Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистонда бирламчи уй-жойлар нархи 5,7 фоизга, иккиламчи бозордаги хонадонлар эса 7,9 фоизга қимматлашган. Сотилаётган уйларнинг қарийб 30 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.
Марказий банк пойтахтдаги маълумотлар асосида кўп қаватли уйлар нархига таъсир қилувчи омилларни таҳлил қилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, 2025 йилда Тошкентда иккиламчи бозорда 1 квадрат метр уйнинг ўртача нархи 1104 долларга етган. Бу республика бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Айрим ҳудудларда эса бу кўрсаткич ҳатто 600 долларга ҳам етмаган.
Шунингдек, пойтахтда бирламчи уйлар нархи ўтган йили 9 фоизга ошган.
Таҳлилларга кўра, уйнинг қавати ҳам нарх шаклланишида муҳим ўрин тутади. Масалан, 10 қаватли уйнинг 4-қаватидаги хонадон билан 4 қаватли уйнинг 4-қаватидаги хонадон нархи ўртасида сезиларли фарқ бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, харидорлар танловига таъсир қилувчи асосий омиллар қуйидагилар:
— жойлашган ҳудуд;
— умумий майдон;
— хоналар сони;
— қават;
— бирламчи ёки иккиламчи бозорга тегишлилиги.
Ҳудудий фарқлар сезиларли даражада. Марказий банк таҳлилларига кўра, уй жойлашган туман нархга кучли таъсир кўрсатади. Масалан, Миробод туманида жойлашган уйлар нархи 23,7 фоизга қимматроқ, Бектемир туманида эса 24,4 фоизга арзонроқ.
Шунингдек, Юнусобод тумани ва Олмазор тумани ўртасидаги нарх тафовути сўнгги йилларда ортиб, талаб ўзгарганини кўрсатган.
Ҳисоб-китобларга кўра, уй майдони 1 кв.мга кенгайса, нарх ўртача 0,1 фоизга пасаяди. Юқори қаватга кўтарилган сари нарх 0,2–0,9 фоизга арзонлашади. Бироқ, сўнгги йилларда юқори қаватларнинг салбий таъсири камайиб бораётгани қайд этилган.
2022 йилда янги қурилган уйлар иккиламчи бозорга нисбатан 3–6 фоизга арзон бўлган. Аммо 2025 йилга келиб, аксинча, улар ўртача 3 фоизга қимматроқ бўлиб қолган.
Шунингдек, ғишт уйлар панел уйларга нисбатан 3–6 фоизга қиммат. Монолит уйлар нархи ҳам ўсиш тенденциясига эга. Янги таъмирланган хонадонлар ўртача таъмирдагиларга қараганда 7–8 фоизга қиммат. Энг паст ва энг юқори қаватлардаги уйлар оралиқ қаватларга нисбатан арзонроқ баҳоланади.
2025 йил декабрь ҳолатига кўра, Тошкентда 1 сотих ер ўртача 319 млн сўмни ташкил этган. Бу ўтган йилга нисбатан 9,4 фоизга камайганини билдиради.
Бу ҳолат, асосан шаҳар чекка ҳудудларида таклиф 22 фоизга ошгани, марказий ҳудудларда эса 13 фоизга камайгани билан изоҳланади.
Шунингдек, аввалроқ эълон қилинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар бешта уйдан биттаси ипотека кредити орқали сотиб олинмоқда.