Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади: Адлия вазирлигида “яширилган қарор” ва “йўқолмаган” автомобиль можароси

16.04.2026 13:16

Ҳужжатлар шаффофлиги ва давлат мулки ҳисоботи билан боғлиқ баъзи ҳолатлар шубҳаларга сабаб бўлмоқда. Гап премиум тоифадаги Kia K9 автомобили атрофида кечаётган зиддиятли маълумотлар ҳақида бормоқда.

Февраль ойи ўртасида хусусий компания томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига вақтинча фойдаланиш учун бепул асосда премиум тоифадаги Kia K9 автомобили тақдим этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ва албатта, бу ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлди – давлат органи нега хусусий сектордан бепул фойдаланишга автомобил олади?

Энг қизиқ жиҳати — мазкур қарор E-qaror платформасига жойланган бўлса-да, орадан кўп ўтмай номаълум сабабларга кўра оммадан яшириб қўйилди.
Одатда давлат қарорларининг очиқ эълон қилиниши шаффофликнинг асосий белгиларидан бири ҳисобланади. Лекин бу ҳолатда ҳужжат нега ёпилгани бўйича изоҳ берилмагани саволларни янада кўпайтирди.

Кейинчалик, бир қанча муҳокамалардан кейин эса,  вазирлик матбуот хизмати автомобил ҳақиқатан ҳам вақтинча ва бепул фойдаланиш учун олинганини тасдиқлаб, ҳозирда унга эҳтиёж қолмагани сабабли эгасига қайтарилганини маълум қилган эди.
Шу билан масала ёпилгандек бўлди. Аммо, яқинда ўрганишлар давомида яна бир қизиқ ҳолат аниқланган: вазирлик балансида 01 757 DAV давлат рақамига эга KIA K9 PREMIUM автомобили мавжудлиги қайд этилган.

Агар автомобиль қайтарилган бўлса, у қандай қилиб балансда сақланмоқда? Ёки бу бошқа автомобилми? Аммо, нега айнан бир хил русум ва тоифа?

Бу саволларга ҳозирча очиқ ва аниқ жавоб берилгани йўқ. Айтиш лозимки, ҳолат алоҳида бир автомобил билан чекланиб қолмайди. У давлат идораларида қимматбаҳо хизмат автомобилларидан фойдаланиш, хусусий сектор билан муносабатлар, қарорлар шаффофлиги каби масалаларни ҳам яна бир бор кун тартибига олиб чиқади.
Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорлик жамоатчилик ишончини таъминлайдиган асосий омиллардан бири ҳисобланади. Айниқса, молиявий ва моддий ресурслар билан боғлиқ қарорлар очиқ ва тушунарли бўлиши керак. “Kia K9” атрофидаги бу саволларга масъул идоралардан жавоб кутиб қоламиз.

М. Ворис

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар