20 миллион сўмдан юқори топадиганлар даромади ошиши бўйича кутилмалар бир оз пасайган. Даромадлар даражаси ўзгармай қолишини кутаётганлар улушининг ортиши асосан 3 миллион сўмгача, 10-15 миллион сўм ҳамда 20 миллион сўмдан юқори топадиган гуруҳларда кузатилган.

IV чоракда респондентларнинг 67 фоизи (III чоракда 62 фоиз) даромад манбалари расмий ойлик эканини билдирган. Томорқа, касб-ҳунар (кунлик даромадли ишлар) ва пул ўтказмалари орқали пул топишини таъкидлаганлар ўтган чоракка нисбатан камайган.

Маиший хизмат, IT, ОАВ, қишлоқ хўжалиги, давлат бошқаруви, умумий овқатланиш ва савдо соҳаси вакилларида даромад ошиши бўйича оптимистик кутилмалар қайд этилган. Даромадлар ошиши бўйича фан-таълим, коммунал хизматлар ва қурилиш соҳаларида респондентлар улуши камроқ бўлган.

Нималарга кўпроқ харажат қилиняпти?
Сўровда қатнашганларнинг 76 фоизни келгусида харажатлари ошишини билдирган. Бу кўрсаткич бир чорак илгари 78 фоиз эди. Харажатларининг камайишини билдирганлар улуши ўтган чоракка нисбатан бир оз ошган. Энг юқори ва қуйи даромад олувчи қатламлар келгуси ойларда харажатлари камайишини таъкидлаган. Ўрта (5-7 миллион сўмгача ва 7-10 миллион сўмгача) ва нисбатан юқори (10-15 миллион сўмгача ва 15-20 миллион сўмгача) даромад олувчилар келгусида харажатлари ошишини кутмоқда.

Сўров иштирокчиларидан асосий қисми уй-жой таъмири ва таълим учун энг кўп харажат қилаётганини билдирган. Бунда нисбатан камроқ даромадлилар (5 млн сўмгача) асосий эътиборни уй таъмири ва таълимга қаратган. Юқори даромадлилар эса (20 миллион сўмдан ортиқ) кўпроқ автомобил, уй сотиб олиш ва  саёҳат қилишни режалаштирган.

Ўз навбатида 15 миллион сўмдан юқори даромадлиларнинг 13 фоизи мебел харидларини қайд этган.

Сўровларга кўра, таълим барча гуруҳ вакилларининг энг асосий харажат йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Бунда даромади пастроқ бўлган қатлам ҳам таълимга кўпроқ харажат қилишини таъкидлаган. Респондентлар орасида ёшлар (30 ёшгача) асосан таълим ва уй-жой таъмири билан боғлиқ харажатларга устуворлик беришини билдирган. Ўрта ёшлилар (31-50 ёш) уй-жой таъмири, фарзандлар таълими, даволаниш ҳамда оилавий байрамларни, ёши катталар эса (51 ёшдан юқори) соғлиғини тиклаш ва тўй маросимлари учун кўпроқ маблағ сарфлашни режалаштирмоқда.

Келгуси ойларда респондентлар томонидан асосан уй-жой таъмири, таълим, даволаниш, автомобил хариди ва оилавий тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларга юқори талаб шаклланиши кутилмоқда.

Аввалроқ аҳолининг банклардаги жами кредитлари 223,9 трлн сўмга етгани, фоизли қарзларнинг энг кўп қисми (81,2 трлн сўм)уй сотиб олишга ишлатилгани хабар қилинган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар