Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига қўшимча ваколатлар берилди

13.04.2026 15:43

Олий таълим тизимида бошқарув ва қабул жараёнларини янада такомиллаштиришга қаратилган янги ўзгаришлар жорий этилмоқда. Президентнинг 10 апрелдаги “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига қўшимча ваколатлар берилади.

Ҳужжатга кўра, таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қатор муҳим функциялари вазирликка ўтказилади. Жумладан, бакалавриат ва магистратурага қабул натижаларини тасдиқлаш, ўқишга тавсия этилган абитуриентлар учун контракт тўловларини амалга ошириш муддатларини белгилаш ва уларни талабаликка қабул қилиш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш ваколати вазирлик ихтиёрига ўтади.
Шунингдек, бир давлат олий таълим муассасасидан бошқасига ўқишни кўчириш бўйича аризаларни кўриб чиқиш ва бу борада тавсия бериш, имтиёзга эга абитуриентларни талабаликка тавсия қилиш ҳамда хорижий фуқаролар, жумладан хориждаги ватандошлар учун ажратилган грант ўринларига номзодларни саралаш вазифалари ҳам вазирлик зиммасига юкланади. Бу тартиб президент ҳужжатлари билан айрим олийгоҳларга мустақил қарор қабул қилиш ваколати берилган ҳоллардан ташқари барча ҳолатларда амал қилади.

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб вазирлик олий таълим муассасалари раҳбарларини тайинлаш ва лавозимдан озод этиш жараёнларида ҳам иштирок этади. Хусусан, давлат олийгоҳлари ректорлари тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари тавсиясига кўра Президент администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда тайинланади. Шу билан бирга, филиал директорлари олийгоҳ ректори тавсияси асосида лавозимга қўйилади.
Вазирликка, шунингдек олийгоҳлар раҳбариятига нисбатан интизомий чоралар кўриш юзасидан мажбурий тақдимномалар киритиш, хорижий ва нодавлат олий таълим муассасалари томонидан бериладиган дипломлар учун минимал талабларни белгилаш ҳамда магистратура ва олий таълимдан кейинги таълим босқичларига қабулда талаб этиладиган хорижий тил сертификатлари даражаларини белгилаш ваколати ҳам берилади.

Фармонда давлат олий таълим муассасаларига ҳам қўшимча мустақиллик берилиши назарда тутилган. Жумладан, эндиликда проректорлар ва филиал директорлари ўринбосарлари тўғридан-тўғри ректор томонидан тайинланади. Шунингдек, олийгоҳлар ўз тизимидаги илмий-тадқиқот муассасалари, малака ошириш марказлари ва академик лицейлар раҳбарларини тайинлаш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундан ташқари, кафедралар штат бирликлари ва профессор-ўқитувчилар ўқув юкламаси меъёрларини белгилаш, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб магистратурага қабулда мутахассислик фанларидан имтиҳон шаклини мустақил аниқлаш, талабаларнинг академик кредитларини тан олиш тартибини белгилаш каби ваколатлар ҳам олийгоҳларга берилади.
Шу билан бирга, олий таълим муассасалари хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш шартлари ва муддатларини мустақил белгилайди, улар учун грантлар ажратиш ва стипендиялар тайинлаш, контракт тўловлари бўйича чегирмалар бериш имкониятига эга бўлади. Халқаро рейтинг ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва олийгоҳларни нуфузли рейтингларга киритиш бўйича шартномаларни тўғридан-тўғри тузиш амалиёти ҳам йўлга қўйилади.
Ушбу фармонда магистратура ва докторантурага киришда таълимни хорижий тилда олган талабалар учун тил сертификати талаби бекор қилиниши ҳам белгиланган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар