Бизнесни ривожлантириш банки ва “Uzagrostar xolding”дан янги рақамли экотизим

08.04.2026 21:55

2026 йил 8 апрель куни “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ҳамда “Uzagrostar xolding” компанияси ҳамкорлигида “Менинг томорқам” платформасининг тақдимот маросими ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банк ва тижорат банклари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ Бошқаруви раҳбарияти ва таркибий тузилмалар масъул ходимлари, “Uzagrostar xolding” компанияси, “BRB TECH” МЧЖ, Тошкент давлат аграр университети ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг шахсан ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши натижасида, миллий банк тизимида самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида банк секторини ислоҳ қилиш борасида рақамли банк хизматларини янада кенгайтириш, бунда молиявий технологияларни (FinTech) ривожлантириш, “рақамли банк” хизматларини кўпайтириш ва банк тизимини тўлиқ рақамлаштириш каби муҳим вазифалар кўзда тутилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Бизнесни ривожлантириш банки ҳам мижозларга таклиф этилаётган рақамли банк хизматлари сони ва сифатини оширишга мунтазам равишда эътибор қаратиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги “Uzagrostar xolding” компанияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-57-сон Қарорида Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилган ҳолда томорқа ва узоқ муддатли ижарага берилган ер эгаларига онлайн маслаҳат ва маълумот олиш, молиявий хизматлардан фойдаланиш ҳамда маҳсулотларни сотиш бўйича ягона хизмат кўрсатиш ва мониторинг қилиш платформасини ишга тушириш вазифаси белгиланган.

Мазкур вазифалар ижроси доирасида Платформага интеграция қилиниши кўзда тутилган вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базалари бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланган.

“Рақамли ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали тегишли маълумотлар юзасидан ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.

Тақдимотда платформа ҳақида батафсил маълумот берилди. Унга кўра, "Менинг томорқам" платформаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

Маркетплейс – маҳсулотларни сотиш ва харид қилиш имконияти;

Эскроу ва биллинг тизими – фойдаланувчиларга шахсий ҳамён очиш ва тўловларни платформа орқали амалга ошириш. Шу билан бирга Логистика, аризалар бўлими, таълим бўлими каби бир нечта функциялар жой олган.

Бундан ташқари, “Uzagrostar xolding” компанияси муассислигида ташкил этилган ихтисослашган компаниялар томонидан томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари кесимида маълумотларни киритиш ва юритиш модули ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, ихтисослашган компаниялар учун шахсий кабинетлар яратилди. Ушбу электрон платформалар орқали қуйидаги маълумотлар тизимлаштирилган ҳолда юритилади:

томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари тўғрисидаги маълумотлар;

ер майдонлари ва мавжуд иссиқхоналар ҳажми;

экин турлари ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари;

сотув ва экспорт ҳажмлари ҳамда уларнинг динамикаси;

ихтисослашган экин турлари бўйича етакчи хонадонлар ва деҳқон хўжаликлари сони;

аҳоли томорқалари ва узоқ муддатли ижарага берилган ер майдонларида маҳсулотлар етиштириш бўйича ихтисослашуви чуқурлаштириладиган маҳаллалар тўғрисида маълумотлар;

ихтисослашган корхоналар ва лойиҳа офислари томонидан амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар тўғрисидаги маълумотлар;

ташаббускорлар — кооперация асосида бирлашадиган лидер тадбиркорлар.

Платформа мобил иловасида уруғ, ўғит, сув ва майдон ҳажмини ҳисоблаш имконини берадиган махсус ҳисоблаш калькулятори функцияси ҳам жорий этилган.

Қўшимча тарзда, жисмоний шахслар биллинг тизими орқали тўловларни амалга ошириш, мобил илова орқали бириктирилган банк карталарини қўшиш, виртуал карта очиш ва банк картасига буюртма бериш имкониятига эга. Шунингдек, ҳисоб рақамини E-POS тизими орқали тўлдириш ва ундан маблағларни ечиб олиш функциялари ҳам йўлга қўйилган.

Алоҳида таъкидландики, платформа “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан 3 та босқичли экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса олинган.

Тақдимот давомида модераторлар томонидан мазкур лойиҳалардан фойдаланиш йўллари, истиқболда кўзда тутилаётган янгиликлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди. Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида “Uzagrostar xolding” фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тупроқ таҳлилидан тортиб, маҳсулотларни қайта ишлаш ва юқори қийматли бозор топишгача бўлган барча жараёнларда яқиндан кўмак кўрсатилмоқда. Хусусан, қарорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг миллий брендини яратиш вазифаси юкланган. Мазкур топшириқ ижросини ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида “Uzagrostar xolding” компанияси қошида “Agrostar konsalting” ташкил этилган.

Тадбир доирасида “Uzagrostar xolding” муассислигидаги “Agrostar konsalting” ва 21 та ихтисослашган компаниялар томонидан тадбиркорлар билан ҳамкорликда тайёрланган миллий бренд остидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар